Нотариат соҳасининг такомиллашиши аҳолига қўл келди

    Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Зарема Бурнашева хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусга — бувисидан унга мерос бўлган уйни ҳужжатлаштириш учун келган. Йиллар давомида бир неча бор бу соҳага иши тушган Зарема ҳозирда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар хизматидан фойдаланиб келяпти.

    – Авваллари турли ташкилотлардан кўплаб ҳужжатларни йиғишга тўғри келар эди ва соатлаб навбат кутар эдик, – дейди Зарема Бурнашева. – Биргина кўчмас мулкни олди-сотди қилиш учун қариндошлик алоқалари ҳақида ҳужжат йиғиларди, кейин ФҲДЁ ва архивга бориларди. Бу жараённи узоқ санаш мумкин. Ҳозирда эса электрон тизимга ўтилганидан кейин ҳаммаси ўзгарди, оворагарчиликлар йўқолди. Бу жуда қулай. Электрон сўров юбориляпти ва ташкилотлардан жавоб олиняпти. Коммунал тизимда ҳам шундай.

    Мамлакатимизда илк марта нодавлат нотариал идоралар ташкил этилгани нотариат соҳасининг тубдан ислоҳ қилингани, яъни тизимда хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилгани унинг янгича шакл ва мазмунда, халқаро талаблар даражасида шаклланишида муҳим аҳамият касб этди.

    2020 йилда Фарғона вилоятида 63 та хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариуслар ташкил топган бўлса, ўтган 3 йил давомида уларнинг сони 107 тага етди. Бу эса вилоятнинг чекка туманларида ҳам нотариуслар сони ортиши имкониятини берди. Фарғонада нотариуслар томонидан 2023 йилда 600 мингдан ортиқ нотариал ҳаракат амалга оширилди. 7 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар фуқароларнинг чақирувларига асосан уларнинг яшаш манзилларида сайёр тартибда амалга оширилган.

    Бугун юртимизда аҳолининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун мингга яқин нотариуслар фаолият юритиб келяпти. Натижада идораларда узоқ навбат кутиш, сансалорлик, қўпол муомала каби тизимли камчиликлар камайди, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вақти деярли 3 бараварга тезлашди. Чунки, хусусий нотариус аввалгидек ойлик иш ҳақига, кун ўтари учун ишлайдиган хизматчи эмас, балки амалга оширган ҳаракати натижасидан манфаатдор, ноқонуний ҳаракати учун эса моддий жавобгар шахсга айланди.

    – Хусусий нотариал соҳага рухсат берилганидан кейин биз каби мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланди, – дейди марғилонлик Абдуғаффор Солиев. – Баъзида нотариал идорага оиламиз, фарзандларимиз билан келамиз. Нотариусларнинг аксарият офисларида болалар ва она-бола хонаси мавжуд.

    Маълумки, доимо, тажриба амалиётда ўз сўзини айтади. Фарғона вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда нотариат соҳадаги қонунчилик ҳужжатларининг такомиллаштирилиши борасида хорижий ва маҳаллий қонунчилик мунтазам равишда таҳлил қилиб борилади.

    Фарғона вилояти адлия бошқармасида вақти-вақти билан Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси вакиллари билан биргаликда нотариуслар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни муҳокама қилиш, шунингдек, нотариуслар фаолиятида вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш ва нотариат соҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан семинарлар ташкил этилади.

    Айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун уйдан ёки дунёнинг исталган жойидан туриб, видиеоконференцалоқа ёрдамида «e-notarius.uz» ахборот портали орқали амалга ошириш имконияти яратилди.

    Эндиликда ушбу портал орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлашни, ижро хатини ёзишни, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашни, шунингдек, тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.

    – Укам Кореядан туриб видеоконференция алоқа орқали нотариуслар билан мулоқотда бўлиб ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни онлайн кўрсатди ва иккинчи томон бу ердан туриб ҳужжатларни тақдим қилди ва масофадан туриб менинг номимга нотариус One ID системаси орқали ишончномани расмийлаштириб берди. – дейди Аҳмаджон Ғофуров. – Бу ишлар 15 дақиқада амалга оширилди.

    Авваллари кўчмас мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи билан олди-сотди, ҳадя қилиш, васият, қариндошларга ва бошқа шахсларга мерос бўлишиш бўйича гувоҳнома, мерос мулкини кўриш бўйича кўплаб ҳужжатбозликларга йўл қўйилган. Бу эса фуқароларни идорама-идора юришлар, вақт ва маблағ сарфлашларга мажбур қилган. Бугунги кунда ягона электрон базанинг ишга туширилиши нотариуслар билан бирга кенг аҳоли учун ҳам катта қулайликлар яратди.

    Олдинги вақтларда биз марҳумнинг фарзандлари эканлигини тасдиқлаш учун ФҲДЁ органларига сўров хати берганимизда ҳам уларнинг тўлиқ текширишнинг имконияти бўлмас эди. Уларни биз кўрсатмаларига асосан шажарасини текшириб олар эдик, – дейди Фарғона шаҳар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Матлуба Исмоилова. – Масалан яна бир факт: Мерос гувоҳномасини ҳам нотариус расмийлаштирганда, олдинги ҳолатларда биз фуқарони кадастр идорасига маълумотнома олиб келиш учун юборардик. Бунга ўртача 20-30 кун вақт талаб этилган. Ҳозирда мерос мулки расмийлаштирганимизда фақатгина кадастр ҳужжати рақамини электрон тизимга киритиб, барчасини аниқлаб олиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса ҳужжатларни расмийлаштириш вақтини ўртача 4-5 кунга кескин қисқартирди.

    Аввал адлия органлари 3 йилда бир маротаба нотариусларнинг минглаб ҳаракатлари юзасидан тўпланган қоғоз ҳужжатларни танлов асосида 1–2 кун давомида текширган бўлса, ҳозирги мавжуд электрон тизим қисқа соатларда барча нотариусларнинг ҳамма ҳаракатларини таҳлил қилиш ва улардаги қонун бузилишларни аниқлаш имкониятини беради.

    Қайд этиш керакки, хусусий нотариусларнинг ташкил этилиши аҳолига кўплаб қулайликлар яратди.

    Лазизбек Асқаров,

    Фарғона вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates