Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, фан арбоби, давлат мукофоти совриндори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Комилжон Зуфаровнинг илмий-педагогик фаолияти Тошкент давлат тиббиёт институти(ҳозирги академия)нинг гистология кафедраси билан узвий боғлиқ. Чунки олимнинг 1962 йилдан бошланган сермаҳсул илмий-педагогик фаолияти ҳаётининг охиригача айнан шу кафедрада ўтган.
Академик Комилжон Зуфаров фаолияти мобайнида тиббиётнинг фундаментал асослари бўлган гистология, биология, радиология, цитология, физиология фанлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Ушбу фанлар асосида Ўзбекистонда морфологлар мактабига асос солган ва ривожлантирган олим сифатида тан олинган.
Морфологлар мактаби фундаментал тиббиётдаги юқори ўринлардан бирида туради. Ушбу анъанага олимнинг шогирдлари сайқал бериб, янада ривожлантирмоқда. Серқирра устознинг илмий раҳбарлигида фундаментал ва амалий тиббиётнинг забардаст намояндалари етишиб, тиббий-биологик фанлар ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Академик Ж.Ҳамидов, профессорлар Н.Шомирзаев, П.Тошхўжаев, Л.Элькинд, В.Гонтмахер, Б.Ҳидоятов, Қ.Тўхтаев, А.Йўлдошев, Қ.Расулов, Э.Турсунов шулар жумласидан.
Комилжон Зуфаров нафақат илм-фанда, балки жамоатчилик фаолиятида ҳам илғорлар сафига кириб улгурган. У Тошкент давлат тиббиёт институти ректорати, янги бино ва клиникаларининг барпо этилишига бош-қош бўлган. Ўзбек энциклопедияси нашрига бош муҳаррирлик қилган. Ўлка патологияси илмий-тадқиқот институтини барпо этиш ва ривожлантиришга ҳисса қўшган. Қатор йиллар давомида Морфологлар жамияти раис ўринбосари ҳамда Марказий Осиё морфологлари координация кенгаши раиси бўлган.
Академикнинг илмий раҳбарлигида 50 дан ортиқ фан доктори — профессорлар, 160 га яқин фан номзоди тайёрлангани, 500 дан ортиқ илмий иш, жумладан, 3 та дарслик, инсон аъзолари ва тўқималарининг электрон микроскопияси бўйича дунёда биринчи атлас яратилгани таҳсинга сазовор. Кенг фикрлаш қобилияти, фундаментал морфологияда кечаётган жараёнларни прогнозлаш салоҳияти олимни илм вакиллари орасида “академиклар сардори”, “фикрлар генератори” деган тахаллус олишига асос бўлган эди.
Академик Комилжон Зуфаров раҳбарлигидаги морфологлар мактаби олган илмий натижалар асосида ҳазм жараёни механизмлари тўғрисидаги тасаввур ўзгариб, ҳужайра ичи ҳазмининг айрим босқичлари, вақт меъёрлари аниқланди. Ўтган асрнинг 90-йилларида эрта ёшдаги сут эмизувчилар ҳазм жараёнида буйракнинг муайян даражада иштирок этиши нафақат тиббиёт, қолаверса, биология фанида катта кашфиёт сифатида тан олинган.
Устозимизнинг фоний дунёни тарк этганига қарийб чорак аср ўтди. Бироқ у ташкил этган морфологлар мактаби, битган дарслик ва илмий асарлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, соҳа мутахассислари кенг фойдаланиб келмоқда. Шу билан етук малакали шифокорлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Р.ДАВРОНОВ, Ж.БАҲРОНОВ, Ш.ДАВРОНОВА,
Бухоро давлат тиббиёт институти ўқитувчилари