Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, зарур спорт инфратузилмаси мавжуд бўлган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув полоси ва синхрон сузиш гуруҳлари ташкил этилади.
Андижон ҳамда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сувга сакраш спорт турини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети “Сув спорти турлари назарияси ва услубиёти” ҳамда “Эшкак эшиш спорт турлари назарияси ва услубиёти” кафедралари ташкил этилади.
2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги спорт мусобақалари ўтказиб борилади:
— синхрон сузиш спорт тури бўйича Тошкент шаҳрида “Сув париси” халқаро турнири;
— сузиш спорт тури бўйича Самарқанд вилоятида “Silk Water” халқаро турнири;
— республиканинг барча ҳудудларида ёз мавсумида ўтказиладиган “World Aquatics Day” оммавий спорт фестивали;
— сув спорти турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари.
2025 йил 1 июнга қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторга бериладиган сув ҳавзалари рўйхати шакллантирилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиладиган сув ҳавзалари фаолияти мазкур қарор асосида ташкил этилади.
2026 йилдан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги маҳаллаларда 6х15 метр ўлчамли сузиш ҳавзалари барпо этилади.
Қарор билан 2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида сув спорти турлари инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастур тасдиқланди.
Шунингдек, 2025–2027 йилларда миллий терма жамоалар тренерлари, шунингдек, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув спорти турлари бўйича фаолият юритаётган тренерлар хорижий давлатларга қисқа муддатли стажировкага юборилади.