Ютуқлари ҳамжиҳатлигига ярашган халқмиз

    Инсон дунёга келар экан, ўлчаб берилган умрини мазмунли ва баракали ўтказишни мақсад қилади. Ўзидан муносиб фарзандлар, яхши ном қолдиришни, кексалик гаштини суришни, қариганда невара-чеваралар қуршовида бўлишни орзу қилади.

    Хусусан, Ўзбекистонда яшаётган миллионлаб инсонларнинг ҳаёт фалсафаси мана шундай эзгу қадриятларга асосланган.

    Инсон қадрини янада юксалтириш, одамларни рози қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш кейинги йилларда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Юртимиз шаҳар ва қишлоқларидаги улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари инсонлар ҳаётини яхшилаш, уларга муносиб шароит яратиш мақсадида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир. Бу эса юқорида таъкидлаганимиз, миллионлаб инсонларнинг ҳаёт фалсафаси билан ўзаро ҳамоҳанг.

    Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида, борингки, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида катта ўзгаришлар юз бераётганини кўриб, бу ислоҳотлар шиддатига ўрганиб ҳам қолдик. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали қайсидир соҳага оид бирор-бир ўзгариш ҳақида эшитяпмиз. Муҳими, юртдошларимизнинг қайсидир соҳага оид таклифлари, эътирозлари, муаммолар ҳақидаги мурожаатлари дарҳол юқори доираларда акс-садо бермоқда. Катта-катта лойиҳаларни муҳокама қилишда, бюджет маблағларини тақсимлашда, давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим лойиҳаларда халқимизнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари инобатга олинмоқда.

    Президентимизнинг давлатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини телевизорда тинглаб, матбуотда ўқиб, ўзимиз учун баъзи хулосалар чиқардик. Мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг кўлами ва моҳияти ҳақида муайян тушунчага эга бўлдик.

    Юз бераётган ислоҳот ва ўзгаришлар самарасини Сурхондарё вилояти мисолида кўрайлик. Илгари вилоятда биргина Термиз давлат университети мавжуд эди. Бу эса узоқ йиллардан буён кадрлар ва моддий-техник базанинг етишмаслигини вужудга келтирганди. Ваҳоланки, вилоят ёшлари орасида ўқишга талаб юқори, абитуриентлар бир ўринга бўладиган танловда мамлакатда доим биринчи эди. Айниқса, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар танқислиги яққол сезиларди.

    Президентимиз ташаббуси билан охирги беш йилда олтита олий ўқув муассасаси ташкил этилди. Илгари вилоятдаги ягона олий ўқув юртида 5-7 минг талаба ўқиган бўлса, ҳозир уларнинг сони 30 мингдан ошди. Эътиборлиси, янги ташкил этилган олий ўқув юртларида таълим жараёни замон талабалари даражасида, кредит-модул тизими асосида ташкил этилмоқда. Тажрибали устозлар кўмагида ёш мутахассислар илмий тадқиқот олиб бормоқда. Соҳага илмий-инновацион лойиҳалар, ишланмалар кенг татбиқ этилмоқда.

    Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасида вилоятнинг имконияти кенг бўлса-да, ҳали қониқарли даражада эмас. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш ҳамда кластерлар фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

    Бугун ушбу муаммоларни ҳал этиш, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасини янги босқичга кўтариш ҳамда соҳага илғор технология ва инновацияларни жорий этишда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти жамоаси ҳам ҳисса қўшмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 28 октябрдаги қарори асосида ташкил этилган институтда тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳудудларни ихтисослаштириш, экспортбоп ва даромадбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида инновацион ресурслар, тежамкор технологияларни ҳамда рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича самарали ишлар бажариляпти.

    Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда катта янгиланишлар кузатилмоқда. Бу каби ислоҳотлар Сурхондарё вилоятида ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, 2017 йилда етиштирилган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиймати 11 триллион 837 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 24 триллион 16 миллиард сўмга етди. 2017 йилга нисбатан 12,1 триллион сўмга ўсиш кузатилди.

    Кластер тизимининг жорий қилиниши қишлоқ хўжалигида туб бурилиш ясади. Бугун вилоятда 11 та пахта-тўқимачилик, 13 та ғаллачилик, 20 та мева-сабзавотчилик, 2 та шоличилик, 3 та қоракўлчилик, 5 та ипакчиликка ихтисослаштирилган кластер фаолият юритяпти.

    Биргина пахтачиликка эътибор қаратсак. Бундан беш йил илгари, яъни 2017 йилда 99,2 минг гектар майдонда пахта етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 24,9 центнерни ташкил этган, жами 247,3 минг тонна пахта хомашёси етиштирилган бўлса, 2021 йилда 72 минг 370 гектар пахта майдонидан 253,566 минг тонна ҳосил олинди. Биргина мисол: Узун туманидаги “Хўжамуродбобо набиралари” фермер хўжалиги ўтган йили гектаридан 45,6 центнер пахта олди.

    Вилоятда мева-сабзавотни қайта ишловчи 14 та корхона мавжуд бўлиб, йиллик қуввати 158 минг 300 тоннани, қайта ишлаш даражаси 12,8 фоизни ташкил қилади. Жорий йилда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 7 минг 800 тонна бўлган мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича янгидан 9 та корхонани ишга тушириш бўйича ишлар бажарилмоқда. Лойиҳалар амалга ошиши натижасида 102 та янги иш ўрни яратилади ҳамда қайта ишлаш даражаси 13,5 фоизга етказилади.

    Халқимизни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш муҳим ҳаётий аҳамиятга эга. Чунки одамларнинг кундалик турмуш тарзидан ишлаб чиқариш корхоналаригача электр энергияси сув ва ҳаводек зарур. Шуни инобатга олган ҳолда вилоятда 457 мВтлик қуёш фотоэлектр станцияси қуриш учун 601 гектар ер ажратилган. Ушбу йирик лойиҳага Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси 260 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилган. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.

    Президентимиз давлатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида халқимизнинг тоза ичимлик сувга эҳтиёжини қондириш масаласида сўз юритаркан, жумладан, шундай деди: “...Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласи доимо диққатимиз марказида бўлади. Соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади. Шу билан бирга, муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувини етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурларни амалга оширамиз”.

    Бу йўналишда воҳанинг 1,7 миллион аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашга хизмат қилувчи ташаббуслардан бири — “Тўпаланг” сув омборидан магистраль қувур тортиш лойиҳасини таъкидлаш ўринли. Лойиҳанинг қиймати 138 миллион АҚШ доллари деб баҳоланиб, 361 километр қувур ётқизишни назарда тутади. Дойиҳа рўёби натижасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳри аҳолисининг сув таъминоти яхшиланади. Ҳозир вилоят аҳолисининг тоза ичимлик сув билан таминланганлик даражаси 46 фоизни ташкил этади, холос. Сўнгги йилларда тоза ичимлик сув танқислиги сабабли аҳоли орасида турли касалликлар кўпайгани ҳисобга олинса, мазкур лойиҳанинг сурхондарёликлар жуда аҳамиятли эканини кўринади.

    “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида вилоятда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бугун воҳадаги қишлоқ, маҳалла ва овулларни айланар экансиз, ҳудуд инфратузилмаси тубдан ўзгарганига гувоҳ бўласиз. Ушбу дастурларда аҳолини тоза ичимлик сув билин таъминлаш, кўчаларга шағал ва асфальт ётқизиш ҳамда электр таъминоти билан боғлиқ бўлган масалалар бирламчи вазифа қилиб белгиланган.

    Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси лавозимларининг жорий этилиши жойлардаги муаммоларни янада самарали ҳал этишда катта аҳамият касб этмоқда. Бу бўғин орқали маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакиллари билан аниқ ва мақсадли ишлаш механизми яратилди.

    Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, уларга муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотларнинг мазмуни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури моҳиятини ўзида акс эттирмоқда.

    Улкан ўзгаришларга юз тутаётган воҳа барча соҳаларда ташаббускор ва илғор бўлишга ҳаракат қилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи мавсуми учун овоз бериш жараёнида мамлакатимиз бўйича юборилган 61 минг 556 та овознинг 22 фоизи, овоз бериш жараёнида қатнашган энг фаол ўттизта маҳалладан ўн еттитаси вилоятимиз ҳиссасига тўғри келгани ҳам юқоридаги фикримизнинг далилидир.

    Нафсиламрини айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами ва даражаси мана шундай рақамларда, таққослашларда кўзга ташланади. Бугунги таҳликали ва мураккаб даврда давлатимиз учун истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва уларга ресурслар топиш осон бўлмаяпти. Шунга қарамай, юртимиз ободлиги, тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, миллатлараро тотувлик йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Янги Ўзбекистоннинг салмоқли ютуқларга эришиши, улкан марраларни забт этишида халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлиги асосий мезон бўлмоқда.

    Абдуғаффор ЖЎРАЕВ,

    Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш

    институти ректори вазифасини бажарувчи,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates