«Юксалиш»нинг мамлакатимиздаги ислоҳотларни илгари суришдаги ҳиссаси эътироф этилди

    Жорий йил 2 апрелда «Юксалиш» ҳаракатининг анжуманлар залида БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

    Тадбирда Жамғарманинг мамлакатимиздаги доимий вакили Нигина Абасзаде, ўринбосари Камолхон Иномхўжаев, гендер масалалари бўйича мутахассис Дилора Ғаниева, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис Назокатхон Файзуллаевалар иштирок этди.

    «Юксалиш» ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов меҳмонларни ташкилот фаолияти, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар билан таништирди.

    UNFPA вакиллари ижтимоий йўналтирилган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, қарорлар қабул қилишда болалар ва ёшлар иштирокига тизимли ёндашувни таъминлаш, шунингдек, журналист ва блогерларни тайёрлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари шулар жумласидандир.

    Меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни, шунингдек, «Юксалиш»нинг мамлакатимиздаги ислоҳотларни илгари суришдаги ҳиссасини юқори баҳолади. Ҳаракат фуқаролик жамияти, давлат идоралари ва парламент ўртасидаги ўзига хос «кўприк»га айланиб боряпти.

    Томонлар икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек, ўзаро англашув меморандумини имзолаш ва «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш имкониятларини муҳокама қилди, деб хабар беради «Юксалиш» ҳаракати матбуот хизмати.

    Маълумот учун: UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда очилган бўлиб, мамлакатимизда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиб келяпти.