ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Яшил ривожланиш глобал институти ўртасида республикада «яшил» ривожланиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва GGGI ўртасидаги келишувга мувофиқ, ҳозирги кунда қиймати 5,9 миллион доллар бўлган «Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш учун Оролбўйи минтақаси учун яшил тикланиш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Орол денгизида яшил агросаноат ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Музокаралар давомида Франк Райсберман GGGI Ўзбекистонда экоинновациялар, энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш каби йўналишларда турли дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.