Суриштирув ва тергов органларининг кадрлар салоҳиятини ошириш чоралари кўриб чиқилди

    Ҳукумат 3 август 2022 5580

    Президент Шавкат Мирзиёев 3 август куни суриштирув ва тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди.

    Тегишли идоралар мутасаддилари тергов ва дастлабки суриштирувларни олиб боришдаги муаммоли омиллар, янги пайдо бўлаётган таҳдид ва жиноят турларини ҳисобга олган ҳолда терговчи кадрларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

    Хусусан, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар, иқтисодий жиноятчилик ҳамда кибермаконда ёки ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолиятнинг методик таъминотини такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

    Давлатимиз раҳбари замон талаблари ва халқаро стандартлар асосида суриштирув ҳамда тергов идоралари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб боришнинг янги самарали тизимини яратиш бўйича топшириқлар берди.