Ҳафталикнинг иккинчи кунида Қозоғистон делегацияси таркибидаги етакчи олимлар соҳага оид илмий маърузаларни тақдим этдилар. Улар таълим тизимидаги етакчилик, аёллар илмидаги янгиланишлар, замонавий тиббиётнинг истиқболлари ва шифокорлик касбининг инсонпарварлик моҳияти ҳақида фикр алмашдилар.
Шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт университети ректори, профессор Шуҳрат Боймуродов ўз нутқида университетнинг илмий салоҳияти, талабалар учун яратилган имкониятлар, замонавий лабораториялар ва амалга оширилаётган янги илмий лойиҳалар ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, Қозоғистон делегациясини қутлаб, икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорлик келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Форумнинг энг аҳамиятли қисми — Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров ҳамда Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Акморал Алназарованинг университетга расмий ташрифи бўлди.
Вазирлар ёшларнинг салоҳияти, ижодкорлиги ва илмий ёндашувларини юқори баҳолаб, уларнинг фаолияти тиббиёт соҳасида янги босқични бошлаб беришига ишонч билдирди.
“Тиббиётнинг келажаги ишончли қўлларда. Бугунги ёшлар илмни, янгиликни ва инсонпарварликни уйғунлаштира олмоқда”, — дея таъкидлади Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Акморал Алназарова.
Ташриф доирасида меҳмонлар университетнинг илмий, таълимий ва клиник фаолияти билан яқиндан танишдилар. Улар замонавий лабораториялар, симуляцион марказ ва талабалар иштирокидаги ўқув жараёнларини кўздан кечирдилар. Шу орқали таълимдаги инновацион ёндашувлар билан танишишди.
Шунингдек, ҳар икки вазир университет ёш олимлари томонидан тақдим этилган стартап лойиҳалари билан танишдилар. Лойиҳалар тиббиётнинг турли йўналишлари — рақамли диагностика, биотехнология, жарроҳлик технологиялари ва телемедицина соҳаларини қамраб олди.
Шунингдек, университетнинг таълимий ва клиник йўналишдаги иш фаолияти бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди. Ташриф доирасида икки мамлакат тиббиёт олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорлик, ёш олимлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги инновацион ташаббуслар муҳокама қилинди.
Меҳмонлар Тошкент давлат тиббиёт университетининг бой тарихи акс этган музей фаолияти билан ҳам танишдилар. Музейда 100 йилдан ортиқ тиббиёт тарихи, ўзбек шифокорларининг кашфиётлари ва қадимий илмий мактабларга оид экспонатлар намойиш этилди.
Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Акморал Алназарова меҳмонлар китобига илиқ сўзлар ёзиб, ТДТУ жамоасига ўз миннатдорчилигини билдирди:
“Бу ерда илм ва инсонпарварлик уйғун. ТДТУ — бутун Марказий Осиёда тиббиёт тараққиётининг юраги”, — дея таъкидлади у.
Хафталик доирасида икки мамлакат ёшлари ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Форумнинг якунловчи қисми илмий музокаралар, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ёшларни тақдирлаш маросими билан давом этди.
Ғолибларга мукофотларни шахсан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров ҳамда Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Акморал Алназарова топширдилар.
“Бугунги ёшлар бизга илҳом бағишламоқда. Улар билим, меҳр ва фидойиликни бирлаштириб, тиббиётнинг келажагини яратаётир”, — деди Асилбек Худояров.
Маросим якунлангач, университет жамоаси ва меҳмонлар иштирокида мусиқий-бадиий дастур намойиш этилди. Тадбир юксак руҳда, илм ва дўстлик ғояларини ўз ичига олган ҳолда якунланди.
Ушбу форум икки қардош халқ ўртасидаги тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Тошкент давлат тиббиёт университети саҳнасида илм ва дўстлик уйғунлашди, ёшлар эса келажак тиббиётининг ишончли кўпригига айландилар.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида тиббиёт соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилди.
Зулхумор АКБАРОВА












