Тошкентдан уй олиш керак (луқма)

    Ҳар ким фарзанди учун жон койитиб яшаркан-да. Қувватқул ака ҳам ўғли Панживой пойтахтга ўқишга киргандан кейин ташвишлари кўпайганини бот-бот таъкидлаб қўяди...

    Аслида, бола деганнинг камхарж пайти мактабда ўқийдиган даври бўларкан. Ёзнинг охирида бир туққан қўйни сотиб, кийим-кечак қилиб берасиз, келгуси йилгача ўша қўйнинг боласи етилиб қолади. Уч ўғил кийимларни зина кияверади — тўнғичга олиб берилганини кенжатой йиртади. Бу ҳам оила қадрдонлиги фалсафаси.

    Эҳ-ҳе, болалар ўқувчилик пайтларида осмонда учиб юрар экансиз — пул йиғмоқ, йиғилган пулга нимадир олишни ўйламоқ… Қувватқул ўшанда ўйлаган-у, лекин мўлжални сал бошқача олган экан. Орттирганига машина олиб, у эскирса, устига пул қўшиб, яна машина олиб яшайверибди. Отасидан қолган 20 сотих ҳовли, қайнотаси берган беш-ўнта қорамол — ҳеч нарсани ўйламас эди. Ҳа, қаердан билибди бу муштдай болалар келажакда ўқишга қизиқиб, Тошкентга кетишинию пойтахтдан уй керак бўлишини!

    Ошнаси Қадамбой эса пишиқ чиққан, бир нимани билгандай, ўшанда эски “Жигули”сини сотиб, Тошкентдан уй олиб қўйганини қаранг-а! Бугун шу қўналғада ўғли яшаяпти. Қадамбойни у замонда ҳеч ким писанд қилмасди, лекин бугун қишлоқда манаман дейдиганларнинг ҳам Тошкентда уйи йўқ — борса, бирор қариндоши ёки танишининг эшигини тақиллатиб ўтиради.

    Замон замонлигини қилади, вазиятдан келиб чиқиб, ҳаракат қилган яхши. Эҳтиёж токи қонмагунча, эҳтиёжлигича қолаверади. Хуллас, Тошкентдан уй керак! Қувватқул ака ҳам 20 бош қорамолнинг пулига машина пулини қўшиб, Панживойга уй олиб бериш учун Тошкентга келадиган бўлди. Қариндошдан кўпи йўқ, лекин кенжа божасиникига боришни афзал билди. Ҳовур сўнмасин деди, чала-чулпа меҳмон бўлган бўлиб, божа ишдан келгунча уй қидирмоққа чиқди.

    Шу кўп қаватли уйнинг ўзида бир эълон ёпиштирилган экан: “Продаётся квартира”. Уй эгаси рус бўлса керак, деб ўйлади аввалига. Ютина-ютина телефон қилди — қаерда, ўзимизнинг қоракўзгина ўзбек чиқди. Қувватқул акамиз Тошкентга кунда келиб юрибдими, қаердан билсин бу шаҳарнинг одамлари рус тилида гапиришни обрў деб билишини. Содда Қувватқул-а!

    Майли, деди-да, уй ҳақида гаплашган бўлди. “Қирқ минг” эмиш — сўраб-сўраб, сўмда қанча бўлишини ҳам билиб олди. Қимирласа, қурби етадиган нарх. Кечга уйни кўришга келишиб олди.

    Кечқурун меҳмондорчилик авжига чиқиб, уй кўриш ҳам ёддан кўтарилибди. Эртасига эрталаб ҳалиги одамга телефон қилиб, уйни кўргани борса, нарх “қирқ икки минг”га айланибди. Шундай бўлиб қолдида, дейди. Қувватқулнинг отасидан қолган одати бор — бўралатиб сўкади.

    Ҳамма нарсанинг вақт ўтган сари баҳоси пасайса, пойтахтдаги уйларнинг нархи ой сайин, ҳафта сайин эмас, соат сайин ошаркан. Яна хижолат бўлиш ҳам йўқ — лўққайиб, шундай бўлиб қолди-да, бу бозор, деб тураверади. Божасининг айтишича, бундайлар уй эгаси эмасмиш, маклерми, бир бало, дейилар экан.

    Қувватқулнинг бундайлардан кўнгли қолиб, суриштира-суриштира янги уй қураётган бир қурувчи фирмани топиб борди. Сотувчилари зап гапга ўқиган экан-да — тоза ҳавонинг ҳаммаси шу кўп қаватли уйда бўларкан. Нархи ҳам 2 хонали уй учун ҳалиги “олибқочар”нинг айтганидан пастроқ. Қувватқулнинг сал кўнгли ёришди. Бориб кўрайлик-чи деса, ҳалиги сотувчилар барибир гапга чечанлигини исбот қилди — ҳис-ҳаяжонсиз оҳангда айтди, икки йилларда қуриб топширишар экан. Энг қизиғи — қорасувоқ ҳолатда. Ҳозир чуқури (котлаван) қазиляпти экан. Эҳ, Қувватқул... Шундайларни кўрганда ўзини ҳам шу чуқурга кўмиб юборгиси келаркан одам. Дунёда инсоф қолмадими ёки инсон қолмадими?

    Қувватқулнинг кўзига қишлоқ магазинида тегирмон уни нархини 10 минг сўмга ошириб, одамлардан маломатга қолгач, яна эски нархда сота бошлаган Олтивой инсофлироқ кўринди. Ахир у одамларнинг имкониятини тушунган эди-да.

    Ҳамма беш қўлини оғизга ураверса, қўл бажарадиган ишларни нима бажаради? Одамга ақл тўғрилик йўлида ишлатиш учун берилган. Бобоси шундай дер эди ҳар ҳолда.

    Қувватқул ака ҳамон Тошкентдан сотиб олиш учун уй излаяпти, инсофли, диёнатли, уйга виждонини ҳам қўшиб сотмаётганларнинг уйини.

    Жонибек АЛИЖОНОВ
    ("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2024 йил 3 февраль, № 25)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates