Республикада мавжуд хомашё базасидан самарали фойдаланган ҳолда тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг экспортини янада рағбатлантириш механизмларини жорий этиш мақсадида:
1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин ва унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда ундириладиган йиғимларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдори;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
2. 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган корхоналарга, мазкур лойиҳалар доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг 10 фоизи, бироқ 500 минг АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда Жамғарма ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда:
мазкур лойиҳалар доирасида янги ускуналар харид қилинган бўлиши;
ускуна қийматига етказиб бериш ҳамда бошқа қўшимча хизматлар харажатлари киритилмаслиги;
лойиҳани фойдаланишга топшириш далолатномаси мавжуд бўлиши лозим.
б) бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ҳамда таркибида сунъий тола 80 фоиздан юқори бўлган ип-калава ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилувчи корхоналарга бошланғич 15 фоиз тўловни тўлаш учун хорижий валютада 7 йил муддатгача 3 йиллик имтиёзли давр билан мазкур фармоннинг 4-банди 4-хатбоши бўйича белгиланадиган депозит ставкасига банкнинг 1 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан кредит ажратилади;
в) бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга хорижий валютада 1 йил муддатгача 9 ойгача имтиёзли давр билан мазкур фармоннинг 4-банди 4-хатбоши бўйича белгиланадиган депозит ставкасига банкнинг 1 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган миқдорда “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ажратилади;
г) бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ушбу маҳсулотларнинг камида 80 фоизини экспорт қилган корхоналарга:
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлаш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда уч йил муддатгача юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўловини кечиктириш ҳуқуқи берилади. Бунда, солиқни кечиктириш муддати тугаганидан сўнг солиқ қарзи ва ҳисобланган фоизлар кечиктириш муддатига тенг муддат мобайнида бўлиб-бўлиб тўланади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мазкур банднинг “г” кичик банди иккинчи хатбошисидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.
3. Белгилансинки, 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача қуйидаги манбалардан келиб тушадиган маблағлар Жамғармага йўналтирилади:
а) пахта ип-калаваси экспорти учун ундириладиган йиғимнинг 25 фоизи ва трикотаж мато экспорти учун ундириладиган йиғимнинг 100 фоизи. Бунда ушбу маблағлар бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг бир қисмини субсидиялаш учун ажратилади;
б) пахта ип-калаваси экспорти учун ундириладиган йиғимнинг 70 фоизи. Бунда ушбу маблағлар тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини (ТИФ ТН коди 61 – 63) экспорт қилувчи корхоналарга субсидиялаш учун ажратилади. Ушбу субсидиялар ҳар ойда кейинги ойнинг 20 санасига қадар ҳисобот ойида тушган маблағлар ҳисобидан экспортчи корхоналарга уларнинг тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт ҳажмининг қийматига нисбатан тенг улушда ажратилади.
4. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Агентликнинг талабномасига асосан Жамғармага 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг бир қисмини субсидиялашга беғараз ажратсин.
Молия вазирлиги, зарур бўлганда, ушбу мақсадлар учун 2022 йилда республика бюджетидан Жамғармага қўшимча равишда 250 миллиард сўмгача маблағ ажратсин.
Молия вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖнинг талабномасига асосан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоригача маблағларни суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан мазкур фармоннинг 2-банди “б” ва “в” кичик бандларида кўрсатилган мақсадлар учун, мос равишда, 7 йил ва 1 йил муддатларга депозит ҳисоб-варағига жойлаштириб борсин.
Бунда депозит ставкалари “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан талабнома тақдим этилган кундаги Ўзбекистон Республикаси халқаро облигацияларининг иккиламчи бозордаги котировкалари ставкаси миқдоридан кам бўлмайди.
5. Экспорт қилувчиларнинг экспортолди молиялаштириш учун тижорат банкларидан олган кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация ва кафиллик бериш муддатлари 2024 йил 1 январга қадар узайтирилсин ҳамда ушбу тартиб барча экспортчи корхоналарга татбиқ этилсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида харид қилинган ускуналар қийматининг бир қисмини субсидиялаш тартибини;
Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни;
пахта толасини биржа савдоларида сотиш тартибини тасдиқласин.
7. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар пахта толасини мажбурий автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими ишлаб чиқилишини ва ишга туширилишини таъминласин.
8. Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси ҳар ярим йилда Жамғарма ҳисобидан субсидияларнинг мақсадли ажратилишини ҳамда ажратилган субсидия миқдорларининг экспорт ҳажмларига мувофиқлигини ўрганиб, натижалари юзасидан ахборотни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
11. Мазкур фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.У.Умурзаков белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 21 январь