Куни кеча “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Унда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари, шунингдек, бугунинг долзарб масалалари: яшил иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорлик, ҳудудий иқтисодий ривожланиш, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатлари каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.
Давра суҳбатида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Алиханов томонидан яшил иқтисодиётга ўтиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ва миллий даражада қабул қилинган стратегиялар ва бошқа ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, маърузачи табиий ресурслар чекланганлигини ҳисобга олиб барча тармоқ ва соҳаларда инновацион технологияларни кенг жорий этиш, қонун ҳужжатларни ишлаб чиқишда табиий ресурслардан самарали фойдаланиш талабларини инобатга олиш, атроф муҳитни ифлослантириш даражасини пасайтиришнинг муҳимлиги тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш, атроф муҳит ва табиатдан самарали фойдаланиш жараёнларини ташкил этишда жамоатчиликни кенг жалб этиш лозимлиги қайд этиб ўтди.
Давра суҳбати яшил иқтисодиётга ўтиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. “Ўзбекистон – 2030» стратегиясига асосан мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини 2030 йилга қадар 25 минг МВт га ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш, иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 2010 йилдаги даражадан 30 фоизга қисқартириш каби чоралар кўзда тутилганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Давра суҳбати сўнггида Жаҳон банки экспертлари томонидан иқлим ўзгариши ва экологик омилларнинг аҳоли фаровонлиги ва саломатлигига таъсири бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари тақдим этилди.
Ўз вақтида иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари кўрилмаса, бу миллий иқтисодиётга жиддий таъсир этиши мумкинлиги қайд этилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштириш, турли соҳаларда сув ва энергия ресурсларини тежаш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш бўйича тезкор чора-тадбирларни самарали амалга ошириш лозим деган хулосага келинди.