Сайлов — демократия кўзгуси, деймиз. Бу жараён орқали ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишлари бошқарувида бевосита қатнашади ҳамда мамлакат тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этади. сайловлар халқнинг давлат ҳокимияти билан алоқасини кўрсатиб туради.
Шу боис, фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқимиз иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топди.
Айниқса, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланди. Хусусан, сайлов органларининг вертикал тизимини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси зиммасига нафақат Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ёки парламентга сайловни, балки халқ депутатлари кенгашларига сайловларни ҳам ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилди.
Қолаверса, давлат бошқарувида меритократия тамойилларини татбиқ этиш учун айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссияси раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бундан ташқари, мамлакат ҳаётида сиёсий партиялар ролини ҳамда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан, уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларни кўзлаб иштирок этишини таъминлаш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи анчадан бери илгари суриб келинмоқда.
Бундай сайлов тизимида партиялар муҳим ўрин тутади. Улар аҳоли билан муносабатларининг таъсирчан ва самарадор бўлишига интилади. Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади. Бу эса жамиятимизда сиёсий плюрализм бўлишини таъминлайди.
Шу боис, мамлакатимизда сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан, аввало, сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилди. Жумладан, биринчидан:
а) сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинди. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади. Қонунчилик палатасининг 75 депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланди;
б) гендер тенгликни таъминлаш учун партия рўйхатида ҳам худди мажоритар тизимдагидек номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилди;
в) агар пропорционал тизим асосида шакллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса, тегишли партия рўйхатидаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан тўлдирилиши белгиланди;
г) ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўринларига эга бўлиши тасдиқланди;
д) ягона сайлов округи бўйича сайловчилар овози асосида депутатлик ўринларини партиялар ўртасида тақсимлашнинг аниқ тартиби ўрнатилди. Бунда пропорционал сайлов тизимида етти фоизлик чегарадан ўтган партияларга ёқлаб берилган умумий овозлар сони 75 та депутатлик ўрнига бўлинади ва ундан чиққан рақам сайлов коэффициенти ҳисобланади. Сўнг ҳар бир партияга ёқлаб берилган овозлар сони мана шу сайлов коэффициентига бўлинади. Ундан чиққан сон эса ҳар бир партияга бериладиган депутатлик ўрнига тенг бўлади.
Иккинчидан, Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан, “Марказий сайлов комиссияси — ҳудудий сайлов комиссияси — туман ва шаҳар сайлов комиссия си — округ сайлов комиссияси — участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилди. Бунда:
а) вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайлов комиссиялари ўрнида ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши назарда тутилди;
б) сайлов комиссияларининг профессионал ишлашини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача аъзосининг доимий фаолият юритиши белгиланди;
в) сайлов комиссияси аъзоларининг ижтимоий кафолати кучайтирилди. Хусусан, сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки улар розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Учинчидан, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови натижаларини белгилаш тартиби такомиллаштирилди. Илгариги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланар эди, яъни мутлақ кўпчилик овоз талаб этиларди. Ушбу талаб Президент сайловларига нисбатан тўғри қўлланган бўлиб, бундан мақсад сайлов ҳуқуқига эга мамлакат аҳолисининг мутлақ кўпчилиги танлаган шахсгина Президент лавозимига муносиб кўрилади. Бундай амалиёт аксарият хорижий мамлакатларда ҳам мавжуд.
Шу билан бирга, бир нечта сайлов округидан сайланадиган депутатликка номзодларга нисбатан бу каби қоидани қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд эди. Чунончи, бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланмас экан, ўша ҳудуддаги нисбатан кўпчиликнинг фикри ва хоҳиш-истаги амалга ошмай қолади. Шу сабабли бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланди. Яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилди.
Тўртинчидан, сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган қоидалар киритилди. Жумладан:
а) маълумки, партия рўйхати асосида сайланган депутатлар муайян сайлов округига эга бўлмайди. Бундай депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатларни шакллантириш учун асосий масъулият сиёсий партиялар фракцияси зиммасида бўлади. Шунга мувофиқ, қонунда партия рўйхати асосида сайланган депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси тегишинча сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланиши мустаҳкамланди;
б) таклиф этилаётган пропорционал сайлов тизимида сиёсий партиялар сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини олган тақдирда уларга депутатлик ўринлари берилиши назарда тутилган. Шунга мос равишда ҳамда кўппартиявийлик тамойилига содиқ қолган ҳолда кам овоз тўплаган партияларга ҳам имконият бериш мақсадида Қонунчилик палатасида фракция тузиши мумкин бўлган депутатлар сони тўққиз нафардан беш нафарга туширилди.
Бешинчидан, сайлов комиссияларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Хусусан:
а) Конституцияга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси ваколатларига қўшимча равишда маҳаллий кенгашлар сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масаласи киритилди. Шунингдек, ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш, янги ташкил этилган вилоят кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузиш ва бошқалар киритилди;
б) илгариги Сайлов кодексида туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатлари санаб ўтилмаган эди. Шу сабабли Сайлов кодекси янги 20/1-модда билан тўлдирилиб, унда туман, шаҳар сайлов комиссияси:
— халқ депутатлари туман, шаҳар кенгаши сайлов округларини тузиш;
— халқ депутатлари туман, шаҳар кенгаши депутатлигига номзодларни ҳамда уларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш;
— тегишли сайлов округлари бўйича сайлов натижаларини аниқлаш;
— халқ депутатлари туман, шаҳар кенгаши депутатларига гувоҳнома ва кўкрак нишонини бериш ҳамда бошқа ваколатларга эга экани санаб ўтилди.
Умуман, янги сайлов тизими парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди ҳамда ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини, сиёсий жараёнларга аҳолининг кенг иштирокини оширади.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати