баннер
1 апр 2025
02:29

    Яроқсиз шиналар санъат асарларига айланиб, ойига 10-15 миллион даромад келтирмоқда

    Ўзига тўқ қўшнимиз елим идишларни чиқиндихонага олиб чиқаётганимизни кўриб, «Шуларни ташлаб юбормай, ҳар гал бизга беринглар», деди.

    Аслида, ободонлаштириш ходимлари ҳам елим идишларни аввалгидай чиқиндига отиб юбормай, алоҳида ажратиб оладиган бўлган. Бироқ қўшнига керак эканми, бегона қилмаганимиз яхшида. Қолаверса, қўшнимиз елим идишлар, қаттиқ, қалин қоғозлардан бежирим буюмлар ясар экан.

    Шу пайтгача оддий баклажкадан ажойиб гуллар, гултувак, қаламдон каби буюмлар ясаётганларни эшитганмиз, кўрганмиз. Лекин осонгина бужмайиб кетадиган бундай идишлардан маҳобатли тарихий обидаларимиз макети ясалаётганига нима дейсиз? Ким учун бу ҳам янгилик эмасдир балки. Бироқ биз Самарқанднинг Нарпайидаги 1-мактабгача таълим ташкилотида кўрганимиз ажойиб қўл меҳнати намуналари муаллифи ким экани билан қизиқдик. Боғча мудираси Манзара опа Ниёзова бу макетларни нафақадаги тарбиячилардан бири тайёрлаб бераётганини айтди. Кўз билан кўрсангиз, «қойил-эй», дейишингиз аниқ. Нима бўлганда ҳам бир марталик баклажкаларни чиқиндига ташлаб, табиатга зарар келтиргандан кўра мана шундай буюмларга айлантириб, фойдаланган яхшида! Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, деганларидек, бунинг учун маҳорат керак.

    Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовни хотирлаб, қайсидир вилоят раҳбарларидан бири билан бўлган воқеани айтиб берганди. Вилоят раҳбари шоиримизга «Қўйиб берсангиз, бу қўлигул халқимиз нималарни ўйлаб топмайдия!» дейди ҳайрат билан. Ҳозиржавоб шоиримиз лутф қилади: «Бир қўйиб бермайсизми?».

    Шунинг сингари нарпайлик мудира опа ҳам Илина каби тарбиячиларга бор маҳоратини ишга солиш учун имкон яратиб берган. Ажабмаски, бундай эркин ижодкорлик муҳитида яна кўплаб ажабтовур буюмлар яралса. Яралганида ҳам уларни шундай тарғиб қилишимиз керак бўладики, ҳеч ким елим идишларни дуч келган ерга улоқтириб ёки чиқиндига ташлаб юбормасин. Шу ҳақда ўйлаб туриб, қанийди, барча маҳаллаларда креатив фикрлаб, ҳам экологияга, ҳам рўзғорга манфаат келтирадиган маҳсулотлар яратувчи тадбиркорлар бўлсаю, тарғиботга ўрин ҳам қолмаса, дейсиз.

    Масалан, Зангиота туманининг Туркистон маҳалласида истиқомат қилаётган Назар Интимоқовга ўхшаган изланувчан инсонлар кўпайса, атроф-муҳитга ҳам яхшигина манфаат келтиради. Зеро, қаҳрамонимиз отаси ва ака-укалари билан бирга машиналардан чиққан яроқсиз шиналардан кўз қувнайдиган буюмлар ясаётганига 10 йилдан ошди.

    Мактабда мусиқа фанидан дарс берган ёш тадбиркор аввалига болалар боғчаларига гипсдан турли кўринишдаги ҳайвонлар, лайлаклар тайёрлаган. Лекин бундай маҳсулотларни олис ҳудудларга юбориш қийин бўлгани учун креативроқ хомашё — чиқинди шинадан ясашга қарор қилади. Бу ­борада унга интернет беминнат устоз бўлди. Айниқса, Бразилия, Россиянинг тажрибаси кучли эканини айтади у. Бироқ хорижликлар яратаётган маҳсулотлар айнан кўчириб олинмайди. Ўзимизнинг қадриятларимиз, миллийлигимизга мосланади. Дўппи кийган ўзбек қизларидан тортиб, мультфильм қаҳрамонларигача болаларга манзур бўладиган 50 хилдан зиёд намуна яратиляпти. Эскирган баклажкалар шинадан ясалган гултувакларда «ўсиб», қийғос очилган гулга айланади. Умуман олганда, маҳсулотлар дизайнига асосан миллий маънавиятимиз, қарашларимиздан келиб чиқиб ёндашилади.

    Шунингдек, мактабларда йўл ҳаракати дарси учун керак бўладиган буюмлар, танклар ҳам тайёрланади. Битта танк учун 15 тадан кўпроқ шина керак. Зеро, танкларнинг ички қисмлари ҳам тўлиқ шинадан ясалади. Бу эса фойдаланувчилар учун қулайлик, юмшоқликни таъминлайди.

    — Ҳар қандай янги фаолият, бизнес бирданига гуркираб кетмайди. Бизнинг ишларимиз ҳам аввалига унча ўхшамади. Вақт ўтгани сари жараённинг ўзи сизни тоблаб, ишнинг устасига айлантириб бораркан. Ҳозир ишимизни яхши биламиз. Отам рассом бўлгани учун бўёқ ишларида маслаҳат беради, безаш ишларини асосан ўзи қилади. Биз майдароқ элементларни чизиш ва бўяшда ёрдам берамиз. Бир соатда, 2-3 кунда тайёр бўладиган буюмлар бор. Уларнинг турини янада кенгайтириш учун янги-янги ғоялар устида изланамиз. Энг арзон маҳсулотимиз нархи 100 минг сўмдан юқори. Энг қиммати 600 минг сўмгача. 120 минг сўмлик маҳсулотдан 30 минг сўмлик фойда қолади. Асосан, боғчалар, мактаблардан буюртмалар бўлади. Кўп қаватли уйларнинг болалар ­майдончалари учун ҳам сўраб туришади. Уларга маҳсулотларимизни соя тушадиган жойга ўрнатишни тавсия қиламиз. Чунки улар тўғридан тўғри қуёш нури остида қолса, сифати ўзгариши мумкин. Гуллар, дарахтлар орасига ўрнатилса, 5 йилгача туради. Шунинг учунми, етказиб бериш қийинроқ бўлсада, республика бўйлаб буюртмалар бўлиб туради, — деди тадбиркор.

    Чиқинди ўрнидаги нарса бўлса, хомашё деярли текин эканда, дейишингиз мумкин. Тўғри, баъзан текинга берувчилар ҳам топилади. Бироқ катта ҳажмда маҳсулот тайёрлаш учун бир-иккита шина урвоқ ҳам бўлмайди. Назар Интимоқов ҳовлисида тахланиб ётган хомашёни шина ямайдиган дўконлардан сотиб олади. Эътиборлиси, деярли ҳеч қайси маҳсулот чиқиндига чиқмайди. Ҳатто бўёқлардан бўшаган идишлар ҳам ўйинчоқ машина, мототциклларнинг ёритиш чироқларини тайёрлашга ишлатилади. Чиқинди ўрнида ҳисоблансада, резина шиналар чиқиндихоналарга ташланмайди. Зеро, бундан экологияга катта зарар етади.

    Шу ўринда айтиш жоизки, интернет маълумотларига кўра, Европанинг аксарият мамлакатлари муддати тугаган шиналарни чиқиндига ташлашни тақиқлаган. Европа Иттифоқи уларни қайта ишлашга йўналтириши ортидан ҳар йили 500 минг тоннага яқин фойдаланилган шиналар янги маҳсулотга айланади. Бироқ кўплаб давлатларда эскирган резина шиналар муаммоси бартараф этилмаган.

    Мавзуга дахлдор бўлгани учун америкалик Эд Филбин ҳақида ҳам икки оғиз айтайлик. Маълумотларга қараганда, у катта маблағ олиб келади деган умидда 30 йилда деярли 42 миллионта шина йиққан. Бироқ уларни сақлашдан ўзи ўйлаганчалик фойда бўлмаслигини билгач, барчасини кўтарасига сотишга қарор қилади. Шиналарни сотиб олган хусусий компаниялар улардан электр энергияси ишлаб чиқаришда ёқилғи ўрнида фойдаланади. Маҳаллий ҳукумат эса ёқилаётган резиналар ҳавони дудга тўлдираётганидан норозилигини билдиради. Аммо яшин тушиши оқибатида миллионлаб шиналар бир ой давомида ёнади. Табиатга зарар етади. Табиийки, шундан кейин Эд Филбиннинг шина йиғиш фаолиятига рухсат берилмайди. Чунончи, резина, пластмасса буюмлардан чиқадиган зарарли тутун, ёқимсиз ҳид одамлар соғлиғига салбий таъсир этади.

    Айни кунларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар иссиқхоналарда экологик назорат тадбирлари ўтказаётгани бежиз эмас. Текширишлар натижасида айрим тадбиркорлар атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи воситалар, хусусан, шиналардан фойдаланаётгани аниқланяпти. Уларга тегишли тартибда жарима қўлланилаётгани ҳам бошқаларнинг хулоса чиқариши маъносида мақсадга мувофиқ. Назар Интимоқов сингари тадбиркорларни эса қўллаб-қувватлаш керак. Унинг фаолияти ҳақида ижтимоий тармоқларга жойланган биргина лавҳа остига юртдошларимиз ёзиб қолдирган фикрларга эътибор беринга:

    «Чиқиндини пулга чақиб, пулни пулга уриб, рўзғорини обод, одамларни шод қилаётган ишбилармонлар кўпайсин», «Омад шу йигитимизга, отасига раҳмат, давлатга боқиманда бўлиб қолган, етти мучаси соғ инсонларга ибратли видео бўлибди», «Ишлайман деган йигит-қизларимизга мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилганига яна бир мисол бу, омадингизни берсин, укажон», «Офарин. Ўз кўзим билан кўрмаганимда ишонмасдим. Жуда ажойиб».

    Бу каби изоҳларни узоқ давом эттириш мумкин. Нима дейсиз? Асосий хомашёси бурама мих, бўёқ, эски баклажка ва шиналар бўлган яратувчанликка хайрихоҳлик, маънавий қўллаб-қувватлаш керакми?

    Қолаверса, кимлардир ундан руҳланиб, шундай ишга қўл урмоқчи бўлаётгандир. Тадбиркорга озгина ер ажратиб берилса, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб ёки МЧЖ ташкил қилиб, чоғроққина устахона қуриб олади, иш ўрни ҳам яратади.

    Давлатимиз раҳбари ёшлар билан навбатдаги мулоқотида тадбиркорлик қиламан, одамларни иш билан таъминлайман деган ёшларга барча шароитлар яратиб берилишини айтди. Айниқса, «Алоқабанк»нинг ёшлар банкига айланиши айни муддао бўлди. Зеро, банк энди Назар Интимоқов каби ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача имтиёзли микроқарз ажратади. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор бўлиб, 20 нафар ёшни ишга олган йигит-қизларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилиши миллионлаб тенгдошлари қатори уни ҳам руҳлантириб юборгани аниқ. Чунки хонадонида ўз фаолиятини янада кенгайтириш учун имкон йўқ, шароит етарли эмас. Баъзан шиналарни тахлаш учун ҳам жой торлик қилади. Бу ҳақда у маҳалланинг ёшлар етакчисига айтган. Маҳсулотларини вилоят ҳокими ҳам эътироф этган тадбиркор агар шароит бўлса, бажонидил шогирдлар тай­ёрлайди. Аввал пойтахтдагина мавжуд бўлган мижозлар ҳозир Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларида ҳам пайдо бўлгани, ҳатто аёллар бу ишни ўрганиш истагини билдираётгани уни ҳаракатга келтириб қўйган.

    Ўйлаймизки, мутасаддилар ёш тадбиркорнинг истаклари амалга ошишига ёрдам беради. Шунингдек, ёшларга бўлаётган чексиз эътибор натижасида улар тадбиркорни ранжитган бир масалани ҳам ижобий ҳал қилиб беришса, айни муддао бўларди. Зеро, 2023 йилда қўл меҳнатлари кўргазмасида қатнашиб, 2-ўринни эгаллаган Назар Интимоқов 2 миллион сўм пул мукофоти учун сертификат олган. Аммо мукофотдан ҳалигача дарак йўқ. Арзимаган эътибор билан бир тадбиркорни руҳлантириб, яна янги-янги ғояларга ундаш мумкин. Айниқса, атроф-муҳитни асраш масаласи бирламчи бўлиб турган бир пайтда бу борада ўз салоҳиятини ишга солиб, барчага ибрат бўлаётганларга ҳар қачонгидан кўпроқ ёрдам беришимиз керак!

    Муножат МЎМИНОВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech