Юртимизнинг туризм салоҳияти «World Travel Market» халқаро сайёҳлик кўргазмасида тарғиб этилди

    Туризм 9 ноябр 2022 1379

    Жорий йил 7 ноябрда Лондонда «World Travel Market» йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаси (WTM) бошланди. Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Миллий ПР-маркази» ДУК, «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпанияси ва юртимизнинг бир қатор сайёҳлик компаниялари вакилларидан иборат делегация ҳам қатнашяпти.

    Халқаро кўргазмада меҳмонлар ва иштирокчилар мамлакатимизнинг Европа ва узоқ хориждан сайёҳларни ўзига жалб эта оладиган янги сайёҳлик йўналишлари ва имкониятлари билан яқиндан танишди. Қолаверса, Ўзбекистон делегацияси аъзолари ва «CNN», «Euronews», «BBC» вакиллари ўртасида мамлакатимизни 2023 йилгача тарғиб этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан музокаралар ўтказилди. Шунингдек, Европа бозорида Ўзбекистоннинг янги туристик объектлари, сайёҳлик марказлари, алоҳида шаҳарларини тарғиб қилиш бўйича йирик маркетинг ва PR-компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари ва хорижий иштирокчилар ўртасида туристик гуруҳларнинг мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шу билан бирга, хорижлик журналистларга 2023 йилда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессияси Ўзбекистонда, Самарқандда бўлиб ўтиши маълум қилинди.

    Маълумот учун, «World Travel Market» йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаси туризм соҳасидаги энг йирик ва машҳур халқаро кўргазмалардан бири бўлиб, ушбу йўналишдаги хизматларнинг қарийб барча турларини тақдим этади. Кўлами жиҳатдан Европадаги иккинчи йирик сайёҳлик кўргазмаси (Берлин кўргазмасидан кейин) бўлган WTM 1980 йилдан бери ҳар йили Лондонда ўтказилади. 2009 йилдан буён Ўзбекистон ушбу тадбирда мунтазам иштирок этиб келяпти, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

    Халқаро кўргазма давом этади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates