Янги ренессанс – янгича нигоҳ

    Кейинги авлод 10 октябр 2020 446

    Ўзбекистонда кўплаб туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да илгари сурилган ғоялар асосида амалга оширилмоқда.

    Мазкур тарихий ҳужжат қабул қилинганига мана бугун тўрт йил бўлди. Хўш ўтган тўрт йил бизга нималарни тухфа этди? Бу саволга жавоб бериш учун соатлаб мазкур ислоҳотлар ҳақида сўз юритсак ҳам ниҳоясига ета олмаймиз.

    Лекин, нафақат давлатимиз, балки халқимиз учун ҳам бир неча йиллардан бери катта муаммо сифатида қараб келинаётган бир қанча масалаларнинг ижобий ечимларини келтиришимиз мумкин:

    • бир неча ўн йиллардан бери Ўзбекистон деган гўзал диёрда истиқомат қилиб келаётган, лекин мамлакат фуқаролигини қўлга кирита олмаётган минглаб ватандошларимизга фуқаролик паспортлари берилди;
    • чет эл валютасини эркин конвертация қилиш тизими жорий қилинди;
    • фуқароларнинг турли давлат идоралари эшигида овора бўлиб юришларининг олдини олиш мақсадида ягона давлат хизматлари агентлиги ташкил қилинди ва бугунги кунда мазкур агентлик томонидан 130 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда;
    • прописка тизими тубдан ислоҳ қилинди ва натижада фуқаролар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмасдан туриб кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар;
    • “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кам фоизли кредитлар ажратилиши асносида тадбиркорлик ривожлантирилди, бунинг натижаси ўлароқ ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам қисман камайди;
    • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилди, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этилди, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизими амалда татбиқ этилди, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилди;
    • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида халқ иштирокини таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинишидан аввал халқ муҳокамасига қўйиш тизими жорий қилинди ва Regulation.gov.uz платформаси ишга туширилди. Шу пайтгача мазкур платформа орқали жами 7453 та норматив ҳуқуқий ҳужжат муҳокамага қўйилди ва ушбу ҳужжатлар юзасидан 33123 та таклифлар келиб тушди;
    • аҳолидан олинаётган солиқларнинг ставкалари туширилди;
    • инвестиция жозибадорлиги оширилди, чет эл инвесторлари ҳуқуқларининг кафолати кучайтирилди;
    • янги эркин иқтисодий зоналар ташкил қилинди.

    Юқорида саналганлар қаторига киритилиши лозим бўлган масалаларнинг саноғи жуда кўп. Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нечоғлиқ кенг қамровли эканидан далолат беради. Бугун республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни бутун жаҳон ҳамжамияти тан олмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча томонидан давлатимиз ва президентимиз хусусида билдирган қуйидаги нутқи юқоридаги фикримиз тасдиғи десак муболаға бўлмайди. “Сўнгги йилларда Ўзбекистон катта қадамларни қўйди. Очиқлик сиёсати билан бутун Марказий Осиёдаги жараёнларга ижобий таъсир қилди.

    Бугун мен Президент Мирзиёевнинг шахсан раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббусларни мамнуният билан таъкидлайман. Ишончим комил, мавжуд масалалар, хусусан пандемия билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттириб учинчи ренессансга йўл очади”. Бундан ташқари, 2019 йилда Буюк Британиянинг The Economist журнали Ўзбекистон Республикасини Йил мамлакати деб эълон қилиниши давлатимиз учун чинакам юксак эътироф эди.

    Бугун илгари сурилаётган ислоҳотлар қанчалик пухта ўйланган, қанчалик кенг қамровли бўлмасин уларнинг самарадорлиги бевосита жамиятнинг ҳар бир аъзосига чамбарчас боғлиқдир. Зеро, кимки жамиятни ўзгартиришни истаса, аввало ўзини ислоҳ қилиши лозим.

    Ислоҳотлар самараси ўлароқ республикамизда шу пайтгача мавжуд бўлмаган, мутлақо янги тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди ва ушбу агентлик тўғридан-тўғри президентга бўйсуниши қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилди. Хўш, мазкур агентликда ким фаолият олиб боради? Албатта, сиз ва биз каби жамият аъзолари. Агар барча жамият ривожи учун, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси учун бирдек масъул эканлигини англаб етмас экан, ўзини ислоҳ қилмас экан Янги Ренессанс ҳам бесамар бўлиш эҳтимоли йўқ эмас.

    Сўнгсўз ўрнида бир йигит ҳақидаги ривоятни келтириб ўтмоқчиман. Қадимда бир йигит бир одил подшоҳ ҳукмронлик қилувчи мамлакатда истиқомат қилар экан. Кунлардан бир кун мамлакат подшоҳи фармон чиқарибди, фармонга мувофиқ сарой олдидаги марказий хиёбонда катта фаввора барпо қилиниши ва ушбу фаввора сут билан тўлдирилиши керак эди. Подшоҳ шу йўл орқали мамлакат довруғини етти иқлимга ёймоқчи бўлибди. Фаввора учун керакли миқдордаги сутни эса бутун пойтахт аҳолиси йиғиб бериши керак эди. Фармонда фаввора қуриб битказилгач, ҳар бир фуқаро тунда бир косадан сутни олиб келиб фаввора ҳовузига тўкиши кўзда тутилган эди.

    Ниҳоят фаввора қуриб битказилди, ўша тунда барча бир косадан сутни ҳовузга олиб келиши лозим эди. Биз юқорида келтирган йигит ҳам кўп қатори сут олиб чиқиши шарт эди. Лекин тўсатдан, йигит ҳаёлига қуйидаги фикр келибди: “Ҳамма сут олиб чиқиб тўкаётган бўлса, мен сув олиб чиқиб тўксам ким билиб ўтирибди, ахир шунча сут ичида бир коса сув нима деган гап”. Шундай қилиб бизнинг қаҳрамон бир коса сувни сут ўрнига олиб чиқиб тўкибди. Эртаси куни подшоҳ ўз мулозимлари билан сутли фавворани кўргани чиқибди. Не кўз билан кўрсинки фавворада лоақал бир коса сут йўқ эмиш. Бутун пойтахт аҳолиси бизнинг қаҳрамон сингари фикрлаб сув олиб чиқиб тўкишган экан.

    Демак, жамият ривожи учун фақат давлат раҳбари ёки амалдорлари эмас, балки шу жамият аъзоси сифатида барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, қардош қозоқ шоири Абай айтганидек “замон бузилса айб замонда эмас замондошларда” бўлади.

    Улфат Шоназаров,

    Тошкент давлат юридик университети

    Ихтисослаштирилган филиали

    Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates