“Янги Ўзбекистон“ газетаси бўлим муҳаррири “Олтин қалам” XIX Миллий мукофотининг Босма ОАВ йўналишида 1 ўринни қўлга киритди

    Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон“ халқаро анжуманлар саройида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ҳамда “Олтин қалам” XIX Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

    Медиа соҳаси вакилларининг касб байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Янги Ўзбекистонда эришилаётган улкан ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, юқори малакали, замонавий журналист кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги самарали фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ҳамкасбларимиз ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.

    Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ана шу мукофотларни ўз соҳибларига топширди.

    Шунингдек, тантанали тадбирда “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ахборот соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, журналистларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига тўхталди, бу йилги “Олтин қалам” мукофоти ҳақида маълумот берди.

    Мазкур танловда “Янги Ўзбекистон“ газетаси бўлим муҳаррири Юнус Бўронов “Олтин қалам” XIХ Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг Босма нашрлар йўналиши бўйичаЭнг яхши журналистик материал учун“ 1-ўрин соҳиби бўлди.