Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан янги таҳрирдаги Озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи савдо корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари (0068-24-сон СанҚваН) ишлаб чиқилди.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Мазкур ҳужжат мулкчилик шаклидан қатъий назар қурилаётган, қайта қурилаётган ва фаолият юритаётган барча озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи савдо корхоналарининг жойлашуви, жиҳозланиши ва уларнинг санитария-гигиеник ҳолати, шунингдек, ходимларнинг шахсий гигиенасига оид талабларни белгилайди.
Ушбу ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига тўсқинлик қилувчи айрим талаблар (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган озиқ-овқат турлари рўйхатига ўзгартиршлар киритиш мумкин эмаслиги, савдо корхонаси қурилиши учун ер танлаш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган бўлиши кабилар) бекор қилинган.
Янги таҳрирдаги ҳужжат билан қуйидаги санитария-гигиена талаблари белгиланган:
- савдо корхоналарини сув билан таъминлаш учун марказлаштирилган маиший ва ичимлик сув таъминотига уланган бўлиши, бунда марказлаштирилган сув таъминоти мавжуд бўлмаган тақдирда, мустақил сув таъминоти тизими қурилган бўлиши;
- озиқ-овқат ва уларнинг таркибий қисмлари, шунингдек ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддаларни (тозалаш воситалари, мойлаш материаллари, ёқилғилар) сақлаш учун алоҳида шароит (қуруқ ва табий ёки сунъий вентиляцияси мавжуд хона) яратилган хоналар бўлиши;
- қадоқлаш учун ишлатиладиган бир маротабалик идишлар инсон саломатлиги учун хавфсиз материаллардан (пластик, картонли, қоғоз) тайёрланган ва тоза, қуруқ бўлиши.
Шу билан бирга, хавф-хатарни олдини олиш мақсадида ишчи ходимларда очиқ яралар, тирналган, кесилган ёки бошқа тери жароҳати бўлганда, жароҳатни пластирь билан беркитиш лозимлиги.
Шунингдек, ходимлар қуйидаги ҳолларда қўлларни суюқ совун билан ювиши ва дезинфекция қилиши лозимлиги:
- иш бошлашдан олдин;
- ишдаги ҳар бир танаффусдан кейин;
- бир жараёндан иккинчисига ўтишда;
- ифлосланган нарсаларга қўл орқали тегилгандан кейин;
- ҳожатдан олдин ва кейин икки марта;
- тоза махсус кийим (пойабзал билан биргаликда) кийишдан ва иш бошлашдан олдин.