Тошкент шаҳар кўчмас мулк бозорида нархлар 3,2 фоиз ошди

    2022 йилнинг сўнгги чораги учун Тошкент шаҳрида хонадонлар учун таклиф этилаётган харид нархлари ўзгариши таҳлил қилинди.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган таҳлил натижаларига кўра, нархлар ноябрь ойида октябрга нисбатан 2 фоизга, декабрь ойида эса 3,2 фоизга ошган.

    "E-notarius" маълумоларига кўра, 4-чорак давомида пойтахтимизда 33 минг 194 та уй-жой олди-сотди шартномаси имзоланган. Нархлар чорак давомида Шайхонтоҳур туманида ўртача 7,1, Чилонзор туманида 4, Юнусобод туманида 3,8, Учтепа, Яккасарой, Яшнобод ва Олмазор туманларида 2, Сергели ва Мирободда 1 ва Мирзо Улуғбек туманида 0,5 фоиз ошган.

    Миробод (1326), Яккасарой (1195), Мирзо Улуғбек (1174) ва Юнусобод (1128 доллар) туманларида уй-жойнинг бир квадрат метри учун нархлар Тошкент шаҳри бўйича ўртача нарх (1088 доллар) дан юқори эканлиги маълум бўлди.

    Тадқиқот давомида нархга тасир қилувчи асосий омиллар ҳам ўрганилди. Бунда "Supervised machine learning" тоифасига кирувчи "decision tree" услуби ва шу оилага кирувчи "bagging" ҳамда "random forest" усулларидан фойдаланилди.

    Натижаларга кўра, арзон сегментда ҳам, қиммат сегментда ҳам хонадон майдони катталиги нархни белгиловчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Буни шаҳар шароитида ер участкаси нархининг юқорилиги билан изоҳласа бўлади, яъни хонадон таннархида ер харид қилишга кетган харажат энг катта ўрин тутади.

    Арзон сегментда хонадон жойлашган қават нархнинг ошишига таъсир қилувчи бошқа асосий омил экани ойдинлашди. Чунки бу сегментдаги уйлар асосан эски ва лифтлар билан жиҳозланмаган. Бошқа тарафдан, юқори қаватларга сув ва иссиқлик таъминоти етиб бориши билан боғлиқ муаммолар ҳам хонадон нархига таъсир этмоқда. Кейинги ўринларда нархга хонадоннинг янги қурилганлиги ва таъмирланганлик ҳолати таъсир этмоқда.

    Қиммат сегментда эса хонадоннинг махсус агентлик ёки хонадон эгасининг ўзи томонидан сотилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлганди. Буни махсус агентликлар кўпроқ қиммат хонадонлар олди-сотдисида иштирок этиши ва устама ҳақининг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Ундан кейинги ўринда мебель билан жиҳозланганлиги, комиссия олиниши, янги қурилганлиги каби омиллар туриши аниқланди. Хонадон жойлашган қават энг охирги ўринларда туришини бу сегментнинг лифтлар билан таъминланганлиги ва коммунал таъминотида муаммолар камлиги билан изоҳлаш мумкин.

    Хулоса сифатида айтганда, янги қурилаётган хонадонлар харидорларга кўпинча "қути" кўринишида ёки таъмирталаб ҳолатда топширилаётганлиги инобатга олинса, хонадон таннархида ер ва рухсат олиш билан боғлиқ харажатлар салмоғи катталиги маълум бўлади. Чунки, уй фасади, кириш йўлаги, лифт қулайликларидан ҳамма бирдек фойдаланади ва тўловдаги фарқ кўп ҳолларда хонадон майдони ҳисобига юзага келмоқда. Тегишли равишда, ер ва рухсат олиш билан боғлиқ бошқа тўловларни камайтириш хонадонлар нархининг пасайишига олиб келиши мумкин. Масалан, бундай харажат ва хонадонлар нархи ўртасидаги боғлиқлик Америка Қўшма Штатларида (Glaeser et al., 2005), Хитойда (Deng, Gyourko, & Wu, 2012) кузатилган. Ундан ташқари, қурилиш материаллари нархини арзонлаштириш билан бир қаторда, харидор ва сотувчиларни бирлаштирадиган порталлар яратиш орқали воситачилик харажатларини камайтириш ҳам хонадонлар нархини туширишга кўмаклашади.

    Таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг 26 январидан Қозоғистонда кучга кирган янги иммиграция қоидаларига кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган мамлакатларнинг фуқаролари учун ҳар 180 кунда фақат 90 кун туришга рухсат берилади. Мобилизация эълон қилингандан кейин ўтган йил охиригача россиялик 36 минг фуқаро Қозоғистонга вақтинчалик жойлашган. Тегишли равишда, қўшни давлатлардаги бундай ўзгаришлар Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорига таъсир этмасдан қолмайди.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates