Учрашувда икки қардош давлат, Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳамкорлик алоқалари олий даражада йўлга қўйилаётганлиги, ҳар икки мамлакат ишбилармонлари томонидан ўзаро инвестицияларни жалб қилиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилгани қайд этилди.
Туркиялик инвесторлар Сурхондарё вилоятининг об-ҳавоси йилнинг асосий қисмида қуёшли бўлиши, кейинги йилларда тобора эҳтиёж ортиб бораётган энергия, жумладан, қайта тикланувчи электр энергияси манбаларини жорий этиш учун зарур имконият ва шароитларга эга эканлигини таъкидлашиб, воҳада 100 МВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳасини таклиф қилишди.
Вилоят раҳбари бу каби истиқболли, ўз навбатида иқтисодий ва экологик самарадор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан мамнун эканлигини, бунинг учун инвесторларга зарур кўмаклар кўрсатилишини таъкидлади. Музокаралар якунида икки томон мутахассислари иштирокида лойиҳанинг техник-иқтисодий имкониятларини кўриб чиқиш, такомиллаштириш бўйича ишларни бошлашга келишилиб олинди.