Улуғларимиз “Ватанни шунчаки севиш мумкин эмас, унинг дарди билан яшамоқ, бахтидан қувонмоқ, у билан фахрланмоқ керак”, дейди. Юрт сарҳадларидаги фаровонликдан завқланиш, ғурурланиш эса ижодкорга ўзгача завқ ато этади. Инсон руҳиятининг жозиб кечинмаларига бундан ортиқ таъриф йўқ.
Не-не заколарни камолга етказган, не-не даҳоларни элга қўшган беназир замин, тилидан шукрона тушмайдиган, меҳнатидан барака топган, мард ва оқкўнгил инсонлар юрти — Қашқадарё бу!
Самарқанд калом илми мактабининг билимдон тарғиботчиси, машҳур жаҳон мутафаккири Абу Муин Насафий, Евроосиёнинг йигирма етти давлатида адлу имон тамойилини ўрнатган, бошқарув ва ҳарбий бошқарув санъати асосчиси музаффар Соҳибқирон Амир Темур Ватани.
Испан элчиси жаноб Клавихонинг “Самарқандга саёҳат” кундалик асарида таъкидланган, ҳазрат Соҳибқирон онасига атаб 24 йил давомида қурдирган (1380-1404) муаззам Оқсаройнинг пештоқларида “Агар бизнинг шон-шуҳратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг”, деган пурҳикмат сўзлари бугун улкан қурилишлар майдонига айланган янги Ўзбекистоннинг қад ростлаётган янги иншоотларидан мужда бергандек гўё.
“Яшнагай тоабад илму фан ижод”, деб файласуфона башорат қилган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоирининг дунё сўз салафлари тан бериб ўқиётган энг нодир шеърлари меҳнаткаш воҳанинг оддий, камтарин, танти инсонларига бағишлангани кундек аён.
Яшил шаҳрим — Шаҳрисабз
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг “Бир Ватан — бир мақсад” лойиҳаси доирасида таниқли олимлар, шоиру ёзувчилар, маданият ва санъат фидойилари сафида азим Қашқадарё заминига йўл олдик. Сафаримиз Шаҳрисабз туманининг Мевазор маҳалласидан бошланди.
Ораста ва гулга бурканган маҳалла маркази ўтган йили ишга туширилган. Обрўли маҳалла. Сабаби, 6500 киши яшайдиган ҳудуд оқсоқоллари, оқила аёллари ҳар бир оилани, ҳар бир фарзандни доимий меҳр ва ардоқда кўради. Кейинги бир йилда бирорта ажрашиш ёки жиноят кузатилмаган.
— Аёлнинг бахти оиласи, маҳалласи тинчлигида бўлади. Кўнгли тинч аёл болалари, уй эгасининг хизматидан оғринмайди, — дея сўз бошлайди хотин-қизлар фаоли Шоҳистахон Имомова. — Яхши одатимиз бор: энг кўп китоб ўқиган, фарзандлари ютуқларга эришган, ҳовлисини тоза тутган, энг саранжом, ҳовлиси ва кўчаларида дарахт, гул кўкартирган оилаларимизни оқсоқоллар ва фаол аёллар даврасида тақдирлаймиз, болаларини ўрнак қилиб кўрсатамиз.
Шоҳистахон янги ишга тушган маҳалла кутубхонасига бошлайди. Мумтоз, замонавий, хорижий 1200 адабиётдан иборат кутубхонада аёллар гавжум. Улар ўқиган китоблар картотекасига назар ташлаймиз: Бедил, Фурқат, Муқимий, Жек Лондон, Эрнест Хемингуэй, Тоғай Мурод, Беҳбудий...
Ярқираган, тоза йўлаклар, яшил майдончалар, кичик фавворалар... Маҳалла марказига ўхшамайди, худди катта идоралар маҳобати бор. 200 ўринли тадбирлар зали маҳалла аҳлининг тўй-ҳашамларини ўтказишга мўлжалланган. Марказ четидаги шинам уч хонали хизмат уйида профилактика инспектори Жаҳонгир Даминов яшайди. Келин Дилсўзхон ош пиширяпти, ёнида ўғиллари Асилбек, Азизбек, Билолбек.
Келин бизни уйга бошларкан, хурсандлигини яширолмайди. “Опа, бу йил янги хизмат уйига кўчиб келдик. Илгари турмуш ўртоғим туманнинг Қўшқанотидан ўнлаб километрдан қатнарди. Энди эса барча шароити бор хонадонимизнинг ёнгинасида фаолият юритяпти. Мен ишлаётган, болаларим ўқиётган мактаб ҳам яқин. Шундай маҳаллада яшаш қандай яхши!” дейди.
Маҳалла спорт залидаги дзюдо тўгараги 200 га яқин ўсмир билан тўлган. Мураббий Асрор Узоқов бошчилигида Фарғона ва Қарши шаҳарларидаги халқаро ва ҳудудий турнирлар ғолиблари Сардор Раҳмонқулов, Азизбек Расулов, Ҳумоюн Турдиқулов табрикланади. Эсдалик совғаларни маҳалла раиси Санжар Абдуаҳатов топширади.
Маҳалла кишиларининг ўзаро бир оила аъзоларидек муомаласи ниҳоятда ҳавас қиларли. Айниқса, касаначилик, қўл меҳнатини йўлга қўйган, маҳалланинг ўнлаб келинига ишлаш учун шароит яратган, дўппи, сўзана, ёстиғу кўрпачалар, тақинчоқлар, декоратив гуллар ясашни ўргатаётган Дурдонахон Темирова, Манзура Норовадан ҳамма миннатдор.
Таниқли шоирлар Зулфия Мўминова ҳамда Дилшод Ражабнинг шеърий саломи санъаткорларнинг қўшиқларига уланиб кетади...
* * *
Шаҳрисабз маданият марказидаги тадбирда “Ўзбекистон — Ватаним маним” қўшиғи залдаги ҳамма томошабинлар жўрлигида янгради. “Эл-юрт ҳурмати” ордени совриндори, воҳа санъаткорлари устози Элмурод Боймуродов ва марказ ҳузуридаги “Маржона” гуруҳи раҳбари, иқтидорли мақом ижрочиси Маъмура Холованинг дил изҳори барчага ўзгача таассурот қолдирди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова соҳир овозда мақомни авж пардаларда куйлай бошлайди. Қатор мақом усталари давом эттиради. Отахону онахонлар, зебо келинлар, гулчеҳра қизлар рақслари назму шеър байрамига оро беради.
Мираки мўъжизаси
Ҳисор тоғ ёнбағирларида жойлашган, Оқсув дарёсининг икки қирғоғи чаман очилган ранг-баранг гуллар билан қопланган йўлаклар сари борар эканмиз, бу оромгоҳ, мўъжизанинг кечагина ташландиқ майдон бўлганини, ҳар ким ўз ҳолича фойдалангани, шох-шабба, ёввойи табиат ҳолидаги манзара бўлганига ишонгимиз келмасди. Салкам ўн километрлик бу яшил йўлакда пиёда ёки велосипедда айланиш имкони борлиги, ён-атроф эса кўзни қувонтирар даражада чиройли безатилгани, болалар майдончалари, нуронийлар маскани, оилавий меҳмон уйлари ҳақиқий дам олиш учун ниҳоятда дид билан безатилгани диққатимизни тортди. Ота-оналари, ака-укалари, бутун оиласи билан дам олгани келган бухоролик, хоразмлик, қорақалпоғистонлик элдошларни кўриб, “Мираки” яхлит туризм маскани бунёдкорлари меҳнатига ҳурматимиз ошди.
“Miraki and spa resort” дам олиш ҳудудида жойлашган меҳмонхонадаги қулайликлар, коммуникация, дам олувчиларга яратилган шароитлар юқори сифатга эга. 300 ўринли оилавий хостелларда яшаш учун ҳамма имконият бор — ўчоқдан тандиргача, кичик сув ҳавзасидан духоба кўрпачалар тўшалган сўриларгача, электрдан сувгача, ҳатто болалар майдончаларигача. Алоҳида шароитларга, шарқираган дарёнинг зилол сувларида мириқиб чўмилаётган болаларга боқиб, йил бўйи меҳнат қилиб, бугун завқ билан дам олаётган юртдошларимиз кўзидаги қувонч — бошқача, ҳузурли.
Айниқса, бу масканга келиш учун самолёт, поезд, машина йўли қулайлиги, теп-текис дафтарнинг бетидай ярақлаб турган асфальт кўчалар, ҳар икки томондаги овқатланиш, маиший хизмат, кўнгилочар бекатларни кўриб, қишин-ёзин дам олишга келаётган ўзбекистонлик ва хорижлик меҳмонлар янаям кўпайишига ишонч ҳосил қилдик. Бу юзлаб ёшларнинг доимий иш ўрнига эга бўлиши, оилалар даромадига барака олиб кириши билан янада қувонарли.
Денгиз сатҳидан 2700 метр баландликдаги ажойиб бўстонга Ҳисорак сув омборига туташ ҳудудда барпо этилган икки километрлик дор йўли орқали чиқилади. Ўзбек ва Европа таомлари уйғунлигидаги емакхоналар, кичик дам олиш зоналари, зийнатли ландшафтлар кишига завқ бағишлайди. Илгари бундай масканларни Европада кўрган, эшитган бўлсак, инсон қўли билан барпо этилган “Мираки мўъжизаси”ни Ўзбекистоннинг Швейцарияси деб атагимиз келди.
Чўл қўйнидаги жаннатмонанд жой
Шаҳрисабздан салкам икки соатлик йўлда жойлашган навқирон Кўкдала туманига борган одам чўл бағрида ястанган бепоён яйловлар, қуюқ дарахтзорлар, серҳосил полиз майдонлари оша юриб-юриб, чўл бағридаги жаннатмонанд жойга кириб қолгандек ҳис этаркан ўзини. Бу ердаги бир-бирига ўрин бермай гуркираб ўсаётган митти гуллар ранг-баранглиги, кичик фавворалар, яшил ва қўнғир тусдаги шаклдор йўлакларни кўриб, сафдаги аскарлардек қатор турган сарвқад манзарали дарахтлар, кўзни қамаштирган кўп қаватли уйлар, Еттитом яқинидаги Янги Ўзбекистон массиви манзараси инсон онг-тафаккури, меҳнати ва фидойилиги қисқа муддат — уч йилда мўъжизалар яратишга ёрқин далолатдек гўё.
Муҳташам санъат саройи 255 ўринга эга томоша зали, махсус овоз ёзиш студияси, барча замонавий чолғу асбоблари, мукаммал иситиш ва совитиш мосламалари билан тўлиқ таъминланган. Киришда ўзбек санъати дарғалари, жадид маърифатпарварлари илмий-маърифий ижодидан дарак берувчи ёрқин фотосуратлар, замонавий ўзбек ва хориж адабиётидан иборат кутубхона бор.
Янги сарой ҳовлисида суҳбатимиз бошланади. Туман нуронийлар кенгаши раиси Қурбонназар Жумаев “Илгари оддий бир ҳужжат (маълумотнома) учун ҳам Чироқчига бориб келишга тўғри келарди. Касал бўлсак, умримиз Чироқчи йўлларида ўтарди. Ҳозир марказда ярим соатда ишимиз битади. Тошкент шифохоналаридан қолишмайдиган марказий кўп тармоқли шифохонамиз, оилавий поликлиникаларимиз, замонавий мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларимиз барча зарур инфратузилма қулайликларига эга. Ҳокимликда жойлашган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази комплекс шаклдаги дастурий тизим орқали 55 та дахлдор ташкилотнинг барча маълумоти билан интеграция қилинган. Нуронийларнинг ҳар бири маҳалла фаоллари билан бирга барча ишда бош-қош. Ўндан ортиқ набирам билан кутубхонадаги китоблардан олиб ўқиймиз ва албатта, маҳалла оқсоқоллари билан бирга китоб, мутолаанинг фойдаси беҳисоб эканини ёшларга тушунтиришга ҳаракат қиламиз”, дейди. Оқсоқолнинг самимий сўзларига бошқалар ҳам қўшилади.
Кечки маънавий-маърифий тадбирда иштирок этган Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, Бўзатов фестивали ғолибаси Жасмина Шералиева замонавий қўшиқчилик асосида миллий қадриятлар ўрни ҳақида дилдан сўзлайди, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан парча куйлайди. Яна бир ёш ижодкор, иқтидорли ҳофиза Мафтуна Асадуллаева мазкур санъат саройида рубоб, дутор, доира, чанг ва ғижжак сирларини маҳорат билан ўрганаётган укалари, мактабдошларини таърифлайди. “Энди бизнинг ҳам тадбирлар ўтказадиган чиройли жойимиз, ёшлар билан йиғилиб, баҳс-мунозара, танловлар ташкил этиш имкониятимиз бор. Келгусида Ўлмас Саиджонов, Насиба Сатторова сингари машҳур ҳофиз бўлиб, Кўкдалани дунёга танитамиз”, деб ният қилади. Унинг дилкаш изҳорлари Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада институти профессори, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматовнинг жарангдор қўшиқларига уланиб кетади.
Кўкдала осмонида юлдузлар милтираб ёна бошлайди, ўткир чироқлар ярқираб, янги сарой ҳовлисини баралла ёритади. Пойтахтлик ва кўкдалалик ижодкорлар иштирокидаги ҳақиқий санъат байрами бошланади...
Академик ўқиган мактаб
Мирзо Бедилнинг “Илм инсоният гавҳаридир” деган ҳикмати илмни қадрлаганларнинг ҳаёт йўлида йўлчироқ бўлиб порлаб туради. Илмий-маърифий имкониятлар болаларимиз тафаккурида бебаҳо қадрият сифатида шаклланмай туриб, келажакни ёрқин кўра олмаслигимиз бор гап.
Чироқчи туманидаги 1-мактаб ҳузурида Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов номидаги “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактаби очилган. Таниқли олим раҳбарлигида мактаб етарли даражада компьютерлар жамланмаси, илмий ва бадиий адабиётлар, керакли жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган. Бу иқтидорли ўқитувчи ва ўқувчиларни рағбатлантириш, янги иқтисодий дастурларни етказиб бериш, истеъдодли ёшларни халқаро танловларга тайёрлаш борасида муҳим аҳамиятга эга.
Ёшларга яратилаётган шароит энг нодир капитал — янги кашфиётларга йўлланма беради, воҳада Қаландар Абдураҳмоновдек академиклар вояга етишига мустаҳкам замин яратади. Зеро, муқаддас китобларда нақл қилинганидек, “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир”.
Меҳру ардоқ дийдори
Яккабоғ туманида жойлашган вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказидаги учрашувларимиз кекса ва ногиронлиги бор отахон-оналаримизнинг юртимиздаги ислоҳотлар, юртдошларимиз, хусусан, қарияларимизга берилган эътиборга шукроналик изҳорлари билан давом этди. Марказда 130 юртдошимиз яшайди, даволанади. Уларга барча қулайлик, ижтимоий шароит яратиб берилган.
Анча йилдан бери ушбу марказда яшаётган Қудрат ота Турсуновнинг “Аждодлар садоси”, “Ҳар ҳолатда яшаш зарур” китоблари нафақат бу ерда яшаётганлар, балки марказ ходимлари орасида ҳам машҳур. Бири китоб ёзаётган, бошқаси сурат чизаётган, тикувчилик, косиблик, устачилик билан шуғулланаётганларнинг ҳаётга муҳаббати, атрофида уларни ардоқ билан парваришлаётган оқ халатли ходимларнинг савобли меҳнати ҳақида Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев бундай дейди: “Туманимиздаги барча байрам, арафаю ҳайит мана шу марказдаги азизларни йўқлашдан бошланади. Яккабоғ одамлари — мард, биз меҳрга, яхшиликка муштоқ кекса ва ногиронлиги бор азизларимизга қанча меҳр берсак, шунча ишимизда ривожланиш бўлади. Зотан, инсон меҳри, инсон юраги ардоқлансагина ҳаёт янада гўзал кўринади”.
* * *
Биз борган давраларда янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун қашқадарёликларнинг шукронасини кўрдик, сидқидилдан дуоларини тингладик. Инсоннинг дилидан жой олган ният, ушалиши керак бўлган орзу қачон тилга чиқади? Танти юртдошларимиз бу ҳикматли сўзларни дуода изҳор қилади. Дуода гап кўп. Қайси жойда эзгу ишга киришилса, унинг олдидан ёши улуғ инсонлар дуоси олинади.
Яккабоғлик 87 ёшли Абдуллажон ота Зокировнинг дуоларида, аввало, юртга тинчлик, фаровонлик истаклари янгради, Қашқадарёдаги ислоҳотларга камарбаста инсонларга омонлик, зафар ва муваффақият сўралди.
Чин дилдан ихлос билан қилинган дуолар ҳамиша ижобат топқусидир!
Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
фалсафа фанлари доктори, профессор
(“Янги Ўзбекистон” газетаси. 2025 йил 1 июль, 133-сон)








