Хоразмда буғу ва жайрон шохлари ушлаб қолинди 

    Бир гуруҳ фуқароларга тегишли жами 7 дона полиэтилен қопда 47 дона буғу ва 3 дона жайрон шохи борлиги аниқланди.

    Хоразм вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари олган тезкор маълумотга асосан, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда табиат ресурслари бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Урганч туманида тезкор тадбир ўтказилди. Урганч тумани буюм бозоридаги юк машиналар автотураргоҳида фуқаро Ж.М бошқарувидаги “ISUZU” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилди.

    Натижада бир гуруҳ фуқароларга тегишли жами 7 та полиэтилен қопда 47 дона буғу ва 3 дона жайрон шохи борлиги аниқланди. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Маълумот ўрнида айтиш жоиз: буғу ва жайронлар ноёб жониворлар сифатида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг "Қизил китоб"ига киритилган.