Ёшлар ердан қандай фойдаланяпти?

    Ишсиз, доимий даромад манбаига эга бўлмаган йиги-тқизларнинг деҳқончилик, тадбиркорлик қилиши учун ёшларга жорий йилда 60 минг 500 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.

    Хўш, ёшлар ўзларига ажратиб берилган ердан қандай фойдаланяпти? Қўлида ҳунари бўлмаган йигит-қизлар деҳқончилик илмини кимдан ўрганяпти? Баҳорда ажратилган ер майдонидаги экинлардан бугун ҳосил олиняптими? Ушбу саволларга Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

    — Президентимизнинг жорий йил февраль ойида Хоразм вилоятига икки кунлик ташрифи биз, хиваликларнинг ҳам узоқни кўзлаган мақсадли дастурларимизга нурли йўл очди. Бўлиб ўтган самимий суҳбатлар эса барчамизнинг кўнглимизни чоғ этди. Давлатимиз раҳбари аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ёшларни меҳнатга ўргатиб, касб бериш муҳимлигини, бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидлаганида, ўз вазифамизга янада ҳалоллик ва масъулият билан ёндашишимизни қайта англагандек бўлдик, — дейди Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг Хива туман бўлими бошлиғи Санжар Мейлиев. — Давлатимиз раҳбарининг топшириғи ижроси доирасида Хоразм вилоятида ёшларга 3 минг гектар, Хива туманида эса 200 гектар ер майдонлари ажратиб берилди. Туманимиздаги "маҳалла еттилиги" таклифи билан "Ёшлар дафтари" рўйхатида турган, ишсиз, даромади йўқ 1001 нафар ёшга аввал ер илми ўргатилиб, дала экинларини экиш бўйича кўникмалари шакллантирилиб, кейин берилди. Туманимиздаги мавжуд 34 та маҳалланинг барчасида бугунги кунда туб ўзгаришлар юз кўрсатяпти. Биргина Истиқлол маҳалласи мисолида оладиган бўлсак, уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда айни дамда 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 30 га яқин хизмат кўрсатиш шохобчаси ва бир қанча фермер хўжалиги мавжуд. Шу йил февраль ойи охири, март ойи бошларида маҳаллада истиқомат қилувчи 21 та ишсиз ёшга 4,2 гектар ер ажратиб берилган эди. Ўз ерига эга бўлган ёш деҳқонлар шу кунларда ҳосилни йиғиб-териб олишмоқда. Биринчи ҳосил, биринчи даромад уларнинг нафақат рўзғорига барака беради, балки оиласига доимий тинчлик ва ўзига бўлган ишончни ҳам орттиради.

    Хива туманининг Истиқлол маҳалласида яшовчи Озода Кўпалова билан телефон орқали суҳбатимиз мароқли бўлди. Неча йиллардан буён хорижда ишлаб юрган турмуш ўртоғи энди ёнида тиргак эканини, фарзандлари эса оила бағрида яйраб яшаётганини айтганда, ёшгина аёлнинг ҳаётида хурсанд бўлса арзигулик яхшилик ва янгилик бўлибди дея биз ҳам қувондик. Озодага ҳам фойдаланиши ва рўзғорини бутлаши учун ер берилибди. Бугун у ишсиз уй бекаси эмас, балки ер эгаси, даромадли деҳқон.

    — Доимий иши бўлмаганлиги учун турмуш ўртоғим четга кетиб йиллаб ўша ерда ишларди. Ўғлим ва қизим билан жовдираб қолардик. Ишлай десам тузукроқ ишим, фойдаланишга эса томорқамиз йўқ эди. Кўзимиз йўлда, кўнглимиз хавотирда, ҳаловатсиз яшардик. Худога шукр, мана тирикчилик қилишимиз, тўкин ва тўкис яшашимиз учун туман ҳокимлиги томонидан ер ажратиб берилди. Энди оиламизда ҳам доимий хотиржамлик бўлади, — дейди Озода.

    Истиқлол маҳалласида истиқомат қилувчи 26 ёшли, Оллошукр Машарипов ҳам ишсизлик туфайли бир қанча муддат ўзга юртда ишлаган ва кўп машаққат тортган. Бугун эса ўз ерига эга ёш деҳқон, насиб этса келгусида тадбиркор бўлмоқчи. Телефон орқали қилган мулоқотимизда у ҳам ўз ҳаётидан мамнун бўлиб яшаётганлигини айтиб, бизни яқинда бўладиган никоҳ тўйига лутфан таклиф қилди…

    — Давлатимиз томонидан қилинган яхши янгилик ҳаётимга файз олиб кирди. Тўғрисини айтсам, ўз ерим бўлади деб, хаёл ҳам қилмагандим. Юртимизда кечаётган ўзгаришлар мен каби ишсиз, ўзини қай эшикка уришини билмай юрган ёшлар учун ажойиб имконият. Президентимиз қўллови ва кўмаги билан кўплар касбли, даромадли бўляпти. Ўзим ҳам шу йил баҳор фасли бошида ерли бўлдим ва ҳаялламай маккажўхори экдим. Худо хоҳласа, яқин кунларда ҳосилни йиғиштириб оламиз. Асосийси, энди ўзга юртларда хор бўлиб, пул топаман деб иш излаб юришимга ҳожат қолмади. Бундан ота-онам ва жигарларим ҳам хурсанд. Яхши янгиликлар боис шахсий ҳаётимда катта ўзгариш кузатиляпти, августнинг охирларида тўйим бўлади, уйланяпман. Тўйга келинглар!

    Оиладаги тинчликка, бағри бутунликка нима етсин. "Ўз уйинг, ўлан тўшагинг" деган мақол бежизга айтилмаган. Мамлакатимизда кечаётган истиқболли ўзгаришлар, ислоҳотлар боис ишсиз ёшлар ишли бўлмоқда, бунинг натижасида уларнинг оиласига ҳаловат энмоқда. Хорижда ишлаб юрган йигитлар юртга қайтяпти. Эркаги бор уйда осойишталик ҳукмрон бўлади. Давлатимиз томонидан ёшларга берилаётган ернинг ҳар бир қаричи хосиятли ва баракали. Негаки, ёшлар ерни оила аъзолари билан ҳамжиҳатликда экади, парваришлайди, меҳнати эвазига тўкин ҳосил олади, энг муҳими, ер миннатли эмас. Бу эса ёшларимизнинг турмуш фаровонлиги ошиб, қадами илдамлашиб, ўзлари ҳар соҳада илғорлашиб бораётганидан дарак, албатта.

    Гулчеҳра ДУРДИЕВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates