Президент Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 6 июль куни архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда ушбу йўналишда ҳозир юзага келган камчиликларни тузатиш ва келгусида бажариш зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида муҳим топшириқлар берилди.
Қурилиш ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини белгилаб берувчи муҳим соҳадир. Шу боис, Тошкент ва Самарқанд каби йирик шаҳарларнинг бош режасини мукаммал ишлаб чиқишда нафақат бугунги кун нафасини ҳис этиш, балки яқин истиқболда шаҳарсозлик соҳасига киритиладиган ўзгаришларни ҳисобга олиш алоҳида эътиборга молик вазифа.
Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, қурилиш соҳаси Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг драйверига айланди. Хусусан, беш йилда 250 минг хонадонли 8 мингдан зиёд кўп қаватли уй, 21 минг сервис хизмат кўрсатиш, 10,5 минг ижтимоий соҳа объекти ва 31 минг корхона ташкил этилди. Бу жуда катта кўрсаткич бўлиб, мамлакатда қурилиш соҳаси ривожланаётгани ва малакали кадрларга талаб тобора ошаётганидан далолат.
Биз учун энг аҳамиятлиси, йиғилишда архитектура ва қурилиш соҳаси учун кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Келгусида Тошкент ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари фаолияти трансформация қилиниши, университет мақомига кўтарилиши, уларга академик ва молиявий мустақиллик берилиши катта воқеа бўлди.
Хусусан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти урбанизация, архитектура, дизайн, маданий мерос объектини тиклаш йўналишларига ихтисослашиши, талабалар етакчи лойиҳа институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилиши, шунингдек, ушбу олий ўқув даргоҳида 1 сентябрдан бошлаб халқаро таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилиши каби туб ўзгаришлар шахсан мени ва институтимиз жамоасини мамнун қилди.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаб берувчи етакчи таълим муассасаларидан биридир. 56 йиллик тарихга эга бўлган ушбу олий таълим муассасасида ҳозирга қадар нафақат мамлакат, балки Марказий Осиё давлатлари қурилиш индустриясига қарашли ташкилот ва корхоналар учун чуқур билим ва малакага эга архитектор ҳамда муҳандислар тайёрланган.
Институтнинг айнан ушбу қадимий ҳудудда очилишига 2750 йиллик тарихга эга бўлган Самарқанднинг Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири экани, бу ерда маданият юқори даражада ривожлангани, ноёб архитектура ёдгорликларига бойлиги, қадимдан илм-фан, маданият маркази экани асос бўлган. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда Маданий мерос агентлиги рўйхатида турган қадимий археологик объектлар сони 5 мингга яқин деб тахмин қилинади.
Қолаверса, ҳали рўйхатга киритилмагани ҳам кўп. Шу боис, вақт ўтиши туфайли турли омиллар натижасида шикастланаётган қадимий объектларни тиклайдиган, реставрация қиладиган мутахассисларга талаб жуда юқори. Энди маданий мерос объектини тиклашга ихтисослашган йўналишлар очилиши бу масалани ҳал қилишда яна бир муҳим қадам бўлади. Келгусида олий таълим муассасамиз халқаро таълим дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўяди.
Бу шундай тизимки, унда берилган даражалар миллий ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинади, шунингдек, мамлакатлар ўртасида бирдек муомалага киритилади. Ўзбекистонда бу кўрсаткични юқори деб бўлмайди, олий таълим муассасалари томонидан берилаётган дипломларнинг жаҳон миқёсида тан олиниши ва уларнинг муқобиллигини таъминлашда ҳамон айрим қийинчиликлар мавжуд. Олий ўқув юртимиз томонидан берилган дипломнинг дунё миқёсида тан олинишини таъминлаш учун ҳозирдан ишга киришишимиз ва тезроқ Болонья тизимига ўтишимиз керак.
Аксарият Европа мамлакатлари шу тизим бўйича ишлайди. Олий таълим муассасамизнинг ТОП-1000 таликка кира олмаётганининг сабаби ҳам шунда деб ўйлайман. Бизда халқаро интеграция йўқ, ўқув дастурлари, режалари жаҳон стандартларига мос эмас эди. Ҳозир олий ўқув даргоҳимиз маъмурияти, тажрибали профессор-ўқитувчилар жамоаси билан ҳамкорликда архитектура ва қурилиш соҳасида янги авлодни тарбиялаш, янги таълим йўналишлари очиш ва ўқув режаларини тайёрлаш лойиҳаси устида ишламоқда.
Энди олий таълим муассасамизда мутлақо янги тузилма шакллантирилади ва шу асосда замонавий бошқарув тизими ҳам жорий этилади. Таълимда хорижий тажрибани қўллаш мақсадида халқаро ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлаяпмиз. Якунланган ўқув йилида Туркиянинг қатор университетлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзоладик.
Хусусан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Истанбул Култур университети ўртасида бакалавриат босқичида қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қўшма таълим дастурида таълим тили этиб инглиз тили белгиланган. Бу борада барча зарур ҳужжатлар тайёрланди ва ҳозир томонлар шартнома бандлари устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, Туркиянинг Мимар Синан тасвирий санъат университети билан икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Олий таълим муассасамиз Фотиҳ Султон Меҳмет университети билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви тўғрисида шартнома тузди. Ушбу янги шартномалардан ташқари, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Германия, Австрия, Венгрия, Польша, Португалия каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эга.
Халқаро ҳамкорлик шартномалари биз учун муҳим аҳамият касб этади. Айнан мана шу масала юзасидан олий ўқув юртининг халқаро алоқалар бўлими билан мунтазам иш олиб бормоқдамиз. Тан олиб айтиш керак, қурилиш соҳасига алоқадор амалдаги олий таълим тизими замонавий эмас ва жадал ривожланиб бораётган бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам битирувчиларни етарли билим ва кўникмаларга эга деб бўлмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, келгусида олий даргоҳимиз фаолияти архитектура ва қурилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш тизими илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштирган ҳолда трансформация қилинади. Институтга академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий соҳаларда мустақиллик берилиши бизга катта имкониятлар эшигини очиб беради, десак янглишмаймиз.
Энди соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрланади, илмий-тадқиқот борасида фаолиятимизга маблағларни жалб этиш имконияти янада кенгаяди ва фаолиятимиз самарадорлиги ошади. Шунингдек, ёшларни хорижий тилларда ўқитиш йўлга қўйилади ва илмий фаолиятга кенг жалб қилинади, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграцияси мустаҳкамланади. Институт моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларини энди мустақил ўзимиз ҳал этамиз, халқаро ва миллий рейтингдаги ўрнимизни яхшилаш устида жамоамиз билан ҳамжиҳатликда куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Ушбу жараён берадиган ваколатлар доирасида шу йилнинг сентябрь ойидан олий ўқув юртида замон талабларига мос мутлақо янги таълим йўналишлари бўйича талабаларни биринчи курсга қабул қилишни режалаштиряпмиз. Шу ўринда бир гапни ишонч билан айта оламанки, Президент ташаббуси билан бошланган саъй-ҳаракатлар туфайли яқин йилларда Ўзбекистонга, айниқса, қурилиш соҳаси бўйича хорижий давлатлардан мутахассисларни жалб қилишга эҳтиёж аста-секин камаяди. Уларнинг ўрнини ҳар томонлама билимли, рақобатбардош, ёш маҳаллий битирувчилар эгаллайди, деган умиддаман.









