Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 6 апрел 2021 7043

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш, сув ресурсларини бошқариш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Шу билан бирга, сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш, давлат экспертизасидан ўтказиш, қуриш ва реконструкция қилиш, айниқса, сув омборлари ва бошқа йирик сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлашда жиддий камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда.

    Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисми 30-40 йилдан ортиқ хизмат қилаётганлиги ҳамда уларни лойиҳалашга малакали хорижий экспертларни жалб қилиш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш каби масалаларга етарли эътибор қаратилмаётганлиги сабабли кейинги йилларда айрим сув хўжалиги объектларида техноген вазиятлар ва авариявий ҳолатлар кузатилмоқда.

    Сув хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритишни такомиллаштириш, сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ошириш ҳамда самарали назорат тизимини ўрнатиш мақсадида:

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ–6024-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланганлиги ҳамда Концепциянинг устувор йўналишлари белгилаб берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    Қуйидагилар Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

    сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби, ҳисоботи ва балансини шакллантириш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсири олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

    республика аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитларни яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;

    сув хўжалиги объектларини модернизациялаш, ривожлантириш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, хавфсизлик даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва экспертиза қилиш ишларига малакали хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш;

    ҳар бир лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ҳамда сув хўжалиги объектининг хавфсизлигини аниқ кўрсаткич ва мезонлар асосида чуқур таҳлил қилиш орқали унинг устуворлигини белгилаш ва амалга ошириш;

    сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини экспертиза қилиш ҳамда амалга ошириш ишларини илмий-техник таъминлаш;

    сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш;

    суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриш;

    сув хўжалиги соҳасида ресурс тежайдиган технологиялар, замонавий қурилиш материаллари, илғор хорижий тажрибани кенг қўллаш;

    сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда рақамли технологияларни жорий қилиш;

    сув ресурсларининг ҳисоби ва электр энергияси истеъмоли бўйича шаффофликни таъминлаш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш;

    сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойиллари, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва аутсорсингни жорий қилиш;

    сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ва техника ютуқларини амалиётга жорий этишни тизимли ташкил қилиш;

    трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш.

    Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг сув хўжалиги вазирининг:

    сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ўринбосари;

    давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    Сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикасида барча сув ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тадбирларни мувофиқлаштириш, шунингдек, сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

    Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) этиб қайта ташкил этилсин.

    Белгилансинки, Инспекция Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

    Белгилансинки:

    а) Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

    сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектларининг (кейинги ўринларда – хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектлари) хавфсизлигини, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш;

    хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини жойлаштириш ва лойиҳалаш бўйича топшириқларни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича қоидаларни келишиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги қоидалари ва мезонларини ишлаб чиқиш;

    хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, уларни фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли
    хулосалар бериш;

    хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлик даражасини аниқлаш ишларига замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни жорий қилиш;

    фавқулодда вазиятларда хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг аҳолига ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

    б) Инспекцияга:

    хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда хавфсизлик бўйича кўрсаткичлар ва мезонларга амал қилинмаган ҳолларда сув тўплашни чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш;

    хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, лойиҳа ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

    “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини замонавий талаблар ва ёндашувлар асосида ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби ва “Йўл харитаси” 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

    Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг:

    Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи, Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи негизида Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказини;

    Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб:

    бир ҳафта муддатда Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги;

    икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

    Мазкур Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 6 апрель

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates