Сув ресурсларини тежаш зарурати

    Қишлоқ хўжалиги экинлари асосан эгатлаб суғорилмоқда. Коллектор-дренаж тармоқлари эскирган. Буларнинг оқибатида сув жуда кўп исроф бўлаяпти.

    Глобал иқлим ўзгариши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Сўнгги 50 йил давомида Марказий Осиёдаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Буни юртимизда охирги ўн йилда сув ресурслари ҳажми 12 фоизга, аввалги йилга нисбатан 2020 йилда 15 фоизга камайганлиги ҳам тасдиқлайди.

    Қишлоқ хўжалиги экинлари асосан эгатлаб суғорилмоқда. Коллектор-дренаж тармоқлари эскирган. Буларнинг оқибатида сув жуда кўп исроф бўлаяпти. Хусусан, сув йўқотилишининг 10 фоизга қисқариши орқали ҳар йили 4 миллиард кубометр оби ҳаётни тежашга эришиш мумкин.

    Шундай вазиятда сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш, тизим объектларини лойиҳалаш, давлат экспертизасидан ўтказиш, қуриш ва реконструкция қилиш, айниқса, сув омборлари ва бошқа йирик объектларининг хавфсизлигини таъминлашда жиддий камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда.

    Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 6 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада туб бурилишни бошлаб берган муҳим ҳужжат бўлди.

    — Мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, тизимни тубдан янгилаш, модернизация қилиш зиммамиздаги энг муҳим вазифа ҳисобланади, — дейди Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев. — Сув хўжалиги бошарувини такомилаштирмасдан, замонавий ҳиоб-китобларни шакллантирмасдан, ахборот технологиялари ва давлат-хусусий шериклигини кенг жорий этмасдан туриб, бу мақсадга эришиб бўлмайди. Фармонда айнан мазкур вазифаларни ҳал этишнинг аниқ йўллари, вазирлигимизнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

    Сув хўжалиги вазирлиги мамлакатиизда барча сув ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда сувдан фойдаланиш, сув истеъмоли самарадорлигини ошириш буйича тегишли тадбирларни мувофиқлаштириш, шунингдек, сув балансини шакллантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

    Бу йил мамлакатимизда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни 5 бараварга ошириш вазифаси қўйилган. Шундан келиб чиқиб, вазирнинг сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни ривожлантиришга масъул бўлган ўринбосари лавозими ташкил этилди. Вилоят ва туманларда шу йўналишда таркибий тузилмалар тузилиши белгиланди.

    — 2021 йилда 4000 гектар майдонда сувни тежовчи технологияларни ўрнатишни режалаштирганмиз, — дейди Каттақўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи Жамшид Қўлдошев. — Ҳисоб-китобларга қараганда, бу 20-25 миллион куб метр сувни тежаш имконини беради. Туманимизда ҳам сувни тежайдиган технологияларни қўлланилишига масъул лавозимнинг жорий этилиши фермер хўжаликларининг ҳар гектар майдонга қанча сув сарфлаши, қанча иқтисод қилганни мониторинг қилиб бориш, замонавий ускуналарни кенг қўллаётганларни рағбатлантиришда ҳам асқотади.

    2021–2023 йилларда сув истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳиссасини ошириш мақсадида 100 дан ортиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳалари имзоланиши, 18 минг 576 та сув ўлчаш постларига рақамли қурилмалар, 1 минг 688 та насос станциясига “онлайн” режимда мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилиши, 27 минг 270 та мелиоратив қудуқни автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказиш, шунингдек 100 та гидротехник иншоотни автоматлаштириш режалаштирилган.

    Ҳозирга қадар сув хўжалиги соҳасини рақамлаштиришга вазирликнинг Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази, давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга эса юридик хизмати бириктирилган эди. Натижада ушбу йўналишларда аниқ ва самарали тизим асосида иш олиб борилмаган.

    Эндиликда вазирнинг давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. Шунингдек, марказий аппаратда Давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини жорий этиш ҳамда Сув хўжалигида рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармалари тузилади.

    — Мен Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга оширишда кўмаклашиш учун хорижий маслаҳатчи сифатида иш олиб бораман, — дейди Жон Райт. — Менинг асосий фаолиятим республикада сув хўжалигини бошқаришда рақамли технологиялардан фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.

    Сувдан самарали фойдаланиш жуда муҳим аҳамиятга эга ва бунга тизимдаги иншоотларни модернизация қилиш эвазига эришиш мумкин. Ушбу фармонда белгилаб берилган вазифалар ана шу мақсадга хизмат қилади.

    Фармон билан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси этиб қайта ташкил этилади. Инспекцияга хавфлилик даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда хавфсизлик бўйича кўрсаткичлар ва мезонларга амал қилинмаганда сув тўплашни чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш, хавфлилик даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, лойиҳа ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.

    Маълумки, “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун 1999 йилда қабул қилинган. Сув хўжалигида кейинги йиллар мобайнида амалга оширилган ислоҳотлардан келиб чиқиб, мазкур қонунга тегишли ўзгартишлар киритилмаган. Фармонда “Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни лойиҳасини замонавий талаблар ва ёндашувлар асосида ишлаб чиқиш, шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ҳамда Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигини ташкил қилиш бўйича ҳам вазифалар белгилаган.

    Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди. Унга мувофиқ, вазирликининг ташкилий, ўрта ва қуйи бўғиндаги барча ташкилотлар аппаратининг намунавий тузилмалари тасдиқланди. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг ҳамда Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари кўрсатиб ўтилган.

    Сувдан оқилона фойдаланилса, сув ресурслари самарали бошқарилса ҳамда ҳудудлар ва экинларнинг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, адолатли тақсимланса, албатта, қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олинади. Бозорларга ва юрт дастурхонига қут-барака киради.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates