“Зарафшон” миллий табиат боғи муҳофазаси кучайтирилади

    Яшил сайёра 12 август 2022 682

    2022 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Зарафшон” миллий табиат боғини Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига ўтказиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.

    Ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Давлат экология қўмитасининг Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тўра Холиқов билан суҳбатлашдик.

    — “Зарафшон” миллий табиат боғи Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманлари ҳудудида, собиқ “Зарафшон” давлат қўриқхонаси негизида Зарафшон дарёси қирғоқбўйи зонасидаги тўқайзорларни муҳофаза қилиш мақсадида ташкил қилинган, — дейди Т.Холиқов. — Майдони 2426,2 гектар бўлган ушбу миллий табиат боғи шу кунга қадар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида фаолият юритиб келаётган эди.

    Кейинги вақтларда Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуни талабларининг бузилишига йўл қўйилгани, Зарафшон дарёси соҳилларида жойлашган тўқайзорларга инсон хўжалик фаолияти таъсири кескин кучайганини инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан миллий табиат боғ фаолиятини такомиллаштириш, табиат боғи ҳудудида мавжуд табиий объект ва ландшафтларни муҳофаза қилиш, рекреацион зонада экотуристик мақсадларда фойдаланишни қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, миллий табиат боғнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва бошқа заруриятлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Қолаверса, “Зарафшон” миллий табиат боғининг давлат томонидан бошқариш тизими самарадорлигини ошириш, уларни янада ривожлантириш, экотизимлар биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, шунингдек, миллий табиат боғидаги реликт ва ноёб тўқайзор ўрмонлар, табиий мажмуаларни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, табиий объект ва мажмуалардан қонунчилик талаблари асосида фойдаланишни таъминлаш ҳам шулар жумласига киради.

    — Давлат экология қўмитаси томонидан эндиликда қандай ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда?

    — Давлат экология қўмитаси томонидан уч ой муддатда миллий табиат боғининг низоми ишлаб чиқилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Келгусида ушбу табиат боғида Зарафшон дарёси ўзани ва қирғоқбўйи зонасида жойлашган реликт тўқайзорлар табиий мажмуаси, ноёб ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилишни яхшилаш, табиат боғи ҳудудида қонунчилик талаблари асосида зоналаштирилишнинг ўтказилиши, рекреация ва хўжалик мақсадларида фойдаланиладиган зоналари ҳудудида табиий мажмуа ва объектларга салбий таъсир этмайдиган хўжалик юритиш шаклларини амалга ошириш, ҳудуднинг табиий объект ва мажмуаларига инсон хўжалик фаолиятининг салбий таъсирини камайтиришга эришиш, Зарафшон дарёси ўзанидаги ноқонуний хўжалик фаолиятига барҳам бериш, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушларни ҳамда ўсимлик турларини, у ерлардаги ландшафтларни муҳофаза қилишни янги даражага олиб чиқиш ва чора-тадбирлар давомида “Зарафшон” миллий табиат боғи фаолияти мисолида инсон ва табиат уйғунлигини таъминлашга эришиш кўзда тутилган.

    Шу билан бир қаторда “Зарафшон” миллий табиат боғида муҳофаза ишларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, жумладан, кузатиш камералари ва дронлардан фойдаланиш тизимидан фойдаланиш лойиҳаси ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий қилинади.

    — Мазкур мақсадга эришиш учун қандай вазифалар бажарилади?

    — Мазкур қарорга кўра икки ой муддатда қабул қилиш-топшириш комиссияси томонидан “Зарафшон” миллий табиат боғининг барча мол-мулки ва бошқа объектларини, шу жумладан, унинг питомнигидаги ҳайвонларини хатловдан ўтказиш, миллий табиат боғини штат бирликлари ва моддий-техник базаси билан бирга ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда белгиланган тартибда Давлат экология қўмитасига қабул қилиниши-топширилишини таъминлаш топшириғи белгиланди.

    Давлат экология қўмитасига 2022 йил якунига қадар “Зарафшон” миллий табиат боғи ҳудудини қонунчилик талаблари асосида унинг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналари чегараларининг белгиланиши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда табиий объектлар мониторинги юритилиши ва илмий-тадқиқот ишларининг ташкил этилиши, миллий табиат боғининг моддий-техник таъминотини яхшилаш чоралари кўрилиши ва бошқа вазифаларни амалга ошириш топширилди.

    Шу билан бирга, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Қизил Китобига ва Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига йўқ бўлиб кетаётган, локал тарқалган кенжа тур мақоми билан киритилган Бухоро буғулари учун яшаш жойларини яхлит сақлаш, дарёда сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқларидаги тўқайзорларга бўлаётган салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида миллий табиат боғи ҳудудини кенгайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритилиши ҳам белгиланди.

    Қарор ижросининг амалга оширилиши натижасида "Зарафшон" миллий табиат боғи ҳудудида қонунчилик талабларига риоя этилиши таъминланади, экотарғибот ишлари кучайтирилади, табиий объектлар мониторинги ва илмий-тадқиқотлар юритилиши таъминланиб, мамлакатимизнинг ноёб тўқайзор ўрмонлари ва у ердаги ноёб ҳайвонлар муҳофазаси яхшиланади.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates