1909 йил ёзида олмониялик ўқитувчи Ричард Ширман шогирдларини бир неча кунга тоғ ёнбағрига саёҳатга олиб чиқади. Қуюқ дарахтзор, мовий кўл, ястаниб ётган кенгликлар, турфа ўсимликлар ва табиат ажойиботлари ёш сайёҳлар кўнглига олам-олам завқ бағишлайди. Аммо кечқурун момақалдироқ гумбирлаб, ёмғир қуя бошлайди. Ялангликда дам олаётган ёшлар ёмғирдан қочиб, яқин ўртадаги қишлоқ мактабига киради. Ёмғир туни билан тинмайди. Ширман шогирдлари ухлаб олиши учун қулай шароит яратишга ҳаракат қилади. У ўшанда ўйлаб топган тўрпардалар билан бир-биридан ажратилган кичик ётоқхоналар ғояси кейинчалик бутун дунёга машҳур бўлиб кетади. Шу тариқа Германияда ёшлар сайёҳлик уюшмаси юзага келади.
Ёшлар туризми соҳасидаги бу муваффақиятли тажриба бутун дунёда ёшлар туристик базалари юзага келишига туртки бўлди. Бугун аксарият мамлакатларда ёшлар туризми алоҳида йўналиш сифатида ривож топмоқда.
Соҳага давлат эътибор қаратяпти
Осори-атиқаларга бой диёримиз сайёҳлик салоҳияти ва имкониятлари борасида дунёда муносиб ўрнига эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимизни кўриш, бетакрор меъморий обидалар, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиш, нодир табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, азалий анъана ва қадриятларимиз билан танишиш истагидаги сайёҳлар сони йилдан йилга ортмоқда. Айни чоғда юртимизда туризм соҳасининг жадал тикланишида ижобий тенденциялар кузатиляпти. Туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва саёҳатчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хизмат турларини кўпайтириш, тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш, хорижий сайёҳлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари, визасиз режимнинг жорий этишга доир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани, меҳмон уйлари, туризм қишлоқларининг барпо этилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.
Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиши маросимида ёшлар учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланадиган Жаҳон ёшлар туризми саммитининг навбатдагисини Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф этгани ҳам соҳага қаратилган юксак эътибордан далолатдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш белгиланган. Жумладан, хорижий сайёҳлар сонини 10,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 2,5 миллиард долларга, шу жумладан, тиббиёт ва таълим туризми экспортини йилига 200 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, ички сайёҳлар сонини 21 миллионга, зиёрат туризми бўйича келадиганлар сонини 1,5 миллионга етказиш, меҳмонхона, транспорт, тур – оператор, савдо ва сервис корхоналари кооперация асосида фаолият юритадиган 4 та йирик туризм кластери (мажмуаси)ни, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига ҳудудларда 600 та жойлаштириш воситаси ташкил этиш белгиланган.
Вазифалар ижросида ёшларнинг улуши қандай?
– Ушбу кўрсаткичга эришиш мақсадида вилоятлар кесимида 5 миллион ёшнинг саёҳатини ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси бошқарма бошлиғи Жамшид Ғозиев. – Унга кўра, мамлакатимиздаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари саёҳатга чиқади. Бундан ташқари, ўқувчи-талабалар ва корхона ходимларини Мўйноқ туманига, “Мангуберди ватанига саёҳат қил” ички туризм дастури доирасида ўқувчи ёшлар, талабалар ва пенсионерларни Хоразм вилоятига, “Инклюзив тўсиқсиз туризм” ва “Инклюзив саёҳат” дастури доирасида ногиронлиги бўлган шахслар, нотинч оилаларнинг тарихий жойларга саёҳати кўзда тутилмоқда. Шунингдек, юртимиздаги мавжуд зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларга сайёҳлар ҳамда нуронийлар саёҳатлари ташкил этилади.
Март, август ойларида барча ҳудудларда, декабрь ойида эса республика даражасида ички туризм ярмаркалари ўтказилади.
Оламни кашф этиб, дўстлар орттириб...
Туризм жаҳон иқтисодиётида даромадли ва жадал ривожланиб борувчи соҳалардан. Бу соҳа бозорининг асосий сегментларидан бири ёшлардир. Халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни яхшилашда ёшлар туризмининг алоҳида ўрни бор.
Ёшлар туризми ривожида оммавий тадбирларнинг ҳиссаси катта. Сабаби, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳ, энг аввало, миллий таомларимизни татиб кўриш, меъморий ва тарихий обидаларимиз, миллий-маданий урф-одатларимиз билан танишишни истайди. Шу йўналишларда ҳам қатор тадбирлар ўтказилмоқда. “Бойсун баҳори”, Бухородаги заргарлик ва зардўзлик, Хоразмдаги лазги фестиваллари шулар жумласидан. Тадбир иштирокчиларининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшлар туризми ривожини янги босқичга кўтарди. Қарорда 2022 йилдан июль ойида “Ёшлар туризми ойлиги”, 2023 йилдан эса январь ойининг биринчи ва март ойининг учинчи декадасида “Ёшлар туризми ҳафталиги”ни ўтказиб бориш йўлга қўйилиши келтирилган. “Ёшлар туризми ойлиги” доирасида эса “Ёшлар туризми” қурултойи ташкил этилиши белгиланган.
Ўтган йил августда Шаҳрисабзда ўтказилган “Ёшлар туризми” қурултойи 15 мингдан ортиқ кишини қамраб олди. Уларнинг 700 нафарини ёшлар ташкил этди. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 50 нафар ёш жалб қилингани юзлаб йигит-қизларни умумий мақсад йўлида бирлаштирди. Дўстлик, оламни кашф этишдек туйғуларга йўл очди.
Китобхонлик кунлари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари ҳамда маданий-кўнгилочар тадбирлар, юқори натижаларга эришган ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар ва мураббийлар, санъат, маданият, илм-фан, бизнес соҳалари намояндалари иштирокида маҳорат дарслари, таниқли театр ва кино ижодкорлари билан мулоқот навқирон авлод вакилларини ёрқин тассуротларга ошно этди.
– Ёшларимиз битта мақсад сари бирлашгани, битта жамоа бўлиб ишлагани, саёҳат қилгани улар қалбида ватанни севиш, юртимизнинг ҳар бир гўшаси билан фахрланиш ҳиссини уйғотди, – дейди Жамшид Ғозиев. – Буни ёшларнинг юз-кўзларидан сезиш мумкин эди. Лойиҳани халқаро даражага олиб чиқмоқчимиз. Шу боис, ўтган йили қурултойга қўшни мамлакатлардан ёшларнинг 20 нафар вакилини таклиф этдик. Улар ўз мамлакатларида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ёшлар туризми” қурултойи ҳақида тенгдошларига сўзлаб бериши, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, осори-атиқалари ҳақида ҳикоя қилиши, ёрқин тадбирлардан олган бой таассуротлари билан ўртоқлашиши шубҳасиз.
Қурултой доирасида “Энг яхши туризм лойиҳаси” танлови ўтказилди. Саёҳатлар арзон тушишини таъминлаш ва сайёҳлар учун шароитларни яхшилаш, туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш бўйича йигит-қизлар ғоялари ва уни амалга ошириш механизмларини тақдим этди. Энг яхши ғоя муаллифлари ўз лойиҳасини амалга ошириши учун пул мукофоти билан тақдирланди. Қурултой давомида қўмита ҳузурида жамоатчилик асосида энг иқтидорли ёшлардан иборат туризм элчилари сайланди. Улар ҳозир мустақил орган сифатида иш бошлаган.
Жорий йилнинг 20–31 март кунлари бўлиб ўтган “Ёшлар туризми ҳафталиги” ҳам ана шу анъананинг узвий давоми бўлди.
Ҳафталик доирасида ҳудудларда ўтказилган ички туризм ярмаркаларида ички туризм йўналишидаги 520 та тадбиркорлик субъекти, 400 га яқин янги туризм маскани ҳамда 900 га яқин оилавий меҳмон уйидан жами 10 мингга яқин иштирокчи жалб қилинди. Шунингдек, 500 мингдан ортиқ ўқувчи, талаба ва ёшнинг зиёратгоҳ, қадамжолар, тарихий, диққатга сазовор масканларга саёҳат қилиши имконияти яратилди.
Ҳафталик давомида ёшлар маданий мерос объектлари, музейлар, театр ва кинотеатрларда бўлди. Кўнгилочар мусиқий чиқишлар, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини шакллантирадиган, тарихимизни жонли кўрсатувчи театрлаштирилган томошалар ёш сайёҳларга олам-олам завқ бағишлади. 4 минг 159 малакали гид ёш сайёҳларни ҳудудлардаги меъморий обидалар, тарихий шахслар ҳамда кейинги йиллардаги бунёдкорлик ишлари билан таништирди.
Истиқболли йўналиш олдида турган муҳим вазифалар
Ёшлар туризмини ривожлантириш зарурати навқирон авлод вакилларининг арзон ва сифатли туристик хизматларга юқори даражадаги эҳтиёжи, янги ғояларни қабул қилиш, таассуротларини янада бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш каби хислатлари билан боғлиқ. Ижтимоий-маданий инновацияларни энг яхши қабул қиладиган ёшлар аудиторияси билан ривожланган сайёҳлик аҳолининг умумий иқтисодий фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Бироқ соҳанинг истиқболли йўналиши саналган ёшлар сайёҳлиги борасида ҳам бажарилиши лозим бўлган вазифалар бисёр.
Шуҳрат Исақулов, Туризм қўмитаси бўлим бошлиғи:
– Экстремал туризм, ёшлар туризми, ёши катта сайёҳлар учун алоҳида дастурлар яратиш устида ишланяпти. Бу борада муайян қадамлар ҳам қўйилди. Охирги йилларда бир қанча янги сайёҳлик йўналиши ташкил қилинди. Кимдир тоғларга чиқишни хуш кўради, кимдир тарихий-меъморий обидаларга қизиқади. Янги йўналишлар турли ёшдаги сайёҳларга мўлжалланган. Туристик микрочиплар, арзон ва барча қулайликларга эга, шу билан бирга, қиммат туристик йўналишлар ташкил қилинмоқда. Бизда аввал бўлмаган вертолёт сайёҳлиги йўлга қўйилди. Ёки самолётни ижарага олиш мумкин.
Айни пайтда ўсмирлар туризми ва ўлкашунослик бўйича янги йўналиш ва концепция тайёрланяпти. Бу концепцияда ёшларни туризм соҳасида ўқитиш, ўргатиш, туризм маданиятини кўрсатиш, тарихий бой, географик жойларимиз билан таништириш кўзда тутилган. Бу спорт, саломатлик, фаол дам олиш, тарих ва географияни яхшироқ ўрганиш имкониятидир.
Янги концепцияда ҳар бир вазирликка аниқ йўналиш бериш, қандай дастурлар тузиш, ёшлар саёҳатини хавфсиз ташкил қилиш, қаерга, қайси пайтда олиб бориш кераклиги ҳақида таклифлар берилади. Таътилда ёки ўқув даврида ўлкашунослик, тарихимизни ўрганиш, “Ёш саёҳатчи”, “Ёш геолог”, “Ёш этнограф”, “Ёш альпинист” клублари, оромгоҳлар ва шунга ўхшаш йўналишларни қамраб олиш олдимизда турган муҳим вазифа.
Илмий-методологик китоблар, адабиёт ва қўлланмалар етишмаяпти. Мавжуд дарсликларни янги, замонавий билимлар билан бойитиш зарурати бор.
Айни пайтда экскурсаводлар, тоғларда олиб юриш учун кузатувчилар фаолияти йўлга қўйилган. Биз университетларга хизмат кўрсатган альпинистларни олиб бориб, ёшларга альпинизм сирлари ҳақида қизиқарли маълумотлар бердик. “Тоққа чиқинглар, мураббий бор, клуб шакллантиринглар, битта хона ажратинглар ва шу механизм доим ишлаб турсин”, дедик. Афсуски, бу ташаббусга эътибор берилмади.
Ҳар битта ёш ҳар йили камида 2-3 та сайёҳлик объектига бориши зарур. Ёшларга мўлжалланган объектларни шакллантириш, ёш сайёҳнинг паспортини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ёш сайёҳнинг қўлида у борадиган йўналишлар ва китобча бўлади. Объектларга борганда, мисол учун, музей ўзининг тамғасини қўйиб беради. Бир йил давомида ўқувчи 10 та объектга борган бўлса, қанчадир баллга эга бўлади. Бу унга мотивация беради, музейларга текин кириш имкониятини қўлга киритади. Ундан кейин кўкрак нишони берамиз. Ҳозир шу каби мотивация берадиган дастурлар устида ишлаяпмиз. Албатта, бу фақат қўмитамизнинггина иши эмас. Бунинг устида ҳамкор ташкилотлар ҳам ишлаши керак. Жамоавий саёҳатлар уюштирилганда, дейлик, 50 минг ёки 70 минг ёш, мактаб ўқувчисини Бухорога ёки Самарқандга олиб боришимиз керак. Дастур билан чиқилса, Транспорт вазирлиги ёшларга, болаларга мўлжалланган тарифлар, дастурларни ишлаб чиқиши ва хавфсиз олиб бориб, олиб келиши керак бўлади. Хоҳласа автобусда, хоҳласа самолётда борсин. Болаларимизнинг ҳаққи борми самолётда арзон нархда учишга? Албатта, бор. Ҳозиргача бундай дастур йўқ. Биз-ку шундай ташаббус билан чиқамиз, аммо бошқа вазирликлар ҳам бунга хайрихоҳ бўлиши лозим.
Самарқандга бориб-келиш учун автобуснинг нархи ўртача 3-4 миллион сўм бўлса, йўл-патруль хизматининг кузатуви ҳам 2-3 миллион сўмни ташкил этяпти. Албатта, бу пулни ота-она тўлаши керак. Бу эса “Бормай қўя қолсин”, деган хулосага олиб келади. Шунга ўхшаш бир қанча масалалар борки, унинг устидан ишлашимиз, муаммоларга ечим топишимиз керак.
Бизда қадимий қишлоқлар, жойлар бор. Этнография, ўлкашуносликни ўрганиш, ҳудудлардаги музейларга бориш, ўша ернинг машҳур кишилари билан танишиш фойдадан холи эмас. Экстремал туризм билан шуғулланса, тоғларга чиқиб келса, табиатни, хавфсизлик қоидаларига риоя этишни ўрганади.
Бугун атроф-муҳитнинг салбий омиллари зараридан ёшлар ҳам четда эмас. Урбанизация, ўз салоҳиятини тўлиқ ривожлантириш ва рўёбга чиқариш имконияти чеклангани, жисмоний ҳаракатсизлик ва бошқа стрессли вазиятлар ёшларда соғломлаштириш, дам олиш ва кўнгилочар хизматларга бўлган эҳтиёжни оширади.
Туристик секция, клублар ва базалар ташкил этилиши ёшларга ватанимиз тарихи, географияси билан танишиш имконини беради. Шу юртнинг ҳар бир тоши, гиёҳини асраш, севиш лозимлигини англатади.
Муаммо нимада?
Туристик фаолликнинг юқорилиги ҳам ёшларнинг мулоқотга, билим олишга интилиши билан изоҳланади. Ёшлар ҳаёт қувончини ҳис қилишга мойил. Юртимизда ёш сайёҳлар эътиборини тортадиган қандай сайёҳлик йўналишлари бор? Улар учун зарур шарт-шароит яратилганми?
– Мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг аксариятини ёши катталар ташкил қилади, – дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети етакчи мутахассиси Бобур Ибрагимов. – Улар учун кўнгилочар жойлар кам, тоғ туризми ҳали етарлича шаклланмаган, табиий географик жойларда шароит йўқлигини инкор эта олмаймиз. Туристик фирмалар шундай жойларга йўналтириладиган турпакетлар ишлаб чиқмаган. Очиқ осмон остида кинотеатрлар йўқ ҳисоби. Имкониятлардан максимал даражада фойдалана оляпмиз, дея олмайман.
Сайёҳлар кўп келадиган Самарқанд шаҳрида туризм кўчаси барпо этилиши кўзда тутиляпти. Истанбулда шундай кўча бор. У ерда ҳаёт қайнайди. Кимдир қўшиқ айтади, кимдир расм чизади, бошқа биров нодир санъат асарларини томоша қилади. Тарихий шаҳарларимизда шундай кўчаларни ташкил қилиш ҳам сайёҳларни жалб этишнинг яхши йўли.
Зоминда барпо этилган осма дор йўли бугун сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Бу яхши. Шаҳрисабз тоғларида, Қамчиқ довонида миллий таомларимиз тайёрланадиган турли ошхоналар бор. Улардан гастрономик туризм йўналишида фойдаланиш мумкин. Турфирмалар шундай жойларга турпакетлар ишлаб чиқиши керак. Улар ҳозир фақат чет элга юбориш билан машғул бўлиб қолган. Хорижлик сайёҳларни юртимизга жалб қилишда туристик фирмаларнинг ҳиссаси кам.
Тўғри, ёшлар туризмини ривожлантириш борасида ҳам амалий ишлар қилиняпти. Аммо бу ҳали етарли эмас. “Ёшлар туризми ҳафталиги”да бир ҳафта давомида экскурсия ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилади. Бу ички туризмнинг ривожланиши учун ҳисса қўшяпти. Аммо бу доимийлик касб этса, қайси гўшада ўтказилаётган бўлмасин, хорижлик сайёҳнинг эътиборини тортиши шубҳасиз.
Туризм хизматлари, сайёҳлар оқими, инфратузилма юксалиб бормоқда. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида туризм соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Аммо шу ўринда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар йўқ эмас.
– Бахмал туманининг гўзаллиги беқиёс бўлган Ўрмончи қишлоғи ҳамиша сайёҳлар эътибори марказида, – дейди тадбиркор Собир Зокиров. – Баланд қорли тоғлар, кўп йиллик арчазорлар ҳар қандай кишини мафтун этади. Йилнинг тўрт фаслида ҳам сайёҳлар қадами узилмайдиган бу ерга ёшларнинг ҳам қизиқиши катта. Аммо иссиқлик масаласи, электр энергияси, алоқа хизмати сифати талаб даражасида эмаслиги туфайли бу жой ёш сайёҳлар эътиборини қозона олмаяпти.
Хизматлар сифатининг яхшиланиши тармоқ жозибадорлигини оширади
Саёҳат ёшларга ҳаётда ўз йўлини топишга ёрдам берадиган ва катта сармоя талаб қилмайдиган воқелик. У йигит-қизларга ўзини намоён этиш, қарор қабул қилишни ўрганиш ва ҳақиқий етакчи бўлиш имкониятини беради.
Юртимизда ўтказилаётган шукуҳли байрамлар, кўнгилочар тадбирлар, мусиқа фестиваллари хорижлик меҳмонларда ёрқин таассурот қолдираётгани шубҳасиз. Бу ҳам сайёҳлик имкониятларимизни яна бир бор дунёга намойиш этмоқда. Навқирон авлод вакилларининг саёҳат маданиятини юксалтириш уларнинг юрт манзиллари, сайёҳлик масканлари ҳақида кенг тушунча ва бой таассуротларга эга бўлишига хизмат қилаётир. Туризм хизматлари сифатини янада яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар эса юртимизга келувчи ёш сайёҳлар сони ортишига, тармоқ жозибадорлигига замин яратади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири