Қарор билан давлат ОТМлари талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Қарорга кўра 2023/2024-ўқув йилида:
- 1-курс талабалари учун давлат ОТМларининг талабалар турар жойига жойлашиш давлат хизмати марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали бепул электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади. Бунда аризалар қабули 20 августдан бошланади.
Бунда талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали онлайн ҳисобга қўйилади.
- юқори курс талабаларини турар жойга жойлаштириш анъанавий тарзда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза ОТМ ётоқхоналарига жойлаштириш комиссиясига топширилади.
2024/2025-ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат ОТМларининг талабалар турар жойига жойлашиш фақат давлат хизмати марказлари ёки my.gov.uz орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади.
Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.