Ўзбекистон Президенти ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Остона шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

    Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мухбир, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий акслитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

    Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди, ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Ўзбекистон раҳбари саммит иштирокчиларини қутлар экан, Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги натижаларини юқори баҳолади, шунингдек, Беларусни ташкилотга аъзо бўлгани билан самимий табриклади.

    Мамлакатимиз етакчиси ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтаётганини қайд этди.

    Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва рақобат ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда.

    - Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Шу нуқтаи назардан, Президентимиз "Шанхай руҳи"нинг асосий тамойилларига - ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат, блоклардан холи мақомни сақлаб қолиш, қарорлар қабул қилишда консенсус принципига қатъий амал қилишни давом эттиришга чақирди.

    Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, бугунги воқеликда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир. "Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур", деди Шавкат Мирзиёев.

    ШҲТ мамлакатларининг улкан ривожланиш салоҳиятини рўёбга чиқариш учун иқтисодий шерикликнинг янги моделини шакллантириш ва барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

    Ўзбекистон раҳбари ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида сўз юритар экан, қуйидагиларга эътибор қаратди.

    Глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизликни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда.

    Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббусини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

    Давлатимиз раҳбари мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини қабул қилишга чақирди.

    Иқтисодий йўналишда стратегик юксалишга эришиш учун ташкилот доирасида савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битимни, амалдаги рақамли савдо платформаларини интеграция қилган ҳолда электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

    Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш доирасида ўзаро инвестицияларни, энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологик тармоқлари ва хизматлар соҳасига жалб қилишни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

    Бундай лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш, жумладан, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини таъсис этиш масаласини кўриб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

    Ўзбекистон етакчиси ШҲТ мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантиришга хизмат қиладиган "Шарқ-Ғарб" ва "Шимол-Жануб" йўналишларида инклюзив транспорт тизимини шакллантириш зарурлигига эътибор қаратди.

    - Транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир, - деди Президент.

    Давлатимиз раҳбари, шунингдек, логистика тартиб-таомилларини рақамлаштириш, жумладан, ШҲТ мамлакатлари чегаралари орқали олиб ўтилаётган товарлар тўғрисида электрон маълумотлар алмашинувини ташкил этиш режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

    Ташкилот маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида қайта тикланадиган энергетикага инвестициялар ва технологияларни жалб қилишни рағбатлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик режасини тайёрлаш ташаббуси билдирилди.

    Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз рақобатбардошлигини таъминлашда рақамли иқтисодиётга ўтиш, "сунъий интеллект" ва илғор IT-ечимларни жорий этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан ушбу соҳада билим ва илғор тажриба алмашиш имконини берадиган "ШҲТ келажак технологиялари" дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.

    Ўзбекистон Президенти ШҲТ мамлакатлари ўртасида ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.

    Аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлиши таъкидланди.

    Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган “ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи” қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Бунга БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экспертларини жалб этиш таклиф этилди.

    Минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари замонавий хавф ва хатарларга қарши курашишда мамлакатларимиз ваколатли органлари фаолиятини яқиндан мувофиқлаштиришни, шу жумладан, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси йўналишида давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

    Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталди.

    Президентимиз Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти билан муносабат ўрнатиш борасидаги ёндашувлар турли эканини қайд этиб, Кобул билан бутун минтақанинг хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиёти манфаатларига жавоб берадиган мулоқотни давом эттиришга чақирди. Шу маънода, “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳининг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклиф ҳамон долзарб бўлиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

    Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ХХР Раиси Си Цзиньпинни Хитой Халқ Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик миссиясини қабул қилгани билан табриклади.

    Йиғилиш якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Хусусан, Остона декларацияси ва ҳамкорликнинг турли соҳаларида шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ШҲТ давлат раҳбарлари томонидан Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик режаси ҳамда Давлат раҳбарлари кенгашининг Яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик тамойиллари тўғрисидаги баёноти тасдиқланди.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates