Уйғониш даврини бевосита таълим соҳасисиз тасаввур қилиш мушкул экани ҳеч кимга сир эмас. Таълим соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида сўз юритар эканмиз 2020 йил 23 – сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни кўз ўнгимизга келади десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун билан илк маротаба таълим тизимидаги атамаларнинг талқини берилган. Таълим ўқувчиларга чуқур назарий билимлар, кўникмалар, амалий кўникмалар бериш шунингдек, умумий таълим ва касбий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш, қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган тизимли жараён сифатида қаралади.
Ушбу Қонунда масофавий таълим тушунчаси ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернетдан фойдаланиш орқали таълим олиш шаклларидан бири сифатида берилган. Ушбу таълим шаклининг аҳамияти ва зарурияти пандемия даврида, асосан, мактаблар, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари ўқувчилари орасида касалликнинг оммавий тарқалишини чеклашга ёрдам берганида исботланган.
Шунингдек, Қонунда ўқув дастурининг назарий қисми ўқув муассасасида, амалий қисми эса талабанинг иш жойида ўрганиладиган дуал таълим каби шакл белгиланган. Ҳар бир талабанинг қобилиятларини шакллантириш ва унинг амалий кўникмалари ва тажрибаларини ривожлантириш, олинган билим ва кўникмаларни амалга ошириш амалиётидан фаол фойдаланишни талаб қилади. Ушбу ўқув фаолияти амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган. Талабага бошланғич касбий кўникмаларни олиш, эгаллаган билим ва кўникмаларини амалиётда тўғри қўллай олишга имкон беради.
Оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш таълим шакли жорий қилинган бўлиб бундай таълим шаклида давлат оилада таълим олишга ва мустақил таълим олишга кўмаклашади. Болаларнинг оилада таълим олиши ва мустақил таълим олиш услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилган ҳолда тегишли ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади.
Шунингдек, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш шаклига кўра катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш бутун умр давомида ўқитишнинг марказий таркибий қисми бўлиб, таълим бериш ҳамда ўқитишнинг жамият ҳаётида ва меҳнат фаолиятида катта ёшдагиларнинг иштирок этишини таъминлашга қаратилган барча шаклларини ўз ичига олади, шунингдек расмий, норасмий ва информал ўқитиш жараёнларининг бутун мажмуини қамраб олади.
Эътиборли жиҳати шундаки, таълим тизимида ҳар қандай ўқувчи (талабанинг) шахсий хусусиятлари яъни имкониятларидан қатъий назар унинг бошқалар билан бирдек таълим олишини кафолатлайдиган инклюзив таълим алоҳида ўрин тутишида. Ушбу турдаги таълимни жорий қилишдан мақсад мамлакатнинг асосий қонунида назарда тутилган таълим олишнинг умумий ҳуқуқини амалга оширишдир.
Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак: “Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади”.
Бундан ташқари таълим муассасалари хорижий мамлакатларнинг таълим ташкилотлари ва муассасалари билан биргаликда ҳамкорлик қилишларига йўл очилмоқда.
Хусусан, таълим муаммолари юзасидан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича, қўшма факультетлар, ўқув марказлари ва илмий лабораториялар ташкил қилиш орқали, халқаро даражадаги биргаликдаги таълим ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳалари ва дастурларини тайёрлаш юзасидан, ҳамкорликда фундаментал ҳамда амалий
илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш орқали, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ва симпозиумлар ўтказиш билан, талабалар, магистрлар, докторантлар, ўқитувчилар ва илмий ходимлар алмашинишини амалга ошириш йўли билан, энг асосийларидан бири икки томонлама дипломлар (Double Diploma) дастурларини жорий этиш, орқали ҳамкорликни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Сўнги сўз ўрнида айтиш мумкинки, «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни соҳада туб бурилишга сабаб бўлувчи, давлат ва нодавлат таълим муассасалари фаолиятини тартибга солувчи, илм-фаннинг бугунги замонавий кўринишидан келиб чиқиб таълимнинг мақсад-вазифаларини белгилаб берувчи норма бўлиб хизмат қилади.
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси Пўлат Қобилов