Қайд этилишича, охирги вақтда Қўмита томонидан ўтказилаётган мониторингларда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) рекламаларида нархларни хорижий валюталарда кўрсатиш кенг тарқалаётганлиги кузатилмоқда.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, рекламада нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш тақиқланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига йўл қўйилмайди.
Қонунда истеъмолчиларга — жисмоний ёки юридик шахсларга йўналтирилган реклама учун истиснолар белгиланмаган. Қиймат кўрсаткичларини ўз ичига олган ҳар қандай реклама-ахборотида нархлар сўмда кўрсатилиши керак.
Шу билан бирга, нархларни сўмда кўрсатишга доир талаблар ҳар қандай очиқ реклама-ахборотига, шу жумладан, интернет тармоғида эркин фойдаланиши мумкин бўлган очиқ саҳифага жойлаштирилган ахборотларга ҳам бевосита тааллуқлидир.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси реклама берувчи, тайёрловчи ва реклама тарқатувчиларни расман огоҳлантиради!
Реклама-ахборотида товар (иш, хизматлар) тўғрисида маълумотларни хорижий валютада кўрсатилиши реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишига олиб келади ҳамда тегишли жавобгарликка сабаб бўлади, — дейилади хабарда.








