Технопарк — фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг генератори

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 6 январь сонида Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжоновнинг "Технопарк — фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг генератори" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бундан бир неча йил аввал олий таълим тизимида технопаркларнинг яратилиши ҳақида тасаввур ҳам қилмаган эдик. Ривожланган мамлакатларнинг олий ўқув юртларида кўриб, ҳавас қилиб, қани энди бизда ҳам шундай имкониятлар бўлса, деб ўйлардик. Чунки бундай замонавий ускуналар катта валюта ҳисобига харид қилинар эди-да. Олий ўқув юртлари талабалари учун шундай катта маблағ сарфланишига ҳеч ким ишонмас эди. Бугун кўзни қувонтириб турган Талабалар шаҳарчасида “INNO” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркининг қурилгани биз учун, талабаларимиз учун кутилмаган совға бўлди. Технопарк фақат орзу эди, бугун ана шу орзумиз ушалди!

    Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди. Кейинги беш йилда мамлакатимизда барча ислоҳотлар мана шу қатъий тамойил асосида кечди. Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ илм­-фан ва инновациялар ривожини энг устувор масала сифатида кун тартибига қўйди. Жумладан, 2017 йил 23 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Келгуси йилда илмий-­тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-­қувватлаш вазифаси эътиборимиз марказида бўлади”, деган эди. Шунингдек, 2021 йил 6 ноябрда Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқида: “Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак”, деб таъкидлади. Ана шу фикрлар бугун ҳаётда ўзининг амалий исботини топмоқда. Ўтган йиллар давомида бу борада салмоқли натижаларга эришилди. Бугун юртимиздаги бизнес инкубаторлар, акселератор ва коворкинг ўқув курслари, IТ марказлар мана шу мақсадга қаратилгани билан диққатга сазовор. Талабалар шаҳарчасида “INNO” инновацион ўқув­ишлаб чиқариш технопарки ташкил этилгани юқоридаги фикримизнинг ёрқин исботи бўла олади.

    Илм-­фан ва инновациялар Янги Ўзбекистон тараққиётида стратегик аҳамиятга эга устувор соҳага айланди. Соҳага муносабат буткул ўзгарди. Битта илмий лойиҳани молиялаштириш ҳажми 3,5 баробар кўпайди. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари йирик илмий-­тадқиқот марказлари ҳам бўлиши керак. Олий таълим тизимининг вазифаси фақат талабаларни ўқитишдан иборат эмас. Бундай муассасалар изчил илмий фаолият олиб бориши, ёшларни илмий тадқиқотларга жалб қилиши ва йирик лойиҳаларни амалга ошириши лозим.

    Тошкент давлат техника университетида фаолият кўрсатаётган 18 та илмий-­тадқиқот ва инновация марказида профессор­-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, ёш олимлар ва иқтидорли талабалар иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларини илмий-­техник ривожлантиришга хизмат қиладиган устувор йўналишларда инновацион тадқиқотлар олиб бормоқда. Таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмини йўлга қўйиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни иш ўринлари билан таъминлаш жараёнида ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқаларни кучайтириш мақсадида 7 та илмий-­техник кенгаш фаолият юритмоқда. Юртимиз иқтисодиётининг тармоқ ишлаб чиқариш корхоналари билан 135 дан ортиқ инновацион корпоратив ҳамкорлик шартномаси имзоланган.

    Университетимизда корхоналарнинг 746 дан ортиқ илмий­-технологик муаммолари базаси ташкил қилиниб, улар асосида 189 дан ортиқ магистрлик, 70 дан ортиқ докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар олиб борилди. 2021 йили университетда ишлаб чиқариш корхоналари буюртмаси асосида жами қиймати 2956,14 миллион сўмлик илмий­ тадқиқот ишлари бажарилди. Уларни тижорийлаштириш бўйича Навоий кон­металлургия комбинати билан қиймати 1080 миллион сўмлик 3 та лойиҳа, Олмалиқ кон-­металлургия комбинати билан қиймати 280 миллион сўмлик 1 та лойиҳа, “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан қиймати 102 миллион сўмлик 2 та лойиҳа, “Қизилқумгеология” корхонаси билан қиймати 600 миллион сўмлик 1 та лойиҳа амалга оширилди. Илк бор давлат гранти ҳисобидан стартап лойиҳаларни қўллаб­қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилди. Илмий ташкилотларнинг моддий-­техник базасини мустаҳкамлаш учун салмоқли маблағ ажратилмоқда. 2030 йилгача илм­-фанни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

    Бугун дунёда энг қимматбаҳо маҳсулот — тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч ёки иқтисодиётни ривожлантирувчи драйвер ҳам сўзсиз илм­-фандир. Шу боис, мамлакатимиз танлаган улуғвор йўл — Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасидаги саъй-­ҳаракатлар янада жадаллашмоқда. 2020 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасидаги лойиҳалар билан танишиш вақтида Президентимизга Тошкент давлат техника университети ҳудудида замонавий ўқув­-амалий комплекс барпо этиш лойиҳаси тақдим этилган эди. У давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланганидан сўнг амалий ишлар бошланди. Қисқа муддатда — бир йилда мазкур технопарк битказилиб, фойдаланишга топширилди. “Inno” инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркининг тўртта фаолият йўналиши белгиланди. Булар — робототехника ва мехатроника, IТ технологиялар, муқобил энергетика ҳамда биотехнология. Технопаркда мазкур йўналишлар негизида қатор лабораториялар фаолият юритиши кўзда тутилди. Жумладан:

    биринчидан, механик ишлов бериш цехида энг илғор, замонавий дастгоҳ ва қурилмалар ўрнатилган бўлиб, улар металл, ёғоч ва полимер материалларга ишлов бериш ҳамда улардан мураккаб деталлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган;

    иккинчидан, механик ишлов бериш цехида яратилган деталларни метрологик синовдан ўтказиб, стандартларга жавоб бериш даражасини аниқлаш учун стандартлаштириш лабораторияси ташкил этилиб, замонавий қурилмалар билан жиҳозланган;

    учинчидан, робототехника лабораториясида ёшлар учун роботларни йиғиш жараёнида зарур бўлган барча қулайликка эга ускуналар ўрнатилган. “KUKA” робототехника фирмасининг махсус ўқув хонаси ташкил этилган;

    тўртинчидан, биотехнология лабораториясида мураккаб микробиологик жараёнлар таҳлилини ўтказиш, тупроқшунослик муаммоларини ўрганиш ҳамда ўсимликлар устида тадқиқотлар олиб бориш учун жиҳозлар, қурилмалар ўрнатилган ҳамда махсус иссиқхона қурилган

    Университетимизда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида талабаларнинг стартап лойиҳаси доирасида “Рақамли университет” тизимига қўйилган биринчи қадам сифатида “Avtolib” рақамли кутубхона тизими яратилди. Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан ушбу тизим мамлакатимиздаги олий ўқув юртларининг ахборот­-ресурс марказларида жорий этилиш арафасида. Ўзбекистоннинг барча ҳудуди, жумладан, чекка қишлоқ, посёлкалар аҳолисининг хўжалик ва турмуш эҳтиёжи учун бир вақтнинг ўзида электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлайдиган қуёш когенерацион турдаги автоном фотоэлектрик иссиқлик станцияси лойиҳаси ҳам қўшилди.

    Тошкент давлат техника университетида робототехника ва мехатроника, IT технологиялар, муқобил энергетика ва биотехнология йўналишлари бўйича бажарилаётган инновацион лойиҳалар асосида тегишли инновацион технопаркда ташкил этиладиган ўқув, амалиёт, ишлаб чиқариш хоналари ва уларда ўрнатиладиган ускуналар ва жиҳозлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилди.

    Технопаркни қурувчи компания раҳбарлари билан Тошкент давлат техника университети раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувда инновацион технопаркнинг ҳар бир йўналиши бўйича амалиёт ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ хоналарни муассасада олиб борилаётган, тижорийлаштиришга тайёр ҳолатдаги лойиҳалардан келиб чиқиб жиҳозлаш масалалари юзасидан келишиб олинди. Давлатимиз раҳбарининг Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки очилишига бағишланган тадбирга ташрифи чоғида Тошкент давлат техника университети талабалари, магистрант ва докторантларининг энг яхши деб танланган 8 та стартап ва тижорий лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Президентимиз тақдим этилган лойиҳаларни маъқуллади. Бу олдимизда турган илмий мақсадларимизнинг дебочасидир. Жамоамизда катта ихтиролар, кашфиётларга қодир ёшлар кўп. Уларнинг янги ғоя ва лойиҳаларга қўл уриб, амалий натижага эришиши учун барча шарт­-шароит ва имконият мавжуд.

    Президентимиз ҳузурида 2020 йил 3 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида университетимиз олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” АЖ, “Қизилқумцемент” АЖ, “Бекободцемент” АЖ ва “Қувасойцемент” АЖ каби йирик табиий газ ва электр энергияси истеъмолчилари буюртмаси асосида мавжуд технологиялардан фойдаланиб, энергиятежамкорликни ошириш ҳамда Муборак, Шўртан ва Газли нефть­газ конларида йўлдош газларда ишловчи кичик қувватли иссиқлик электр станцияларини ишга тушириш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш учун мазкур ташкилотлар мутахассислари, раҳбарлари ва университетнинг юқори малакали олимлари ўртасида бир неча маротаба учрашув ўтказилди. Қўшма ишчи гуруҳларнинг жойлардаги ҳолатни чуқур таҳлил қилиш учун уюштирилган хизмат сафарлари натижасида олимларимиз томонидан 14 та лойиҳа бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Ишчи гуруҳ таркибига киритилган олимлар тақдим қилган лойиҳалар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кўриб чиқилиб, молиялаштириш учун 3 таси Инновацион ривожланиш вазирлигига тавсия этилди.

    Тошкент давлат техника университети кафедраларида олиб борилаётган, умумий қиймати 20,543 миллиард сўмлик 45 та инновацион илмий тадқиқот ишининг маълумотлар банки яратилган. Шу билан бирга, йирик саноат корхоналаридан мамлакатимиз иқтисодиётининг истиқболли технологик ривожланишига доир техник ва ташкилий муаммоларни қамраб олган 63 та инновацион лойиҳа рўйхати шакллантирилган.

    Ёш олимларнинг ташаббусини қўллаб­қувватлаш учун “ғоя — ташаббус — имконият” инновацион клуби ташкил этилди. Университетимизнинг ёш олимлари ва талабаларининг илмий ғояларига асосланган жами 59 та стартап лойиҳа танланди. Шулардан 23 таси кафедралардаги инновацион гуруҳларда яратилган лойиҳалардир. 12 та стартап лойиҳа ишлаб чиқаришга тайёр ҳолатга келтирилган, 15 таси акселерация босқичидан ўтказилган ва яна 20 дан ортиқ стартап лойиҳа устида изланишлар давом эттирилмоқда.

    Маълумотларга кўра, интеллектуал мулк улуши Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12 фоизини ва Россияда 7 фоизини ташкил этади. 2020 йил 12 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилиш мавзусини давлатимиз раҳбари “Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш Учинчи Уйғониш даври учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади”, дея номлаган ҳамда патент эгалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратганди. Жорий йилда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижалари асосида университетимиз профессор­ўқитувчилари ва олимлари томонидан 20 та ихтиро ва фойдали модель учун патент, 1 та товар белгиси учун гувоҳнома ва 62 та дастур учун гувоҳномалар олинди. Интеллектуал мулк объектларига патент бериш учун қўшимча 4 та ижобий қарор олинди ҳамда 50 дан ортиқ талабнома Интеллектуал мулк агентлигига топширилди.

    Тошкент давлат техника университети профессор-­ўқитувчилари, ёш олимлари ва талабалари технопарк билан ҳамкорликда қурилмаларни ишга тушириш жараёнларида бевосита иштирок этди ва барча йўналишларда янги ишланмаларни амалиётга жорий қилишга бел боғлади. Шундай аниқ мақсадлар сари университетимиз профессор-­ўқитувчилари ва иқтидорли ёшларининг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини уйғун ҳолда олиб бораётган илмий ишлари ва кенг қамровли фаолиятининг самараси Тошкент давлат техника университетининг иккинчи бор халқаро миқёсда эътироф этилишида яққол акс этди.

    Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидаги биринчи 1000 та олий таълим муассасаси рўйхатига камида 10 та олий таълим муассасасини киритиш кўзда тутилган. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда барча олий таълим муассасалари мақсадли режалар асосида иш бошлади ва “Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари олий таълим муассасаларининг 2022 йилги рейтинги” эълон қилинди.

    Қувонарлиси, QS минтақавий рейтингида қайд этилган Ўзбекистон университетлари кетма­кет иккинчи йил ўз ўрнини янада мустаҳкамлади ва юқори поғоналарга кўтарилди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессансга мустаҳкам замин яратиш борасида олий таълим тизимидаги шиддатли ислоҳотлар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилаётганидан далолат беради.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates