Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қўмитанинг маълум қилишича, “Uzum Market” МЧЖ ХКдан келиб тушган мурожаат асосида махсус комиссия иш қўзғатган.
Мурожаатда “YandexGo UB” МЧЖ томонидан телевизион ва ижтимоий тармоқларда эфирга узатилган “Yandex Market” рекламаси орқали рақобат қонунчилиги бузилгани, истеъмолчиларни чалғитиш ҳолати кузатилгани ва “Uzum Market” брендининг ишчанлик обрўсига путур етказилгани қайд этилган.
Комиссия томонидан ўрганилган видеороликда қуйидаги ҳолатлар қайд этилди:
- Рекламадги актрисанинг бинафша рангли кўйлак кийгани ва роликнинг аввалги кадрлари “Uzum Market”нинг аввалги видеоларига визуал ва концептуал жиҳатдан ўхшашлиги;
- Рекламадаги бош қаҳрамоннинг “а, бу маркетми?!” деган саволи ва унга нисбатан иштирокчиларнинг салбий муносабати;
- “Ажойиб маркет” деган иборадан кейин “а, бу маркетми?!” деган савол орқали “Uzum Market” ҳақида фикр юритилаётгани ҳақидаги таассурот;
- Кейинги кадрларда “йўқ, бу бошқа маркет” деган жавоб орқали “Yandex Market” устунлиги ҳақида билвосита тасаввур берилгани.
Ушбу ҳолатлар асосида “YandexGo UB” МЧЖ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ нотўғри таққослаш орқали рақобатчи субъектга нисбатан қонунбузарликка йўл қўйган деб топилди.
Шу билан бирга, “Uzum Market” томонидан рақобатни чеклаш орқали истеъмолчиларга етказилган моддий зарар юзасидан аниқ далиллар тақдим этилмагани сабабли, мазкур ҳолат иқтисодий жиҳатдан паст таъсирли деб баҳоланди. Молиявий санкцияларни қўллаш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги қайд этилди.
Қўмита Махсус комиссияси томонидан “YandexGo UB” МЧЖга қуйидаги кўрсатмалар берилди:
- “Yandex Market” рекламасини оммавий ахборот воситаларидан олиб ташлаш орқали қонунбузилиш ҳолатини бир ой муддатда бартараф этиш;
- Реклама материаллари олиб ташлангани ҳақидаги ҳужжатларни 2025 йил 14 августга қадар Қўмитага тақдим этиш.
Маълумот учун: Мазкур қарордан норози томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.








