Халқаро экспертлар илк бор “Ишга марҳамат” мономаркази битирувчиларига маҳорат паспортларини топширди

    14-16 июнь кунлари БМТ Тараққиёт дастури администратори ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастури Европа ва МДҲ минтақавий бюроси директори Мирьяна Сполярич Эггер расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

    Мақсад БМТ Тараққиёт дастури ва Ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини аниқлаш, миллий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказиш, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган, яшил ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.

    Ташриф доирасида Мирьяна Сполярич Эггер “Ишга Марҳамат” мономарказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов билан учрашди. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳалари донорлари, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси Вадим Митрофанов қатнашдилар.

    Учрашув давомида қўшма ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 24 май куни Наманган шаҳрида ишга туширилган янги “Фарғона водийсида пандемиядан кейинги иқтисодиётга аҳолининг кўникмаларини мослаштириш” лойиҳасининг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

    Музокаралар чоғида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов янги лойиҳа Ҳукумат томонидан Фарғона водийсида пандемиядан кейинги даврда касбий тайёргарлик ва аҳолининг малакасини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши кераклигини таъкидлади.

    Шунингдек, тадбирда “Ишга Марҳамат” мономарказининг касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган ва миллий экспертлар томонидан мустақил равишда баҳоланган 14 нафар битирувчиларига халқаро стандартларга мувофиқ маҳорат ва малакани тасдиқловчи “скиллс паспорт”лар топширилди. Дастур битирувчиларининг умумий сони 14 йўналиш бўйича 169 кишини ташкил этди.

    Меҳмонлар учун Мономарказ бўйлаб экскурсия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида тикувчилик, дастурий таъминот ва эстетик косметология йўналишлари баҳолаш хоналари учун сотиб олинган ускуналар тақдимоти ҳам ўтказилди.