Тошкент вилояти Паркент тумани Заркент қишлоғида жорий йилнинг 20 апрелидан 20 майигача ўтказилиши белгиланган «Сомса сайли» байрам тадбирлари давом этмоқда.
25 апрель куни ҳам сўлим Заркент кенгликларида ўтказилаётган сайлда фольклор жамоаларнинг чиқишлари, кўнгилочар ва таниқли эстрада хонандаларининг концерт дастурлари намойиши ташкил этилди. Кураш, шахмат, шашка мусобақалари, халқ ўйинлари ва кўргазмалар ташкил этилди. Паркент туманидаги қатор қишлоқларга бугунги кунда туризм қишлоғи мақоми берилиб, бу орқали сайёҳларни юртимизнинг чекка, баҳаво гўшаларига чорлаш ва жалб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонда болалар учун махсус ўйингоҳлар ҳам ташкил этилган бўлиб, бу уларнинг севимли манзилига айланиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Энг асосийси, меҳмонлар Паркентнинг «ташриф қоғози»га айланган «Мадор сомса» ҳамда «Сўқоқ шашлик»лардан баҳраманд бўлмоқда.
Шу билан бирга қозонларда ҳалим, чучвара ва бошқа миллий таомлар ҳам тайёрланмоқда.
«Сомса сайли» 20 майгача давом этади.
Ҳакимжон Йўлдошев олган суратлар.