Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 27 июл 2022 6244

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Рақамли технологиялар орқали тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш мақсадида:

    1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда – Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг “business.gov.uz” ягона интерактив порталини қуйидаги имкониятларга эга бўлган “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига (кейинги ўринларда – портал) айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

    тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш;

    давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш;

    қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш;

    тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш.

    2. 2022 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    а) порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:

    тадбиркорлик субъектлари;

    Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати;

    Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлардан сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида;

    маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари. Бунда, ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини маҳалланинг ўзида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради, маҳалла даражасида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатларни порталга киритади;

    б) порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан (мурожаатда ваколатли орган кўрсатилмаганда) тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади;

    в) ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади;

    г) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:

    порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди;

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мурожаатлар таҳлили асосида ҳудудлар ва соҳалар кесимида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда таклифлар киритиб боради.

    3. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали қабул қилиш, умумлаштириш ва назорат қилиш схемаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    4. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бошқарув ходимларининг чекланган сони 101 та штат бирлиги миқдорида белгилансин ва уларнинг қўшимча 15 та штат бирлиги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилсин.

    5. Белгилансинки:

    а) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқланадиган режа-графиклар асосида:

    тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги ва тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолати юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятида ўрганишлар ўтказади;

    ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказади ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган масалаларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради;

    ваколатли органлар учун ҳудудларга чиққан ҳолда, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда текширувлар ўтказиш тартиби бўйича ўқув машғулотларини ташкил этади;

    б) Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар йили 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолатига доир йиллик ҳисобот тақдим этади.

    6. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил якунига қадар портал мазкур Фармон талабларига мувофиқ такомиллаштирилиши ва “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро платформасига интеграция қилинишини, шунингдек, порталнинг Mobile-ID тизими орқали идентификациялаш имкониятига эга мобиль версияси яратилишини таъминласин.

    7. Молия вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2022 йил 1 сентябрга қадар 2022 йил учун Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази маблағларини шакллантириш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни мақбуллаштириш ҳисобига портални такомиллаштириш, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизматини молиялаштириш, шунингдек, мазкур Фармонда назарда тутилган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

    Бунда, 2023 йилдан бошлаб порталдан фойдаланиш ва Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати фаолияти Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

    8. Адлия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар умумий овқатланиш ва чакана савдо соҳаларидаги фаолиятни тартибга солувчи талабларни соддалаштириш ҳамда ушбу соҳалардаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    9. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда рухсатномага эга ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳамда ер қаъри давлат фонди кадастрига киритилган ер участкаларининг рўйхатларини шакллантирсин.

    Бунда, шакллантирилган рўйхатларга асосан:

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли ер участкаларини Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин;

    Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тегишли ер участкалари ажратилгандан сўнг бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларига ер қаъридан фойдаланиш мақсадлари учун зарур бўлган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида тақдим этсин.

    10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

    11. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил икки ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

    Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг бюджетдан ташқари жамғармасини ташкил қилиш, унинг маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

    қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни.

    12. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С.Қосимов белгилансин.

    Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 27 июль

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates