Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 22 феврал 2022 7371

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Республикада қурилиш соҳасини ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш комплексини янада ривожлантириш, ҳудудларда аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлаш, уй-жой қурилиши бозорида талаб ва таклиф номутаносиблигини қисқартириш мақсадида:

    1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6244-сон фармонига мувофиқ республиканинг 24 та туман ва шаҳарлари қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

    1-иловага мувофиқ республиканинг 8 та туманида хомашёни қазиб олишдан уни қайта ишлаш, лаборатория текширувидан ўтказиш, тайёр қурилиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқаришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерларини ташкил этиш;

    2-иловага мувофиқ республиканинг 16 та туман ва шаҳарларида бошқа ҳудудлар билан саноат кооперациясини ташкил қилиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш;

    ҳар бир ҳудудда камида биттадан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи уй-жой қурилиши кластерларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

    3. 2022 йилда янги ташкил этиладиган қурилиш материаллари ва уй-жой қурилиши кластерларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    4. Белгилансинки, 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

    барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади;

    2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан, чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

    5. Молия вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан биргаликда:

    2022 йил якунига қадар капитал бозорлари конъюнктурасидан келиб чиқиб, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш учун “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 300 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда халқаро корпоратив облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳамда уй-жой қурилиши кластерларини қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида Ҳукумат кафолатисиз хорижий кредит линиялари маблағларини жалб қилиш;

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6244-сон фармонига кўра Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБга ажратилган кредит линиясини 5 йил муддатга субординар қарз сифатида қайта расмийлаштириш чораларини кўрсин.

    6. Қурилиш вазирлиги қурилишда энергия тежамкор материалларни кенг жорий этиш орқали уй-жой қурилиши вақти ва таннархини пасайтириш мақсадида:

    “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда ва кейинчалик доимий равишда кўп қаватли уй-жойлар қурилишида мазкур қарорга 4-иловадаги рўйхатда келтирилган энергия тежамкор деворбоп қурилиш материаллардан фойдаланишнинг афзалликлари юзасидан кенг тарғибот қилиб борсин;

    “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК ва унинг филиаллари томонидан кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш жараёнида уларда энергия тежамкор деворбоп қурилиш материаллари қўлланганлигига алоҳида эътибор қаратилишини таъминласин.

    7. 2022-2023 йилларда янги норуда конларини шакллантириш учун геология-қидирув ишларини амалга оширишнинг манзилли режаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорга 5-иловага мувофиқ геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига геология-қидирув ишлари учун ажратиладиган маблағлар доирасида 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

    8. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 400 та фойдали қазилма кон участкалари аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.

    9. Хоразм вилояти учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги “Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5233-сон қарорига мувофиқ зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 миллиард сўм миқдорида белгилансин.

    Бунда, ушбу тартибга кўра қиймати 50 миллиард сўмдан 200 миллиард сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш харажатлари ушбу лойиҳалар қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.

    10. Уй-жойлар қурилишини ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қурилиш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари A.Б.Воитов, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳузуридаги Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси С.С.Аннакличев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 21 февраль

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates