Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, янги аэропорт амалдаги Тошкент халқаро аэропортидан 17 километр жанубда, Тошкент–Самарқанд йўналишидаги мавжуд автомобиль йўли ва яқин келажакда барпо этиладиган пуллик автомагистралга яқин ҳудудда жойлашади.
«Янги халқаро аэропорт қурилиши учун танланган ер участкаси пойтахтдан жанубда, ҳозирги аэропортдан 17 километр узоқликда жойлашган. Бу ҳудуд мавжуд Тошкент–Самарқанд йўналиши бўйлаб, келгусида қурилиши режалаштирилган пуллик автомагистралга яқин жойлашуви билан ҳам қулай ҳисобланади», — деди Илҳом Маҳкамов.
— Ҳозирги Тошкент халқаро аэропорти йилига 11 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади. Аммо ҳозирги иқтисодий ўсиш, туризм оқими ва ишбилармонлик йўналишининг ривожланиши натижасида мавжуд аэропорт бундай суратдаги ўсишга улгурмаяпти, — дейди "Uzbekistan Airports" компанияси раҳбари Жавлонбек Умархўжаев, — Биринчидан, аэропорт атрофидаги майдон ва йўллар тиғиз вақтларда кўп машиналарни қабул қилишга мос эмас. Йўлларнинг ўтказувчанлик қуввати паст ва автотураргоҳларда автомашиналар учун жой етишмайди.
Иккинчидан, терминал биноси 2030 йилгача кенгайтирилган тақдирда ҳам, хизмат кўрсатиш қуввати кўпи билан 15 миллион йўловчига етади.
Учинчидан, учиш-қўниш йўлаклари иккита бўлса-да, улардан бир вақтнинг ўзида самарали фойдаланиш имкони йўқ.
Тўртинчидан, Тошкент халқаро аэропорти шаҳар марказига яқин жойлашгани боис, ҳаво траекториясидаги манёвр қилиш имконияти 50 фоизга чекланган.
Шу тўрт омил ҳисобга олинганда, 2030 йилга келиб Тошкент халқаро аэропорти ўзининг бутун ресурс салоҳиятини тўлиқ ишлатиб бўлади. Демак, янги аэропортни айни ўша пайтда фаолиятга тушириш катта аҳамият касб этади.
Янги халқаро аэропортнинг техник параметрларига келсак, унинг биринчи босқичи йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни қабул қилиш қувватига эга бўлади. Бир соатда 40 тагача парвозга хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Терминалнинг дастлабки босқичида 14 та самолёт кўприги (jet bridge) ўрнатилади, кейинчалик бу кўрсаткич 45 тага етказилади, — деди "Uzbekistan Airports" компанияси раҳбари.








