“Ёпиқ циклли иқтисодиёт”нинг афзалликлари нимада?

    Мамлакатимизда “2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси”  қабул қилинган. Унда биоиқтисодиётнинг асосий тармоқлари — қишлоқ, сув ва ўрмон хўжаликларида самарадорликни ошириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлашни такомиллаштириш каби йўналишларда чора-тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган.

    Президентимиз табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.

    Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатлар, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кучайтирилди.

    Фикримизча, экология ва атроф-муҳитни асраш чиқиндиларни камайтириш ва уларни қайта ишлаш тизимини самарали йўлга қўйишга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Сўнгги йилларда дунёдаги кўплаб мамлакатлар ёпиқ циклли иқтисодиёт экологик муаммоларни ҳал қилишнинг асосий чораси деб ҳисобламоқда.

    Чунки у атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш билан бирга, ресурсларни тежаш, биологик хилма-хилликни асраш, ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг барқарор моделларини яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ушбу йўналишларда инновацияларни татбиқ этиш, бизнесни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

    Сабаби, бугун бутун дунёда чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш суръати йил сайин ошиб бормоқда. 2020 йилда дунёда жами 2,24 миллиард тонна қаттиқ чиқинди ҳосил бўлган. Унинг атиги 17 фоизи қайта ишланган. 2050 йилга бориб аҳолининг тез суръатлар билан ўсиши ва урбанизация туфайли йиллик чиқиндиларнинг вужудга келиши 2020 йилдагига қараганда 73 фоизга ошиб, 3,88 миллиард тоннага етиши кутилмоқда.

    Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда ҳам қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлишининг йиллик ҳажми 14–14,5 миллион тоннани ташкил этиши башорат қилинмоқда. Аҳоли сонининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиши ҳисобга олинганда эса, ушбу кўрсаткич 2028 йилга бориб 16–16,7 миллион тоннага етиши мумкин экан. Ҳозирги кунда ушбу чиқиндиларнинг атиги 14 фоизи қайта ишланмоқда. Шу боис, дунёдаги қатор мамлакатлар қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтириш ва маҳсулотлардан такроран фойдаланиш ёки уларни қайта ишлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрмоқда.

    Нидерландия 2030 йилга бориб ресурслардан фойдаланишни 50 фоизга камайтириш ва 2050 йилгача чиқиндиларсиз ёпиқ циклли иқтисодиётга тўлиқ ўтишни мақсад қилган. Францияда эса 100 фоиз ёпиқ циклли иқтисодиётга ўтишга оид 50 та чора-тадбирни ўз ичига олган ёпиқ циклли иқтисодиётга ўтиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

    Чиқиндисиз иқтисодиёт

    “Ёпиқ циклли иқтисодиёт” — бу мақсадга кўра тикланадиган ёки қайта тикланадиган саноат тизимидир. У “ҳаётнинг тугаши” концепциясини қайта тиклаш билан алмаштиради, қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишга ўтади ва материаллар, маҳсулотлар, тизимларнинг яратилиши орқали чиқиндиларни йўқ қилишга қаратилган иқтисодиётдир.

    Оддий сўз билан айтганда, циркуляр иқтисодиёт чиқиндисиз ишлаб чиқаришни ташкил этишни ва чиқиндиларни қайта ишлашни тушунишимиз мумкин. Бунда чиқиндисиз технологиялардан фойдаланилади. Чиқиндисиз технология, инсон эҳтиёжлари доирасида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш учун билимлар, усуллар ва воситаларни амалий қўллашдир.

    Чиқиндисиз технология идеал ишлаб чиқариш модели сифатида тушунилади, уни кўп ҳолларда тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас, лекин технологик тараққиётнинг ривожланиши билан у идеалга тобора яқинлашмоқда.

    Хориж тажрибаси

    Японияда “моттаинаи” ҳаракати мавжуд бўлиб, таржимаси “уни тўлиқ ишлатмагунингизча ташламанг” деган маънони англатади. Бир марта ишлатиладиган идиш ва пакетлардан воз кечиш бўйича тарғибот аллақачон ҳукумат даражасига кўтарилган. EcoNet интернет нашрининг ёзишича, ҳукумат бир марталик маҳсулотлардан бутунлай воз кечиш ғоясини Камикатсу шаҳрида амалда қўллашни йўлга қўйди. 2003 йилда муниципалитет бир марталик товарлар сонини камайтиришга қаратилган махсус таркибий ислоҳотни фаол равишда давом эттира бошлади. Якуний мақсад шаҳарни бутунлай чиқиндидан ҳоли қилиш эди.

    Ҳозирги кунда Камикатсу аҳолисининг 60 фоизи қайта фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларни танламоқда, бу эса чиқиндилар миқдорини сезиларли даражада камайтираяпти. Айтганча, ҳар бир савдогар ҳар йили ўз мижозларига, масалан, полиэтилен пакетларни сотиб олиш эҳтимолини камайтириш учун шахсан қилган ишлари ҳақида ҳисобот беришга мажбурдир.

    Японияликлар қадоқлашни яхши кўрадилар, ҳар йили мамлакатда 30 миллиарддан ортиқ пакет ишлатилади. Аммо ҳозир ҳукумат улардан тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантиришни бошлади.

    Мамлактимизда чиқиндисиз ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантиришда қуйидагиларга катта эътибор бериш керак.

    Биринчидан, атроф-муҳит ифлосланишининг катта қисми саноат технологиясининг етарли даражада ривожланмагани натижасидир. Демак, саноат ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш зарур.

    Иккинчидан, фойдаланилмаган ишлаб чиқариш чиқиндилари, бу– табиий ресурсларнинг йўқолишини англатади. Чиқиндиларни қайта ишлашни ва ресурслардан узоқ фойдаланишни, ижарага, лизингга бериш, фойдаланилмаётган ашёларни бошқаларга фойдаланишга бериш тизимини яхши йўлга қўйиш зарур.

    Учинчидан, табиий материалларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан иккиламчи хомашёни олиш ва улардан фойдаланиш ижтимоий меҳнат унумдорлигини оширишнинг муҳим манбаи бўлиши мумкин.

    Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, энергия ва хомашёдан самарали фойдаланиш имконини берувчи узлуксиз жараёнлардан фойдаланиш, ускунанинг бирлик қувватини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнининг мунтазамлиги, уларни автоматлаштириш, оптималлаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимини молиялаштириш тизимини яхшилаш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали ташкил этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин бўлади.

    Ҳулкар ТУРОБОВА,

    Бухоро давлат университети доценти

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates