Томас Бах Токио Олимпиадасининг қолдирилмаслиги бўйича МОҚ вакиллари билан онлайн учрашув ташкил қилди

    Спорт 23 январ 2021 762

    Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах бошчилигида Миллий олимпия қўмиталари (МОҚ) раҳбарлари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Ойбек Касимов ҳамда Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев иштирок этишди.

    Видеоконференциянинг асосий мавзуси Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўлди. Аввало, ХОҚ президенти Токио ўйинларини кейинга қолдириш ёки бекор қилиш бўйича режа ишлаб чиқилаётгани тўғрисида тарқалган маълумотни рад этди ва бу маълумот ҳақиқатга зид эканини таъкидлади.

    Халқаро олимпия қўмитаси зудлик билан Япония ҳукумати билан боғланиб, мамлакат Бош вазиридан эълон қилинган маълумот сохта эканлиги тўғрисида маълумот олди. ХОҚ раҳбари бунга жавобан Япония томонининг тегишли баёнотини ўқиди:

    “Ўйинларнинг очилиш маросими 2021 йил 23 июлда бўлиб ўтади. Барча манфаатдор томонлар мусобақани муваффақиятли ўтказиш учун биргаликда ишлашни давом эттирмоқдалар. Биз COVID-19 га қарши барча чораларни амалга оширамиз ва ХОҚ, Токио-2020 ташкилий қўмитаси ва Токио шаҳар ҳокимлиги билан барча иштирокчилар учун хавфсиз муҳитни яратишда давом этамиз”.

    Томас Бахнинг таъкидлашича, ХОҚда Олимпия ўйинлари 2021 йил ёзида бўлиб ўтишига шубҳа қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Шунинг учун «Б режаси» кўриб чиқилмайди. Гап ўйинларнинг Токиода бўлиш-бўлмаслигида эмас, балки қандай ўтишига боғлиқ.

    Коронавирус тарқалишига қарши курашга ҳали ҳам асосий эътибор қаратилмоқда. Ташкилотчилар томонидан ижтимоий масофага риоя қилиш, чет эллик меҳмонлар учун карантин талабларини юмшатиш, томошабинларнинг трибуналарга кириши ва шу каби масалалар ишлаб чиқилмоқда. Шу муносабат билан Япония ҳукумати мамлакатда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича астойдил иш олиб бормоқда ва 2021 йил ўрталарига қадар мамлакат барча аҳолисини вакцина билан таъминлашни мақсад қилиб қўйган.

    Видеоконференция давомида спортчиларни эмлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. ХОҚ президенти ушбу процедура ўйинларнинг барча иштирокчилари учун мажбурий бўлишини қатъий тавсия қилди. Шу мақсадда, ушбу йўналишда делегацияларни маҳаллий ҳокимият билан яқин ҳамкорлик қилишга чақиради ва агар керак бўлса, ХОҚ ҳар қандай кўмакни беришга тайёр, шу жумладан, нафақат спортчиларни, балки делегациянинг бошқа аъзоларини ҳам эмлашни молиялаштиради.

    Халқаро Олимпия қўмитаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан фаол ҳамкорликни давом эттиради. У тез орада маълум вакциналар бўйича сиёсатни ишлаб чиқади ва улардан фойдаланиш бўйича тавсиялар беради. Шу билан бирга, маҳаллий ҳукумат эмлаш бўйича якуний қарорни қабул қилади.

    Видеоконференция якунида ХОҚ президенти Томас Бах барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди ва Миллий олимпия қўмиталари вакиллари билан навбатдаги онлайн учрашув баҳор фаслига режалаштирилганлигини маълум қилди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates