Юзлаб фуқаролар ҳуқуқлари тикланди

    Мамлакатимизда 7 ноябр 2023 687

    Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги оммавий қабуллари Самарқанд вилоятида ташкил этилди.

    Қабуллар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тойлоқ ва Пайариқ туманларида ўтказилиб, мулоқотлар давомида суд-ҳуқуқ масалаларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим изланди, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

    Хусусан, вилоят судлари томонидан ўтказилган қабуллар давомида 142 нафар фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 105 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 25 таси жойида ижобий ҳал этилиб, 12 та шикоят ва аризалар қонуний кўриб учун қабул қилинди.

    Қабуллар давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ўтказилган сайёр тартибдаги суд жараёнларида тақдимнома ва илтимосномалар асосида озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 70 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 19 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

    Вилоят прокуратура органлари томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди. Каттақўрғон шаҳри ҳамда Тойлоқ туманида ўтказилган сайёр қабулда 50 нафардан ортиқ фуқаролар йиллар давомида ўзини қийнаб келаётган алимент ундириш, кредит тўлови, фирибгарлик, ишсизлик, оилавий келишмовчилик, суд қароридан норозилик каби масалалар бўйича масъулларга мурожаат этишди.

    Масалан, Паст Дарғом тумани “Эски Жума” маҳалласида яшовчи Зарифа Қўлдошева ипотека кредити олиб, айни пайтда ишсизлиги туфайли уни тўлай олмаётгани, уйи эса онлайн аукцион савдога чиқариб юборилгани, қолаверса, Россия Федерацияга чиқиб кетган собиқ турмуш ўртоғи алимент тўловини амалга оширмаётганидан шикоят қилиб, муаммоларига қонуний ечим топишда амалий ёрдам суради.

    Зарифа Қўлдошеванинг мурожаати батафсил ўрганилди ва унинг қарздорлигини тўлашда, алиментини ундириб беришда, ўзини эса ишга жойлаштиришда амалий ёрдам бериладиган бўлди.

    Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Муҳаррам Тожиева ва Нигора Ариповалар эса тижорат банкидан тикув машинаси сотиб олиш учун олган кредит маблағларини нақдлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатгани боис уларнинг бу ҳатти-ҳаракати судда кўриб чиқилган. Улар томонидан кредит маблағлари тўловлари тўланганлиги сабаб жиноят ишининг уларга тегишли бўлган қисмини тугатишни сўраб прокуратура масъулларига мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати қаноатлантирилди.

    Ички ишлар идоралари масъуллари билан мулоқотларда фуқароларни қийнаб келаётган суриштирув ва тергов, ишга тиклаш ва кириш, ходимларнинг ноўрин ҳатти-ҳаракатидан норозилик каби кўплаб масалаларга ечим топилди.

    Масалан, Рустам Янгибоев ички ишлар бошқармаси бошлиғига автомашина олди-сотдиси бўйича муаммоли ҳолатга қонуний ечим топишда кўмак сўраган бўлса, Дилафрўз Одилова ҳимоя ордери олиш, Зокир Турсунов эса муддатидан олдин пробация назоратидан чиқариш юзасидан мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат ўрганилиб, улар қонуний ҳал этиладиган бўлди.

    Адлия идоралари масъулларининг фуқаролар учун ўтказган қабуллари давомида эса бандлик, тадбиркорлик, ер-мулк, уй-жой, солик туловлари ҳамда никоҳни қайд этиш билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушди.

    Масалан, Обид Жўраев ва Зоҳид Очилов узоқ йиллар мобайнида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари, ишдан ноқонуний бўшатилгани, Ҳафиза Рўзиева 16 йилдан бери ижарада яшаши, фарзандларига алимент ундира олмаётгани, ижтимоий уй олишда ёрдам беришни, Розия Норматова ноқонуний қурилиш билан боғлиқ муаммо юзасидан, Хурнисо Эралиева эса ҳомиладорлик туғруқ таътилидан қайтгач ишга тикланмаётганидан норози бўлиб ёрдам сўради. Барча масалалар масъуллар иштирокида ўрганилди ва ечим топилди.

    Самарқанд вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда солиқ, божхона идоралари масулларига келиб тушган мурожаатлар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, фуқаролардан асосан тадбиркорлик фаолиятига рухсат олиш, маҳсулотлар экспорти, солиқ қарздорликларини тўлаш масалаларидан мурожаатлар келиб тушди.

    Айтайлик, Пастдарғом туманинг “Юқори Боғонали” МФЙда яшовчи бир неча нафар фуқаро солиқ тўловлари бўйича муаммо юзага келганлиги ва уни қонуний ҳал этилиши учун вилоят солиқ бошқармаси раҳбарига мурожаат этди. Ушбу масала ўрганилиб, муаммо шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

    Самарқанд вилоятида суд-хуқуқ масалалари бўйича ўтказилган мулоқотлар давомида 519 нафар фуқароларнинг 533 та масаласи кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 137 таси жойида ҳал этилди, 217 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 179 та мурожаатни қўшимча ўрганиш учун вақт талаб этилганлиги сабабли кўриб чиқилиши назоратга олинди.