Сурхондарёда ўқитувчи ва шифокорлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар учун 100 та уй-жой фойдаланишга топширилди

    Шеробод туманидаги Тароқли маҳалласида юз оилага мўлжалланган беш қаватли замонавий тураржой бинолари фойдаланишга топширилди. Саховатпеша тадбиркор исм-шарифи ва корхонаси номи очиқланмаслигини сўради.

    Янги хонадонлар танлов асосида саралаб олинган энг фаол ўқитувчи ва шифокорларга, шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган оилаларга муборак Рамазон туҳфаси сифатида бепул берилди.

    Туманда уй-жойга эҳтиёжманд оилаларни уч йилдан буён имкон даражасида қўллаб-қувватлаб келаётган саховатпеша тадбиркор исм-шарифи ва корхонаси номи очиқланмаслигини сўрайди. Содда қилиб айтганда, эҳтиёжмандларга ўнг қўли бераётган кўмакни чап қўли сезмаслигини хуш кўради.

    Бундай эзгу ишни бошлаган меҳр-мурувватли инсон дастлабки йили 27 кам таъминланган оилага ўз ҳисобидан ихчам коттеж уйлар қуриб берган эди. Ўтган йили моҳи Рамазон ҳайити нишонланган кунларда уй-жойга эга бўлмаган ногиронлиги бор ва боқувчисини йўқотган оилаларга беш қаватли 40 хонадонга мўлжалланган тураржой биносини ҳадя қилди.

    Бугун фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларга ўтган йилнинг октябрь ойида илк тамал тоши қўйилганида тадбиркор бу хонадонларни аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётган тиббиёт ходимлари, ёш авлод таълим–тарбияси йўлида барчага ўрнак бўлаётган фидойи ўқитувчилар орасидан уй-жойга эҳтиёжмандларини танлов асосида саралаб олиб, совға қилиш, бир қисмини ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга бепул бериш нияти борлигини маълум қилган эди.

    Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар, янги уйларнинг соҳибу соҳибалари иштирок этган тантанали тадбирда инсон қадрини улуғлаш олий қадриятга айланган Янги Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор юртдошларимизни уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳудудларда ижтимоий тураржой бинолари барпо этилаётгани таъкидланди. Бу жараёнда саховатпеша тадбиркорнинг тураржойга эҳтиёж сезаётган фидойи ўқитувчи ва шифокорларни қўллаб-қувватлаш ташаббусини илгари сургани ҳам миллатимизга хос юксак фазилат экани қайд этилди. Жамиятимизда шарафли ва айни пайтда машаққатли касб эгаларига, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар ва ногиронлиги бор оилаларга барча мўмин-мусулмонлар қалби эзгулик, меҳр-оқибат нурига тўлиб турган саодатли кунда саховат кўрсатган тадбиркорнинг келгуси ишларига файзу барака тилади.

    Янги уйга кўчиб ўтганлар сафида ўттиз йилдан буён шифокорлик касбини шарафлаб келаётган Муқаддас Намозова, фидойи устоз Дилрабо Файзуллаевалар ҳам бор. М. Намозова беморларга соғлик улашиш баробарида ёлғиз ўзи бир фарзандни тарбиялаб, камолга етказмоқда. Моҳир ўқитувчи Дилрабо Файзуллаеванинг ёш авлодга таълим-тарбия бераётганига 17 йил бўлди. Бахтигул Қурбонова эса ногиронлиги бор оиланинг уй бекаси.

    --Турмуш ўртоғимнинг қандли диабет касаллигига чалинганига беш йилдан ошди,--дейди Б. Қурбонова.-- Шу касаллик оқибатида бир оёғидан ажралди. Икки фарзандни улғайтираяпмиз. Уй-жойимиз йўқ эди. Кексаларимиз бежиз уйи борнинг ўйи йўқ, дейишмас экан. Мана, Яратганнинг инояти билан бепул уйли бўлгач, елкамиздан тоғ ағдарилгандек ҳис этаяпмиз, ўзимизни. Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз. Илоҳим, улуғ айём кунлари саховат кўрсатган қўли очиқ тадбиркорнинг ҳам мартабаси улуғ, бойликлари янада зиёда бўлаверсин. Умри фақат қувончли кунлар билан ўтсин!

    Кўп қаватли уйлардаги хонадонлар икки ва уч хонали бўлиб, уларнинг ҳар бири юксак дид билан замонавий усулда жиҳозланган. Янги хонадонларда ҳаётдан рози бўлиб яшаш учун барча шароит муҳайё қилинган.

    Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов Президентимиз номидан янги уйларнинг соҳибу соҳибаларига хонадонлар калитини тантанали равишда топширди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates