“Яшил макон” лойиҳаси ва ободончилик бўйича вазифалар белгиланди

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

    Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган. Ҳудудларда боғлар яратиш, йўл бўйларида 10 қатордан дарахтлар экиш бўйича ишлар бошланган. Бу Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида яхши йўлга қўйилган.

    Лекин аксарият вилоят ва туманларда дарахт экадиган жойлар ҳалигача белгиланмаган, суғориш ва кўчатга пул ажратилмаган.

    Шу боис кеча Вазирлар Маҳкамасида бу масала танқидий кўриб чиқилиб, вилоят ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, тизим ташкилотлари раҳбарларидан 28 нафарига интизомий жазо қўллангани қайд этилди.

    Бу борадаги ишлар кўлами вазирликлар кесимида ҳам турлича. Масалан, Мудофаа вазирлиги 100 гектар, Рақамли технологиялар вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги 65 гектардан боғ яратган. Лекин энергетика ва транспорт вазирликларига ажратилган ерларда кўчат тўлиқ экилмаган. Автомобиль ва темир йўл бўйлари, дарё ва канал ёқалари, саноат корхоналари ва ёқилғи қуйиш шохобчалари атрофида ҳам қанча жойлар бўш ётибди.

    Умуман, дарахт экишни оммалаштириш бўйича ташаббус ва тарғибот етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу борада давлат ташкилотлари билан бирга маҳаллий кенгашлар, Экопартия ва бошқа уюшмалар, маҳаллалар – ҳамма бирдам бўлиб ҳаракат қилса, жуда кўп боғлар яратилиши таъкидланди.

    Йиғилишда “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги галдаги вазифалар, янги ташаббуслар муҳокама қилинди.

    Юртимизда дарахт экиб, яшиллик яратишни хоҳловчилар кўп. Лекин кўп қаватли уйда яшайдиган одамларда ер йўқ. Бу борада Жанубий Корея тажрибаси асосида Тошкент вилоятида яхши ташаббус бошланган. Унга кўра, туманлар ҳудудидан ер ажратилиб, 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига берилади. Маҳаллий бюджет ҳисобидан томчилатиб суғориш тизими жорий қилиниб, ер тайёр ҳолга келтирилиб, дарахт экиш истаги бор аҳолига таклиф этилади. Ҳар бир кўчат уни эккан одам номига тамғаланади. Дарахтларни парваришлаш учун ободонлаштириш бошқармаси ходими бириктирилади.

    Давлатимиз раҳбари бу тажрибани барча вилоятларда амалга ошириш бўйича кўрсатма берди.

    Мамлакатимизда 9 минг 452 та маҳалла бор. Жумладан, шаҳарларда 39 мингта кўп қаватли уй мавжуд. Маҳалла фаоллари, бошқарув сервис компаниялари ушбу ҳудудларда кўчатлар экилишига бош-қош бўлиши зарурлиги таъкидланди.

    Йўллар ва каналлар бўйидаги ерларни талабгорларга тўғридан-тўғри шартнома асосида 10 йилга бериб, 5 қатордан кўчат эктириш тизими жорий қилинган. Бундан фойдаланиб, ҳозирги мавсумда ҳам кўплаб дарахтзорларга замин яратиш мумкин.

    Яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича Тошкент шаҳрида ҳам яхши тажриба қўлланмоқда. Яъни, шаҳарсозлик кенгаши янги қурилишлар майдонининг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбуриятини қўйиб, кўчат навигача белгилаб бераяпти. Объект бу шарт бажарилгандан кейингина фойдаланишга қабул қилинаяпти.

    Қурилиш вазирлигига бу тартибни барча ҳудудларда оммалаштириб, шаҳарсозлик нормалари ва лицензия талабларига дарахт экиш мажбуриятини киритиш топширилди.

    Хусусан, бу йил топшириладиган 2,5 мингта кўп қаватли уйлар ҳудудининг 30 фоизида, 38 та “Янги Ўзбекистон” массивларининг ҳар бирида камида 1 гектардан яшил хиёбонлар ташкил қилиниши белгиланди.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат парклари ташкил қилиш, “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

    Мутасаддилар дала четларида, йирик корхоналар ва саноат зоналари атрофида яшил ҳудудлар ташкил қилиш режалари бўйича ахборот берди.

    Ижтимоий муассасаларга кўчатларни бепул етказиб бериш амалиёти бу йил ҳам давом эттирилиб, уларга жами 4 миллиондан зиёд кўчат тарқатилиши айтилди.

    Йиғилишда чиқиндилар билан ишлаш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

    Қайд этилганидек, энди ҳудудларда ободонлаштириш, тозаликни таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим бўлади. Ҳар бир вилоятдаги 2 тадан туманда 1 майдан бошлаб, тажриба тарзида ободонлаштириш бошқармалари вазифалари хусусий шериклик асосида чиқинди корхоналарига ўтказилади.

    Бунда тадбиркорлар ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ва гуллар экиш, уларни парваришлаш, ариқларни тозалаш, кўчаларни ёритиш билан бирга, чиқиндиларни олиб кетиш билан ҳам шуғулланади. Ободонлаштириш бўлимларига ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳам энди уларга йўналтирилади.

    Ушбу тажриба ўзини оқласа, 2025 йилдан барча туман ва шаҳарларда йўлга қўйилади.

    Тошкент шаҳри учун алоҳида тизим бўлади. Пойтахт туманларидаги ободонлаштириш бошқармаларининг кўчаларни тозалаш, кўкаламзорлаштириш, йўлларга хизмат кўрсатиш вазифалари 15 апрелдан аукцион орқали хусусий шерикларга берилади.

    Чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳам янги тизим бўлади. Ҳар бир вилоятда жойлашуви қулай бўлган 3-4 тадан полигон махсус эко-саноат зонасига айлантирилиб, қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади. Қолганларида чиқиндини вақтинча тўплаб, қайта юклайдиган станциялар ишга тушади.

    Ресурсини ўтаб бўлган полигонлар ёпилади. Уларнинг атрофида терак, тут, гужум, заранг экиб, яшил белбоғ барпо қилинади.

    Чиқиндиларни олиб кетиш хизмати яхши бўлиши учун тўлов интизоми ҳам керак. Шу боис бу борада ҳам янги тартиб жорий қилинади. Унга кўра, “маҳалла еттилиги”га ҳудудида аслида кўрсатилмаган хизмат бўйича нореал қарзни ҳисобга олмаслик ваколати берилади. Бу орқали хизмат кўрсатилмаган ҳудуд учун ҳам дебитор қарздорлик ёзиб қўйишдек адолатсиз амалиётга чек қўйилади.

    Кўп қаватли уйларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда ташлашга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади. Бунинг учун Экология жамғармаси ҳисобидан махсус чиқинди қоплари бепул берилади, аҳоли чиқиндини белгиланган тоифага ажратиб, шохобчага олиб боради. Тадбиркорлар эса қайта ишланадиган фойдали чиқиндини аҳолидан сотиб олади.

    Ушбу тизим биринчи босқичда Тошкент, Андижон, Бухоро, Термиз, Ангрен шаҳарлари ва Тошкент туманида йўлга қўйилиши белгиланди.

    Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates