Таълим сифати — ҳамкорлик мавзуси

    Ўтган икки йил давомида масъул вазирлик ва олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда олий таълимни бошқарув ахборот тизими ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич жорий этилмоқда.

    Олий таълимни модернизация қилиш лойиҳаси бўйича Жаҳон банкининг навбатдаги миссияси якунларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати.

    Йиғилишда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ҳамда Жаҳон банкининг глобал таълим амалиёти бўйича катта мутахассиси, лойиҳа раҳбари Диего Амбаж, таълим сифати бўйича консультант Хавиер Ботеро ва олий таълимни бошқарув тизими бўйича мутахассис Ҳусайн Абдулҳамид иштирок этишди.

    Учрашув давомида Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ОТМларга бошқарув ахборот тизимини жорий этиш ҳамда уларга академик мустақиллик бериш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

    Муҳокамалар давомида инспекция бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев мазкур жараёнда халқаро экспертларнинг амалий кўмагини алоҳида эътироф этар экан, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида шундай деди:

    — Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистонда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Мазкур жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, дастлабки босқич қамровни ошириш, ОТМнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

    Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада фақат рақамлар билан чекланмасдан, олийгоҳларда сифат кўрсаткичларини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.

    Жаҳон банки молиявий ва техник кўмаги асосида амалга оширилаётган олий таълимни модернизация қилиш лойиҳаси эса белгиланган ушбу вазифаларни амалга оширишда алоҳида ўрин тутади.

    Ўтган икки йил давомида масъул вазирлик ва олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда олий таълимни бошқарув ахборот тизими ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич жорий этилмоқда. Шунингдек, таълим сифатини ички ва ташқи таъминлаш тизимлари илғор хорижий тажриба ва миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилмоқда.

    Шу билан бирга таълим муассасаларига академик мустақиллик бериш, уларнинг таълим сифатига бўлган жавобгарлик ҳиссини рағбатлантириш бўйича катта қадамлар ташланмоқда. Академик мустақиллик бериш таълим сифатини таъминлаш тизимини ҳам тақозо қилади. Ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун таълим сифатини ташқи таъминлаш стандартлари ишлаб чиқилди.

    Бу эса ўз навбатида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ички таъминлаш тизими мукаммал ишлашини талаб этади. Бу бир томондан уларга катта эркинлик берса, иккинчи томондан таълим сифатини таъминлаш бўйича катта масъулият белгиламоқда, – деди, Таълим инспекцияси бошлиғи.

    Ўз навбатида Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳа раҳбари Диего Амбаж Ўзбекистоннинг олий таълим тизимини модернизация қилиш борасида эришган натижаларини алоҳида эътироф этар экан, ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишларига ҳам тўхталиб ўтди.

    – Ўзбекистон олий таълим тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида жуда кўп яхши натижаларни қайд этди. Энди янги лойиҳаларга инвестиция киритишдан олдин ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олишимиз керак. Агар барча томонлар учун маъқул бўлса, октябрь ойларига Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ҳамкор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олий таълим масалаларига бағишланган форум ташкил этишимиз, истиқболдаги режаларни белгилаб олишимизда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши мумкин.

    Шу билан биргаликда, мазкур жараёнларни янада жадаллаштириш учун олий таълим соҳасида минтақавий ҳамкорлик алоқаларини ҳам ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳамкорлик алоқалари фақат бир мамлакатнинг ўзида эмас, минтақадаги таълим сифати кўрсаткичларининг ўсишига ҳамда олий таълим бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги мобилликни ошириш, таълим сифатини таъминлаш бўйича жараёнларни ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Чунки қўшни давлатлар таълим тизимида ҳам Ўзбекистондаги каби муаммолар мавжуд. Ушбу муаммоларни эса фақат кучларни бирлаштирган ҳолда, ҳал қилишимиз мумкин.

    Умид қиламизки, мазкур лойиҳа якунланганида яъни 2022 йил сўнгига келиб, Ўзбекистонда таълим сифатни таъминлашга қаратилган янги аккредитация тизимига йўлга қўйилишига эришамиз, – деди Жаҳон банки вакили.

    Учрашув якунида, кўтарилган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates