Ёшларни қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар

    “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.

    Янги Ўзбекистон ёшлари — мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этиши учун замон талабидан келиб чиқиб, янги-янги ташаббуслар, изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Жорий йилнинг 13 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Шу билан бирга, жойларда ёшларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка йўналтириш, замонавий андозалар асосида таълим олишини таъминлаш билан боғлиқ ишлар қандай ташкил этилаётгани кўриб чиқилди.

    Давлатимиз раҳбари йиғилишни “замонга муносиб бўлиб ишлаш керак”, деган сўзлар билан бошлар экан, кўпчилик қуйи бўғиндаги раҳбарлар масала моҳиятини тушунмаётгани, ёшлар билан ишлаш бўйича натижалардан мутлақо норози эканини қайд этиб ўтди.

    Дарҳақиқат, ёшлар — миллатимизнинг эртанги куни давомчилари, келажагимиз бунёдкорларидир. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш бугунги кунда ҳаётий заруратдир.

    Шу боис, видеоселекторда ёшларимизга яна кўплаб имконият ва қулайликлар яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Маълумки, республика бўйича 120 та IT-марказини “Ёшлар дафтари”га кирган 4 мингга яқин йигит-қизлар тамомлаган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган шундай ёшларга компьютерлар хариди учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Халқ банки” кредитлар ажратади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Яъни кредит фоизсиз берилади.

    Шунингдек, жорий йил 1 июнь кунидан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.“Ёшлар дафтари”га кирганларга қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади. Ёшларга берилаётган бу каби имкониятлар уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим омил бўлади.

    Яна бир эътиборга молик жиҳат. Йиғилишда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланди. Яъни жорий йил 1 июндан бошлаб, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Шунингдек, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

    Бундан ташқари, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади. Ижарага бино олиб ўз бизнесини бошлаётган ёшларга бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади. Ходимлари сонининг камида 70 фоизи “Ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.

    Шунингдек, ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратиши белгиланди.

    Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида таълим сифатини яхшилаш ва ректорларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш борасида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Маҳаллабай, хонадонбай ишлаш лозимлиги, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

    Албатта, юқорида белгилаб берилган ташаббусларни жойларда, энг чекка ҳудудларда тўлақонли ижро этилишида фаол иштирок этиб, парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, ёшлар камолотига эътибор –келажакка эътибор деганидир.

    Абдулла АСЛОНОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates