“Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози — Тангри розидур”, дейди Алишер Навоий ҳазратлари. Ҳақиқатан, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги куни — пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Учинчи Ренессанснинг пойдевори
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизими қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Тизимдаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабли мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлаб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Жумладан, юртимизда таълим тизимини жаҳон андазалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Инсон капиталига сармоя киритиш, таълимни ислоҳ қилиш, билим даргоҳлари инфратузилмасини такомиллаштириш, ўқитувчилик касбининг мавқеини ва таълим сифатини ошириш, фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, эртанги кунимиз суянчи ва таянчи бўла оладиган инсонлар сифатида камол топтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бунинг ифодасини соҳада замонавий педагогик технологиялар, ривожланган давлатлар тажрибаси кенг қўлланаётгани, таълим-тарбия жараёни инновацион ёндашувлар асосида олиб борилаётгани, ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа воситаларидан оқилона фойдаланилаётгани, халқаро миқёсда ҳам таълим ва тажриба алмашув жараёни изчил ривожланиб бораётгани каби истиқболли одимларда яққол кўриш мумкин. Инсоният ривожи, халқ, миллат равнақи, маънавий такомили ва юксалиши илму маърифатнинг юқори чўққига етганидан далолатдир.
Бу эса ўша миллат, халқ, давлат ва жамият тамаддунининг юксак даражасини белгиловчи муҳим мезон. Инчунин, юксак тамаддунга эга миллатнинг илдизи маърифат чашмасига тўйинган, танаси билим, меваси эса етуклик, баркамоллик, комилликдир. Ўзбек халқи ана шундай маърифат чашмасидан озиқланган, илдизи бақувват, тарихда бир нечта ренессанс даврини бошлаб берган ва дунё тамаддунига кўплаб даҳоларни етиштирган миллат. Ватан равнақига ҳисса қўшадиган шундай кадрларни ким тарбиялайди? Ким юрт келажаги бўлган ёш авлод вакилларига сабоқ бериб, уларни илм-фан чўққиларини забт этишга йўналтиради? Ўқитувчи ва мураббийлар, албатта.
Биз умримизни шундай шарафли касб эгаси сифатида ўтказаётганимиздан мамнунмиз. Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний ёшларни бежиз идишда турган сувга қиёсламаган. Сув қайси ранг ва қандай ҳажмдаги идишда турганига қараб худди шу тусда товланади. Бу ҳақиқат ҳозирга қадар ўз моҳиятини сақлаб келмоқда. Биз ёш авлодга қандай таълим берсак, уларни қандай тарбияласак, улар бизга меҳнатимиз натижасини кўрсатади. Шу билан бирга, мамлакатимизда янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, янги хусусий олий таълим муассасалари очилди.
Янги форматдаги мазкур ўқув муассасаларини ташкил этишдан мақсад илғор технологияларни таълим жараёнига кенг татбиқ этган ҳолда билим борасида дунё ёшлари билан рақобатга кириша оладиган, етук кадрларни шакллантиришдан иборат. Хусусий ОТМлар ташкил этилгани давлат тасарруфидаги олийгоҳлар билан соғлом рақобат муҳитини пайдо қилмоқда. Энди ҳар бир ОТМ ўз нуфузини сақлаб қолиш, иқтидорли ёшларни таълим муассасаларига жалб этиш, салоҳиятини яхшилашга интилмоқда.
Олий таълим муассасалари нуфузи эса кўп жиҳатдан ўша таълим муассасасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг тажрибасига боғлиқ. Рақобат майдонида ҳар бир ОТМ ўзига энг яхши мутахассисларни жалб этишни истайди. Энди соҳасининг етук мутахассиси бўлган ўқитувчиларда танлаш имконияти кенгайди. Бундай шароитда барча университетлар ўз мақомини сақлаб қолиш ва янада баланд марраларни забт этиш учун курашади.
Ёшларга таълим ва тарбия бериш билан бирга эгаллаган билимларини корпоратив ҳамкорликда бевосита ишлаб чиқариш корхоналари билан боғлашда мураккаб вазифаларини ҳал этиш таълим берувчининг ғоявий эътиқоди, касбий маҳорати, санъати, истеъдоди ва маданиятига боғлиқ.
Шогирднинг зафари — устознинг шарафи
Устозларни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан. Бугун мамлакатимизда таълим ислоҳотларининг узвий қисми бўлган ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантиришга оид намунали ишлар жаҳоннинг кўплаб давлатлари томонидан юксак баҳоланиб, мустақиллик йилларида тўпланган бой ва илғор маърифий тажриба сифатида ўрганилаётир. Ўқитувчиларнинг касб байрами арафасида ёшларимизни Ватанга муҳаббат, садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаётган, устозлик касбида ҳалол ва самарали иш олиб бораётган илғор педагоглар давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотлари билан тақдирланиши ҳам бунинг амалий тасдиғидир.
Юртимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвонларига сазовор бўлган, орден ва медаллар билан тақдирланган мураббийлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Сафдошларимизнинг бундай юксак эҳтиромга муяссар бўлаётгани ғоят қувонарли. Қарийб қирқ йилдан бери таълим соҳасида фаолият юритяпман. Ўтган йилларда устозликнинг машаққати, шарафи, масъулияти ва улуғлигини ҳис этдим.
Иш фаолиятимнинг кўп йили олий таълим соҳасида ўтди. Шу аснода устозларнинг шогирдлар таълими, таҳсили, келажаги учун нақадар куюнчак эканини кўрдим ва англадим. Шогирдлик кезларимда устозларим менга ҳеч бир насиҳатни беҳуда айтмаганини, биз, шогирдларга меҳри беҳад бўлганини тушундим. Ёшлар — шогирдлар устозидан улги олади. Мураббийлар ёш ниҳол боғбони янглиғ ўқувчи-талабаларининг тўғри ўсиб-унишига масъулдир. Аслида илмфаннинг, миллатнинг, юртнинг истиқболи шу оддий муаллимларнинг камтарона ва буюк хизматига узвий боғлиқ.
Ота-она фарзандининг зафаридан қанча қувонса, устозлар ҳар бир шогирдининг муваффақиятидан шунча фахр туяди. Шунинг учун ҳам устоз отадек улуғ, дейдилар. Бу ҳикматнинг давоми ўлароқ, шогирд фарзанддек азиз, деган бўлардим. Шогирдларининг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, элга нафи тегадиган инсон бўлиши устознинг қаддини тик, қалбини шод қилади.
Инсон маънавий дунёсининг меъмори
Муаллимлик ҳунар эмас, балки боланинг ички дунёси ва шахсий фазилатларини ривожлантириш қонуниятини чуқур билишни талаб қиладиган санъатдир. Устоз бир томондан, юксак билимли, иккинчи томондан эса ахлоқий ва маънавий пок одам бўлиши керак. Унинг энг катта бурчи юрт равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган, ақлидрокли, фаҳм-фаросатли ва қобилиятли шогирдлар тайёрлашдан иборат. Яхши педагог бўлиш учун билимнинг ўзи камлик қилади. Касбий салоҳиятли, маънавий баркамол, кенг дунёқараш ва соғлом фикрга эга муаллимларни тайёрлашда педагогик таълим йўналиши мавжуд ОТМлар зиммасида катта вазифалар бор.
Ўзбекистон Президентининг шу йил 11 майдаги “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида педагогик таълим йўналишларининг кундузги таълим шаклида таҳсил олувчи 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, шу жумладан, дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши белгиланган.
Бу эса педагог-талабаларнинг тажриба майдонида кўп вақт ўтказиши, мактаб муҳитига мослашиши, ўқитувчилик касбининг сир-асрорини яхшироқ ўзлаштириши йўлида катта ва жиддий қадамдир. Бу дастур таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси тизими асосида яратилган кластерли ёндашувларга асосланган инновацион жараён. Бунда ҳар бир таълим йўналиши бўйича тегишли мутахассислик фанларидан амалий машғулотлар тўлиқ танланган ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилотлар ва муассасалар базасида ўтказилади.
Тизим шунга асосланганки, ўқув машғулотлари (маърузалар, ўқув лабораториялари) 4 кун университет аудиторияларида, амалий машғулотлар ҳафтанинг 2 куни давомида мактаб ва бошқа таълим муассасалари базасида ўтказилади. Бу тизим талабаларга танлаган мутахассислиги бўйича 4 йил давомида юқори малакали кадр бўлиши, ишлаб чиқаришдаги муаммолар ва уларнинг ечими бўйича тегишли тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам педагог-филологлар тайёрланади.
Битирувчиларимиз мактаб, лицей, коллеж ва техникумларда, ОТМларда айнан она тили ва адабиёт, ўзбек тили фанидан дарс беради, маънавият тарғиботчилари, миллатпарвар ва ватанпарвар авлод тарбиячилари сифатида фаолият юритади. Биз мана шу ижтимоий жавобгарликни юксак даражада ҳис этишга қодир кадрлар тайёрлаш энг олий бурчимиз эканини ёдда тутган ҳолда ишлаяпмиз. Бўлғуси педагогларни назарий билимлар ва амалиёт уйғунлигида тайёрлаш яхши самара бериши шубҳасиз. Ўқитувчи зиммасига ҳаёт талабларига тўла жавоб берадиган, ўз замонига муносиб кишиларни тарбиялашдек масъулиятли вазифа юкланган. Қуёш ўз нури билан бутун табиат, борлиқни жонлантиргани каби ўқитувчи, мураббий ҳам бор маҳорати, илми орқали ўқувчи-ёшлар қалбини илм зиёси орқали тўлдиришга аҳд қилган буюк касб эгасидир.
Амалиёт давомида талабаларимиз бу ҳаётий фалсафани чуқур англаб етади ва фаолиятида чинакам қуёшга айланади, деб умид қиламан. Устоз — инсон маънавий дунёсининг меъмори, жамиятнинг ишончли, энг муҳим кишиси. Халқ муаллимларга ўз келажагини — фарзандларини ишониб топширади. Ўқитувчилик инсондан доимий ижодкорликни, тинимсиз фикрлаш, бағрикенглик, касбга садоқатни талаб қилади. Мураббий ёш авлодни тарбиялашдаги фидокорона меҳнати билан халқнинг ҳурматини қозонади.
Устоз ўз шогирдларида илмий дунёқарашни, юксак ахлоқий-сиёсий фазилатларни, меҳнатсеварликни, Ватанимизнинг гуллабяшнаши ва хавфсизлиги учун тарихий жавобгарлик туйғусини шакллантириш борасидаги ишларга муносиб ҳисса қўшади. Бугун шундай шукуҳли сана олдидан барча устоз ва мураббийларга бир шогирд, бир ота, бир ҳамкасб ва бир юртдош сифатида раҳмат айтаман. Айёмингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!








