Таъкидланганидек, Тошкент давлат техника университетида бугунги кунда жами 9 та факультет мавжуд, 63 та кафедрада 941 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритиб келмоқда.
Университетда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 1-курсларнинг ўқув жараёни кредит-модуль тизимида ташкил этилди.
Мазкур олий таълим муассасаси 2020 йилда 3 та хорижий давлатнинг нуфузли ОТМлари билан (Россия, Беларус ва Хитой) ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Ҳозирги кунга келиб қўшма таълим бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг 50 нафари хорижий ОТМда ўз ўқишини давом эттирмоқда. Айни пайтда 25 нафар хорижий талаба университетда таҳсил олаётир. Проректор ва ректор маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган япониялик мутахассис ёрдамида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Нагоя университетидан 15 нафар талаба университетга ўқишга жалб этилиши кўзда тутилган.
Олий таълим муассасасида ёшларни илмга ва инновацион ғояларга қизиқтириш учун кенг имкониятлар яратилган. Истеъдодли ёшларни танлаб олиш (селекция) ва университетга жалб қилишнинг амалий ечими сифатида 2021 йил учун 66 нафар PhD ва 3 нафар DSc ҳамда 21 нафар стажер-тадқиқотчи ўқишга қабул қилинди.
Университет ҳузурида 32 та ихтисослик бўйича 5 та илмий даража берувчи Кенгашлар фаолият олиб бормоқда.
Ярим йиллик давр ичида 56 та дарслик, 32 та монография, 111 та ўқув қўлланма ва услубий кўрсатмалар, 358 та мақола хорижий (шундан 167 таси СКОПУС базасидаги) журналларда, 502 та мақола республика матбуотида чоп этилди.
Халқаро QS ташкилотининг “Ривожланаётган Европа ва марказий Осиё” давлатлари университетларининг 2021 йил учун 2020 йил 16 декабрда эълон қилинган рейтингида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети 358 балл билан Республикада 3 ўринда қайд этгани ҳам олий таълим муассасасининг салоҳиятидан дарак беради.
Тошкент давлат техника университетида маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича 2021 йил биринчи ярим йиллиги учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва университет ректори ҳамда Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда тасдиқланди. Янги ўқув йили давомида ушбу “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирлар режасига мувофиқ университет талаба-ёшлари ўртасида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини замон талабалари асосида олиб бориш, уларнинг дунёқарашларини юксалтириш, ўқиш ва дарсдан бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказиш, шунингдек, ҳар бир талаба-ёшлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ёшларни турли хил фан олимпиадалари, тўгараклар, кўрик-танловларда фаол иштирокларини таъминлаш мақсадида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилди.











