Янгиланаётган Конституция – қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитинининг гарови бўлмоқда

    Фикр 19 апрел 2023 828

    Иқтисодиётни модернизациялаш, аҳоли бандлигини ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлашда тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ривожланиши муҳим аҳамият касб этади.

    Шу сабабли мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этиш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, ўтган йиллар мобайнида тадбиркорлик фаолиятини бевосита ёки билвосита тартибга солувчи 170 га яқин Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, шу жумладан, 300 га яқин Президент ҳужжатлари, 2000 га яқин ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.

    Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2016 йил 5 октябрда ПФ-4848-сонли “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан:

    биринчидан, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди;

    иккинчидан, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, шу жумладан жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди;

    учинчидан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар қўлланилишдан озод этилди;

    тўртинчидан, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайдиган бўлди ва ҳ.к.

    Тадбиркорлик соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг кейинги йўналиши – тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартибининг такомиллаштирилиши бўлди. Хусусан, 2016 йил
    28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2646-сонли “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Давлат интерактив хизматлари ягона портали орқали 24 соат давомида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш имконияти яратилди.

    Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташкилий механизмлардан бири Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг ташкил этилишидир.

    Статистик маълумотларга кўра, Вакилга 2022 йил давомида тадбиркорлардан 9 850 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 48 фоизи бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланган, 4 616 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан ўтказилган текширувларнинг қонунийлиги юзасидан амалга оширилган мониторинг доирасида 747 та ноқонуний текширув ўтказилганлиги, 15 280 та ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланган.

    “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”нинг учинчи банди Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларига бағишланди. Унинг асосида иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсад қилинди.

    Бундан ташқари, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниб, тадбиркорлик фаолиятининг фаол ривожланишига тўсқинлик қилаётган кўплаб жиддий тўсиқлар бартараф этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 11 апрелдаги ПФ-5409-сонли “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва руҳсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан 7 та фаолият турини лицензиялаш ва 35 та фаолият тури учун рухсатнома олишни талаб этиш тартиби бекор қилинди, 25 та фаолият турида лицензиялаш ва рухсатнома олиш муддатлари қисқартирилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги
    ПҚ-3677-сонли “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2018 йилнинг
    1 июлидан бошлаб, юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгиланди.

    2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 сентябридан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди.

    Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни “Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими”да рўйхатга олиниши шарт эканлиги ва бундай тартибда рўйхатга олинмаган текширишларнинг ноқонуний ҳисобланиши белгиланди.

    Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитинининг янада ривожлантиришда 2020 йил 1 январдан кучга кирган янги Солиқ кодекси муҳим роль ўйнади. Масалан, Солиқ кодексига асосан юридик ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқлари деярли 50 фоизга камайтирилди ва хусусий тадбиркорлар учун солиққа тортиш тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалаштирилди.

    Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини
    қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилиб, бугунги кунга қадар Жамғарма томонидан тадбиркорлик субъектларининг 46 мингдан зиёд лойиҳаларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилди.

    Статистик маълумотларга кўра, мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси сифатида Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 март ҳолатига жами фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 432 607 та бўлиб (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз), шундан кичик тадбиркорлик субъектлари
    429 031 тани ташкил этганлигини келтириш мумкин. 2015 йилда бу кўрсаткич
    196 000 тани ташкил қилган.

    Шунингдек, бугунги кунга келиб, 200 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробарга туширилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга камайтирилди. 1 минг 200 та давлат корхоналари хусусийлаштирилди.

    Қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширган ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.

    Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилашда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси алоҳида ўринга эга бўлмоқда. Тараққиёт стратегиясининг 26 мақсади бевосита мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўришга,
    29 мақсади эса тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг Ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини
    60 фоизга етказишга қаратилди.

    Президент Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттиришни, ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиб, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлашни, бунинг учун, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштиришни» таъкидлаб ўтган эди.

    Шунингдек, Ш.Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида инвесторларга уларнинг Ўзбекистондаги бизнеси муваффақиятли бўлиши, мамлакатимизда ўзларини ишончли, эркин ва қулай ҳис этишлари учун барча чоралар кўрилишини маълум қилган.

    Бу вазифаларни келгусида ҳам тизимли равишда ва оғишмасдан амалга ошириш учун давлатнинг Асосий қонуни бўлмиш Конституцияда давлатнинг қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашига оид нормаларнинг мустаҳкамланиши зарурияти юзага келди.

    Шу сабабли олиб борилаётган ислоҳотларнинг кафолати сифатида эндиликда янгиланаётган Конституцияда давлат томонидан қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Конституция лойиҳаси 67-модда билан тўлдирилиб, ушбу моддада қуйидаги нормалар назарда тутилмоқда:

    “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди.

    Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

    Монопол фаолият қонун билан тартибга солинади ва чекланади”.

    Мазкур норма қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш учун мамлакатда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг таъминланиши, мукаммал ва барқарор қонунчилик базаси ва суд-ҳуқуқ тизимининг амал қилиши, ҳалол рақобат қилиш имкониятининг яратилиши, рухсат олиш ва ҳисобдорликнинг имкон қадар чекланиши, адолатли солиқ тизимининг амал қилиши, энг муҳими, даромадларни эркин тасарруф этишни чекланмаганлиги ҳамда инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар тақдим этилишини кафолатлайди.

    Хорижий давлатларда, хусусан, Хитой, Хорватия ва Ветнам Конституцияларида инвестициявий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар мавжуд.

    Жумладан, Хитой Халқ Республикаси Конституциясининг
    18-моддасида Хитой Халқ Республикаси хорижий корхоналарга, бошқа ташқи иқтисодий ташкилотларга ва инвесторларга Хитойга сармоя киритишга ва Хитой Халқ Республикаси қонунчилигига мувофиқ Хитой корхоналари ва бошқа иқтисодий ташкилотлар билан иқтисодий ҳамкорликнинг турли шаклларига киришишга рухсат бериши белгиланган.

    Хорватия Конституциясининг 49-моддасида эса чет эллик инвесторларга инвестиция қилинган фойда ва капитални текин ўтказиш ва репатриация қилиш кафолатланиши назарда тутилган.

    Ветнам Конституциясига кўра, давлат томонидан тадбиркорлар, корхоналар, жисмоний шахслар ва бошқа ташкилотларнинг иқтисодиёт тармоқларига ва миллий қурилишнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган сармоя киритиши, ишлаб чиқариши ва тадбиркорлик билан шуғулланиши рағбатлантирилади, уларга қулай шарт-шароитлар яратилади, жисмоний шахсларнинг, инвестиция, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ташкилотларининг шахсий мулки қонун билан ҳимоя қилинади ва миллийлаштирилмайди.

    Янгиланаётган Конституцияда давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши бўйича қоида мустаҳкамланиши биринчидан, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга ва давлат тузилмаларининг масъулиятини оширишга, иккинчидан, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, хусусий мулк ҳимоясини янада кучайтиришга ҳамда инвестиция бозоридаги рақобатни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг ўз фаолиятини янада эркин амалга ошириши учун ҳуқуқий кафолатлар таъминланади, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашда эркин бўлади, инвесторлар ҳуқуқ ва манфатлари ҳимояси кучайтирилади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

    Адиба Сафарова,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти
    масъул ходими

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates