Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННт ва фуқаролик институтларининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант лойиҳаси доирасида, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу акция республикамизнинг барча маҳаллаларини қамраб олади. Ушбу тадбирларда 500 нафардан зиёд хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар аҳолига “Ворислик ҳуқуқи” мавзусида бепул ҳуқуқий консультациялар бермоқдалар. Маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида фуқароларга қонун талаб этган нотариал тартибда сайёр хизмат кўрсатилмоқда.
Кеча Сурхондарё вилоятида бошланган акция тадбирлари бугун Термиз тумани “Маҳалла” марказида давом этмоқда. Бу ерга ташриф буюрган фуқароларга хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар Рустам Ўроқов, Шароф Хайитов, Шавкат Хасановлар ворислик бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Фуқаро Ш.Х. шу тумандаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилади. У ўзига тегишли мулкни фарзандларига васиятнома асосида қолдиришга қарор қилди. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Рустам Ўроқов Ш.Х.га нотариал махфийликни сақлаган ҳолда, қонунда кўрсатилган талаблар бўйича васиятномани тасдиқлаб берди.
Фуқаро Б.Ж.га нотариуслар томонидан қонун бўйича меросга бўлган гувоҳномани расмийлаштириб беришди.
Тадбирда қатнашган яна бир фуқаро Равшанбек Мамадалиев ташкилотчилар томонидан жуда савобли ишга қўл урилгани, мерос масаласи оиалаларда муаммога айланиб бораётгани, бундай ҳуқуқий тарғибот тадбирлари оилаларда низоларнинг камайишига, манфаат ва ҳуқуқлар тўқнашувининг олдини олишга хизмат қилади, дея таъкидлади.