Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз инвестиция сиёсати ва хорижий шериклар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида иштирок этди.

    Тадбирда, шунингдек, Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз, Сингапур Парламенти Спикери Сиа Киан Пенг, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, БМТ Бош котиби ўринбосари Татьяна Молчан, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ва бошқалар қатнашди. Умуман, форумга дунёнинг 93 мамлакатидан икки ярим минг нафардан зиёд хорижий меҳмон ташриф буюрди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган халқаро форум ўтган уч йил давомида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.

    Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида мажлис иштирокчиларини қутлаб, форум мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беришини таъкидлади.

    Бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётгани қайд этилди.

    Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.

    Президентимиз жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаяётганини кўрсатиб ўтди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти. 2023 йилда ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайди.

    - Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади.

    Ўзбекистон етакчиси мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун ташланган қатъий қадамларни санаб ўтди. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Натижада сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

    Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

    Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди.

    Энергетика соҳасида “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”, кимё саноатида “Air Products”, “Indorama” ва “CAMCE”, тоғ-кон ва металлургияда – “Orano” ва “DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида “BYD”, “Kia” ва “Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва “KNAUF” каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.

    Бугунги форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилади.

    Иқтисодиётни янада либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, бизнес юритиш учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтириш бўйича қабул қилинган қарорлар ва олиб борилаётган ишлар қайд этилди.

    Хорижий инвесторларга дивиденд солиғидан имтиёзлар, хусусийлаштириш жараёнининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштириш дастурини кенгайтириш, тадбиркорлар барқарорлиги рейтингини жорий қилиш, саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш, ерларни ажратишнинг шаффоф тизимини жорий қилиш шулар жумласидан.

    Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш шартларини ижтимоий ва инфратузилма соҳаларга татбиқ этиш режалаштирилган. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида миллий қонунчиликни уйғунлаштириш ишлари тобора фаоллашмоқда.

    Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда.

    Инвесторлар учун яна бир муҳим кўрсаткич. Охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди. Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатлар учун визасиз режим жорий этилди.

    - Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир, - деди Ўзбекистон Президенти.

    Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.

    Бу тамойиллар ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилди.

    Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тез орада мамлакатимизда биринчи халқаро тижорат суди иш бошлайди.

    Саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувларнинг жорий этилиши юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларга янада қулай шароитлар яратади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача узайтирилади.

    Умуман, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида аҳоли даромадларини икки баробар ошириш ва ушбу кўрсаткич бўйича ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш мақсад қилиб қўйилган.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида хорижий инвесторлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди.

    Биринчи йўналиш: “яшил” энергетика. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақамиз учун долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда.

    2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказиш кўзда тутилган.

    Стратегик шериклар билан биргаликда йирик шамол ва қуёш электр станциялари барпо қилинмоқда, “яшил водород” ишлаб чиқариш ишлари бошланди. Ўтган йилнинг ўзида 1,4 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилди.

    Бугунги форум доирасида қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимоти ўтказилади.

    Ушбу лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилаётганига эътибор қаратиб, мамлакатимиз етакчиси барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этди.

    Иккинчи йўналиш: банк-молия соҳаси. Сўнгги йилларда ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

    Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди.

    Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки билан бошқа йирик банкларимизнинг трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёнлари фаол олиб борилмоқда.

    Учинчи йўналиш: фойдали қазилмаларни биргаликда ўзлаштириш. Ўзбекистон – минерал ресурслар ва ўта муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир. Юртимизда олтин, мис, вольфрам, кумуш, уран, 30 дан ортиқ камёб металларнинг улкан захиралари мавжуд.

    Ўтган ойда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилганини қайд этиб, Президентимиз Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб борилаётганини эълон қилди ҳамда стратегик хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун етакчи компанияларни Ўзбекистонга таклиф этди.

    Халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлайди.

    Тўртинчи йўналиш: мамлакатнинг рақамли трансформацияси. Бир йил ичида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режа қилинган.

    Давлатимиз раҳбари хорижий инвесторлар иқтисодиёт учун рақамли ечимларни ишлаб чиқиш, сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, “яшил” маълумотлар марказларини ташкил этиш каби истиқболли IT лойиҳаларида иштирок этиши мумкинлигини қайд этди.

    Ўзбекистон Президенти транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

    Темир йўл соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда, автомобиль ва тезюрар темир йўлларни қуришга хусусий инвесторларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Мавжуд халқаро аэропортларни ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.

    Хорижий шериклар билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошлангани таъкидланди. Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради.

    Ўзбекистон инвесторларни ва халқаро ташкилотларни бу йирик минтақавий лойиҳаларда қатнашишга таклиф этади.

    – Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир, - деди Президентимиз.

    Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида бугунги Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорлигимизни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

    Сессияда сўзга чиққанлар Ўзбекистон эришаётган муваффақиятларни юксак баҳоладилар, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан бўлишдилар.

    Ялпи мажлис доирасида Президент иштирокида умумий қиймати 8,7 миллиард долларлик 15 та янги инвестиция лойиҳасига старт берилди ҳамда жами 2,8 миллиард доллар қийматга эга 5 та саноат объекти ишга туширилди.

    Тошкент халқаро инвестиция форуми 3 май куни ўз ишини якунлайди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates